28.06.2014

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига

Қадрли дўстлар!

Аввало, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида жонкуярлик ва жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилаётган сиз, азиз журналистлар, радио ва телевидение, нашриёт ва матбаа соҳаси ходимларига ўзимнинг чуқур ҳурматимни билдириб, сизларни бугунги касб байрамингиз билан миллионлаб мухлисларингиз, бутун эл-юртимиз қатори чин қалбимдан табриклашга ижозат бергайсиз.

Шу хурсандчилик кунда барча-барчангизни самимий қутлар эканман, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Адолат ва озодлик дастурингиз ва раҳбарингиз бўлсин. Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир”, деб айтган чуқур маъноли даъвати халқимизнинг фидойи фарзандларига, авваламбор, ҳамиша эл-юрт ташвиши ва манфаати билан ёниб яшайдиган сиз, матбуот аҳлига қаратилган, десам, ўйлайманки, кўпчилик жамоатчилигимизнинг фикрини ифода этган бўламан.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳаммамизга маълум, бугунги кунда жаҳон миқёсидаги глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари замони, қолаверса, бошимиздан кечираётган ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган, тобора кучайиб бораётган талабларни ҳисобга олмасак, шиддатли давр билан ҳамқадам бўлиб яшамасак, ўз-ўзидан аёнки, стратегик мақсад ва вазифаларимизни амалга оширишимиз, тараққий топган замонавий демократик давлатлар қаторига киришимиз гумон бўлиб қолади.

Бу юксак талабни барчамиз, биринчи навбатда доимо жамиятнинг олдинги сафларида бўлиб келаётган сиз, матбуот аҳли яхши тушунасиз, англайсиз, деб биламан.

Айни шу талабни инобатга олган ҳолда, кейинги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини, уларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, медиа тармоқларининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янгилаш, техник ва технологик модернизация қилиш, журналист касбининг ижтимоий мақоми ва нуфузини кўтариш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлида, айтиш мумкинки, катта ишлар амалга оширилди.

Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида қандай муҳим дастур ва тадбирлар амалга оширилаётгани сизларга яхши маълум, албатта. Хусусан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш бўйича оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини оширишда янги, юксак босқич бўлди, десак, янглишмаган бўламиз.

Бу борада айрим мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, жамият ҳаётининг кўзгуси бўлган ушбу соҳани ривожлантириш бўйича сўнгги йилларда катта амалий қадамлар қўйганимиз яққол аён бўлади.

Бугунги кунда юртимизда 1400 га яқин оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг орасида анъанавий ахборот воситалари бўлмиш газета-журналлар, теле ва радиоканаллар билан бирга энг замонавий ва илғор медиа тармоқлари – рақамли ва мобиль телевидение, интернет-телевидение, интернет-радио, умуман, интернет журналистикаси миллий ахборот майдонида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон телеканалларининг дастурлари глобал тармоқ орқали реал вақт режимида дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида кейинги пайтда ташкил этилган “Маданият ва маърифат”, “Дунё бўйлаб”, “Болажон” телеканаллари қаторида “Диёр”, “Оилавий”, “Кинотеатр”, “Наво” каби янги телеканаллар халқимизнинг илмий-маърифий, маънавий-маданий савиясини юксалтириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришга бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида ўз фаолиятини такомиллаштириб бораётгани эътиборга лойиқ.

Оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа корхоналари, матбуот тарқатувчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Президент қарорига биноан улар учун яратилган имтиёз ва преференциялар мазкур тузилмаларнинг мустақиллигини сўзда эмас, амалда таъминлашда қулай молиявий шароит туғдириб, ушбу соҳада меҳнат қилаётган минг-минглаб ишчи ва ходимларнинг даромадини, моддий фаровонлигини ошириш билан бирга бошқа бир қатор тармоқлар ривожига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз ахборот майдонида соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, матбуот минбари орқали барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, биринчи навбатда оммавий ахборот воситаларининг фидойилари бўлган, турли долзарб масалаларни қалбидан, юрагидан ўтказиб, бу соҳанинг бошқа тармоқлардан кам бўлмаслиги учун доимо интилиб яшайдиган сиз, муҳтарам журналистлар бир ҳақиқатни албатта яхши англайсиз, деб ишонаман: бугунги кунда, айни шу мураккаб ва қалтис замонда дунёда, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқур идрок этиш, уларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун аввало одамларда мустақил фикрлаш ва яна бир бор мустақил фикрлашни шакллантириш талаб қилинади.

