28.06.2014

Тўкинлик ва фаровонлик асоси – тинчлик ва осойишталикдир

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 26-27 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига сафарининг иккинчи куни Қува туманидаги “Роҳатой” фермер хўжалиги далаларига ташриф буюрди.

Фарғоналик дехқонлар бу йил 112 минг 500 гектар майдонда ғалладан мўл ҳосил етиштирди. Шу кунларда ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда. Олтиариқ туманидаги «Нурли обод», Бувайда туманидаги «Патилахон», Ёзёвон туманидаги «Тўхтасин - 2000», Учкўприк туманидаги «Марварид гул ифори», Тошлоқ туманидаги «Луқмонов» фермер хўжаликлари бу борада алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.

Президентимиз Фарғона шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари халқимиз манфаати йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва унинг самараларига ёрқин мисол эканини, бундай бунёдкорлик одамларимиз кўнглини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашини таъкидлади. 

Ислом Каримов ташаббуси билан Фарғона шаҳрининг маркази яратилди. Шаҳар атрофида кичик ҳалқа йўли барпо этилди. Йўл бўйларига ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар экилди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун янада кенг қулайлик яратмоқда. 

Юртбошимиз фермерлар ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан мулоқотда фермерлик ҳаракатининг самаралари, уни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида тўхталди. 

– Бир пайтлар халқимиз эҳтиёжи учун зарур бўлган ғалланинг асосий қисмини бошқа давлатлардан олиб келар эдик, – деди Президентимиз. – Фермерлик ҳаракатининг йўлга қўйилгани, уларга керакли шароит ва кенг имкониятлар яратиб берилгани туфайли Ўзбекистон қисқа вақтда ғалла мустақиллигига эришди. Дастлабки йилларда фермерларимиз хорижий давлатларга бориб, тажриба орттириб келган бўлса, энди чет элликлар келиб биздан ўрганиб кетмоқда. Тошкентда ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этган 200 дан ортиқ хорижлик олимлар, мутахассислар мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида эришилаётган ютуқларни ўрганиш, хусусан, фермерларимиз билан тажриба алмашиш ниятида эканини билдирди. Булар ҳаммамизни қувонтиради, ғуруримизга ғурур қўшади. 

Авазбек Тешабоев раҳбарлик қилаётган “Роҳатой” фермер хўжалиги аъзолари 349 гектардан ортиқ майдонда пахта ва ғалла етиштираётир. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари учун яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, бу ерда балиқчилик ташкил этилган. 200 тонна ҳажмдаги музлатгич омбор барпо этилиб, мева-сабзавотларни сифатли сақлаш йўлга қўйилган. 

Бу йил мамлакатимизда ғалладан мўл ҳосил етиштирилди. Бу, авваламбор, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги туфайлидир. Тинчлик бўлган жойда мана шундай мўл-кўлчилик, фаровонлик бўлади, одамлар ўз мақсадларини рўёбга чиқаради. Бу неъматларнинг барқарорлигини таъминлаш учун танлаган йўлимизда собитқадам туриб, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асрашимиз, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз даркор, деди Президентимиз. 

Ислом Каримов фермерлик ҳаракатининг истиқболи ҳақида сўз юритар экан, фермерлар қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳал қилувчи кучи бўлиши лозимлигини таъкидлади.

– Фермерлик ҳаракати ҳақида гапирганда, мен илгари айтган бир фикрни яна бир бор такрорлашни ўринли деб ўйлайман. Фермер нафақат деҳқончилик сирларини пухта билиши, айни пайтда у иқтисодчи, ҳисобчи, менежер, селекционер, бизнесмен, керак бўлса, дипломат бўлмоғи зарур. Бугунги ҳаёт олдимизга қўяётган янги-янги вазифаларни яхши билиши, одамларнинг, айниқса, қишлоқ аҳлининг турмуш даражасини янада яхшилаш, юртимизни бундан-да обод қилишда фаол иштирок этиши керак, – деди Президентимиз.

“Клаас” комбайни бошқарувчиси Дилшод Ҳотамов германияликлар билан ҳамкорликда юртимизда ишлаб чиқарилаётган ушбу комбайннинг иш унумдорлиги, ҳосилни нобуд қилмаслиги, бошқаришдаги қулайликлари ҳақида гапирди. Ўз ишидан, ҳаётидан мамнунлигини, эртанги кунидан кўнгли тўқлигини таъкидлади. 

Ҳар бир инсон ўзига оилам мендан розими, дея савол бериб туриши керак. Чунки бахтнинг асосий омили – бу оила. Оилалар бахтли бўлса, жамият ҳам бахтли бўлади, деди Юртбошимиз. 

“Роҳатой” фермер хўжалиги раҳбари Авазбек Тешабоев, Фурқат туманидаги “Шабода-Н” фермер хўжалиги раҳбари Нурали Ғаниев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ҳар соҳада намоён бўлаётгани, давлатимизнинг халқаро нуфузи, одамларнинг турмуш тарзи тобора юксалиб бораётганини таъкидлади. 
ЎзА


DB query error.
Please try later.