28.06.2014

ЙЎЛ ҚУРИЛИШИ, ЙЎЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ, ЙЎЛЛАРНИ АСРАШ

долзарб масала

Ота-боболаримиз азалдан йўлга алоҳида аҳамият бериб яшаган. Уй-жой қуриш, бирон манзилни обод этиш аввало йўл солишдан, уни равон ва хавфсиз қилишдан бошланган. Қишлоғу шаҳарларнинг обод­лиги, у ерда яшаётган одамларнинг бунёдкорлиги, турмуш маданияти ҳақида йўлларнинг ҳолатига қараб ҳам хулоса чиқарилган. Халқимиз йўл, кўприк қурган, уни созлаган, обод қилганларга ҳар доим катта ҳурмат кўрсатган.

Маълумотларга кўра, мам­лакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юкларнинг 80 фоизи, йўловчи ташиш хизматининг 85 фоизи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келади. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, ҳаётимизда йўлнинг қанчалик аҳамиятли экани янада равшан бўлади.

Ҳозирги кунда мамлакати­миздаги автомобиль йўллари тармоғининг умумий узун­лиги — 184 минг километр. Шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 42654 км., хўжаликлар­аро қишлоқ автомобиль йўл­лари 67274 км., шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари йўллари 61664 км., корхоналарга қарашли йўллар 5462 км., идоравий инспекторлик йўллари 6631 км.ни ташкил этади. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг узунлиги юртимиздаги умумий автомобиль йўлларининг 70 фоизини ташкил қилади. Иқтисодиётда хом­ашё, маҳсулот ва бошқа ресурслар алмашинувида, фуқароларнинг бир манзилдан бошқа манзилга эркин ҳаракат қилишида ана шу йўллар муҳим ўрин тутади. Уларнинг созлиги, талаб даражасида сақланиши катта аҳамиятга эгалиги ўз-ўзидан аён.

«Автомобиль йўллари тўғ­рисида»ги Қонуннинг 7-мод­дасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бундай автомобиль йўлларини қуриши, реконструкция қи­лиши, таъмирлашни таъминлаши, шаҳарлар ва бош­қа аҳоли пунктларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиши, кў­чаларнинг ҳисобини юритиши белгиланган. Мазкур Қо­нуннинг 13-моддасига кўра, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, шунингдек, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини молиялаштириш маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилади.

Одамнинг қандай кайфиятда бўлиши, ўзини қандай тутиши, ишчанлик қобилия­ти қай даражада рўёбга чиқиши бошқа омиллар қаторида у ҳар куни юрадиган йўл­ларга ҳам боғлиқ. Йўл­лар нафақат мамлакат, балки вилоят, туман, ҳатто қиш­лоқ иқ­тисодиётининг қон томирлари ҳисобланади. Тасаввур қилиб кўринг, республикамиздаги катта-кичик йўлларда бир кеча-кундузда қанча юк уёқдан-буёққа ўтади. Бир ҳафтада, ҳар ой­да, бир йилда-чи?.. Бузуқ йўл­да юрган автоуловнинг техник ҳолатига қанча зарар ета­ди, ҳайдовчи ёки йўловчиларнинг ҳаётига хавф даражаси ҳам шунга яраша ортиб боради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси «Автомобиль йўл­лари тўғрисида»ги Қонуннинг 7-, 13-моддалари ижросини Андижон, Самар­қанд ва Тошкент вилоятларида назорат-таҳлил тартибида ўрганиб чиқди. Яқинда қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида унинг натижалари мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида кўриб чиқилди. Бажарилган ишлар эътироф этилган ҳолда, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Алишер СОДИҚОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз аҳолига қулай турмуш шароити яратиб берилиши ҳамда иқтисодиёт ривожида автомобиль йўлларининг тутган аҳамиятини ҳисобга олиб, бундай йўлларни таъмирлаш, сақлаш, сифатини ошириб бориш муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. Мус­тақиллик йилларида бу борадаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳани жадал тараққий эттириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганини эътироф этади.

Ўрганиш даврида 2012-2013 йиллар давомида шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларининг йўлларини, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш борасида олиб борилган ишлар, ажратилган маблағлар миқдори ва уларнинг ўзлаштирилиши таҳлил этилди.

Аввало, уч вилоятда ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амал­га ошириб келинаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳар йили маҳаллий давлат бюджетидан маблағ ажратилиб, йўл­лар режа асосида таъмирланаяпти. Маълумотларга қараганда, 2013 йилда Андижон вилояти маҳаллий бюджетидан бунинг учун 7 млрд. 479 млн. сўм маблағ молиялаштирилган, 83,8 км. йўллар мукаммал таъмирланган. Самарқанд вилоятида 78,1 км. хўжаликлараро ички йўлларни таъмирлашга бюджет ҳисобидан 5 млрд. 733,8 млн. сўм ажратилган ва унинг 81 фоизи ўзлаштирилган. Белгиланган йўлнинг 70 фоизи таъмирланган. Тошкент вилоятидаги ички йўлларни таъмирлашга манзилли дас­турга асосан маҳаллий бюджет маблағларидан 12 млрд. 16,8 млн. сўм ажратил­ган. Шу­нинг ҳисобига 102,9 км. йўл тўлиқ ва жорий таъмирдан чиқарилган.

Лекин Қонуннинг 7-, 13-моддалари ижроси бўйича ечимини кутаётган, эътибор ва масъулият кучайтирилишини талаб этаётган масалалар оз эмас.

Йўл қуриш, уни сифатли таъмирлашда энг муҳим маҳсулот нефть-битум ҳи­собланади. Бу маҳсулотнинг етишмаслиги, турли сабаблар билан вақтида етказиб берилмаслиги ёки уни куз-қиш мавсумига захира қи­лиш муаммолари ишнинг кўлами ва сифатига салбий таъсир этмоқда.

Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги на­зорат-таҳлил жараёнида бир хил, тизим билан боғлиқ кам­чиликларга ҳам дуч келинди. Вилоятларда ички йўл­ларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашнинг сифати бўйича самарали назорат механизми яратилмаган.

Қўмита йиғилишида шаҳарлар ва бошқа аҳоли пункт­ларининг кўчаларини лойиҳалашда меъёр ҳамда стандартларга тўлиқ риоя этилиши, кўчаларнинг ҳисо­бини юритиш, автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш, сақлашга ихтисослашган корхоналар фаолиятини унумли йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Факт ва рақамлар асосидаги хулосалардан келиб чиқиб, ҳокимликлар ҳамда мутасадди ташкилотларга тегишли таклиф, тавсиялар берилди.

Равон йўлда юрган автоулов йўловчини қанча вақт­да манзилига етказади-ю, сифати талаб даражасида бўлмаган йўлда юрган йў­ловчи қанча вақт йўқотади? Биров ўн дақиқа, биров йигирма, биров салкам бир соат, яна биров балки ундан ҳам кўпроқ. Шуларнинг ҳаммаси қўшилса, катта вақт бўлади. Йўловчиларнинг сони, йўлнинг масофаси ва сифатига қараб бу вақт янада ўсиши ёки қисқариши мумкин. Охир-оқи­бат, барибир, ҳамма гап му­тасаддиларнинг масъулиятига, инсон вақтини қадрлаб, ишни унумли ташкил қилишига боғлиқ бўлиб қолаверади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.