Турли ғоя ва манфаатлар кураши тобора кучайиб бораётган бугунги вазиятда ёлғонни рост, ростни ёлғон, деб кўрсатишга уриниш, ахборот-коммуникация воситаларини ўзининг узоқни кўзлайдиган манфаатларига хизмат қилишга мажбур этиш, ғаразли мақсадлар йўлида одамларни, миллатларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, уларни ҳаётдан норози қилиш, турли сохта маълумотларни тарқатиш, ўзгаларни писанд қилмасдан, кучи етадиган давлатларга пўписа ва зўравонлик кўрсатиш, ҳеч ким билан ҳисоблашмай куч ишлатиш ҳолатлари авваламбор оммавий ахборот воситаларининг бугунги ўқувчи, тингловчи ва томошабинларидан оқни қорадан, ҳақиқатни уйдирма гаплардан ажратиш учун ўзининг мустақил дунёқараши ва фикрига эга бўлишини тақозо этади.

Ҳозирги вақтда ён-атрофимизда ўзини оқламаган ва умрини ўтаб бўлган эски тизим ва мафкураларни қўмсашга бўлган уринишлар тобора тарқалиб ва кучайиб бораётган бир пайтда бундай кучларнинг қармоғига тушиб қолмаслик учун ахборот соҳасида етти ўлчаб бир кесиш, халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг кўзини кенг очиб бериш, уларни иродаси мустаҳкам, иймони бақувват инсонлар этиб тарбиялашда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти тобора ортиб бормоқда ва бу ўта муҳим вазифани адо этишда биз аввало сизларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, профессионал маҳоратингиз, гражданлик позициянгизга таянамиз.

Ёшларимизни айнан ана шу руҳда – миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаб, ҳар томонлама баркамол авлодни камол топтирадиган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, эртанги ҳаётимизнинг энг мустаҳкам пойдеворини қурган бўламиз.

Шу нуқтаи назардан қараганда, юксак касб маҳоратига эга бўлган етук журналистлар, таҳлилчи ва шарҳловчиларни, мухтасар айтганда, ўз касбининг ҳақиқий устаси бўлган мутахассисларни тайёрлаш масаласи ҳамон долзарб бўлиб турибди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Барчамиз яхши тушунамиз, бу вазифани амалга ошириш учун мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг халқаро ахборот майдонига кириб бориши, дунёда ном қозонган нуфузли медиакомпаниялар, чет эллардаги ҳамкасблари билан самарали ижодий алоқалар ўрнатиши алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳақиқатан ҳам, биз ўз олдимизга ривожланган демократик давлатлар даражасига кўтарилишдек юксак мақсадни қўйган эканмиз, бошқа соҳалар қатори ахборот оламида ҳам илгарилаб кетган давлатлардан ўрганиш, айни шу асосда оммавий ахборот воситалари ходимларининг билим ва тажрибаси, касб маҳоратини оширишга жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Шу ўринда илгари ҳам айтган бир фикрни такрорлашни жоиз деб биламан.

Бугунги глобаллашув асрида ҳар қайси инсон, ҳар қайси касб эгасининг ўз малакаси ва савиясини ошириши учун қандайдир мафкуравий тўсиқ ва чеклашлар қолмаганини барчамиз яхши биламиз. Гап фақат ўқиб-ўрганишдан, изланишдан тортинмаслик, ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, бу йўлдан қатъият билан илгарилаб боришга боғлиқ.

Бундай долзарб вазифалар авваламбор олий ўқув юртларида шу соҳа бўйича дарс берадиган, замонавий билим ва технологияларни ёшларга ўргатадиган ўқитувчи ва домлаларга тегишли, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шу маънода, кейинги йилларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларидан 600 нафардан зиёди хорижий давлатларда малака ошириб, тажриба алмашиб қайтгани албатта эътиборга сазовордир. Айни вақтда катта аҳамиятга эга бўлган бу йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттириш ва янада кучайтиришни бугунги ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг жаҳон журналистикасининг илғор иш услублари ва ютуқларини, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни пухта эгаллаши учун зарур кўмак ва ёрдам бериш, шу билан бирга, сиз, ҳурматли журналистларнинг олдида пайдо бўлаётган турли муаммоларни биргалашиб ечиш учун давлатимиз томонидан барча чора ва тадбирлар албатта кўрилади.

Мана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифаларни амалга ошириш йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, янги омадлар тилайман.

Азиз бошингиз доимо омон бўлишини истайман.

Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти



DB query error.
Please try later.