26.06.2014

МУЛОҲАЗА. МУҲОКАМА. МУНОЗАРА: БУГУННИНГ ДЕПУТАТИ

Гулчеҳра ИБРАГИМОВА, ZiyoNET ресурс маркази етакчи мутахассиси:

— Депутат — халқ вакили. Унга энг катта ваколатни, аввало, одамлар берган. Уларнинг манфаатларини муносиб ҳимоя қила олиши, муаммоларини ҳал этишда кўмакдош бўлиши, таклиф ва мулоҳазаларини ижро ҳокимияти олдида дадил билдиришига кў­зи етгани, халқ унга ишонгани учун сайлаган.

Шу боис бугуннинг депутати, энг аввало, одамлар дардини ҳис қи­лиши, аҳолининг кечинмалари, ўй-­хаёллари, қувончу-ташвишлари билан яшаши керак. Бу унинг биринчи галдаги вазифасидир.

Баъзилар депутатликни масъулият эмас, мартаба деб ўйлайди. Депутат бўлдимми, демак, мақсадимга эришдим, деб ҳисоблайдиган, сайловларда берган ваъдаларини унутиб қўядиганлар ҳам, афсуски, учраб туради. Ҳамкасблар билан суҳбатлашиб қолганда, уларнинг айримлари, ҳатто ўз ҳудудидан сайланган депутатларни танимаслиги, уни умуман кўрмагани, қайси партия аъзоси эканини ҳам билмаслигини айтиб қолишади. Одамларга фақат сайловлар вақтида фаоллашадиган депутат керак эмас.

Менимча, бугуннинг депутати кўпроқ кабинетда эмас, аҳоли орасида бўлиши, сайловчилар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб туриши, уларни тинглаши, керак бўлса, ўз фаолияти, қилинган ишлар ҳақида улар олдида ҳисоб бериши лозим. Шундагина, эл-юрт ичида обрў-эътибор қозонади, инсонлар меҳри, ишончига сазовор бўлади. Ўз навбатида, кейинги сайловларда ўзи учун мустаҳкам пойдевор яратади. Бир сўз билан айтганда, депутат сайловчилар билан доимо бирга бўлиши шарт.

Шуҳрат ИСМОИЛОВ, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети доценти:

— Фикримча, депутат энг аввало, ҳар қандай воқеликка тезкорлик билан муносабат билдириши, уларни холисона таҳлил қилиши, сиёсий ва иқтисодий соҳаларни чуқур билиши, бир сўз билан айтганда, етарли интеллектуал салоҳиятга эга бўлиши керак.

Чунки биз ахборот-коммуникация асрида яшаяпмиз. Бугун мамлакатимиз ва жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақидаги хабарлар турли омма­вий ахборот воситалари ҳамда веб-сайтларда шу қадар кўп ва у ёки бу кўринишда тарқатиляптики, оддий одамлар уларнинг мазмун-моҳиятини англаб-англамай, бирор бир янгилик, хабар ортида яширинган асосий мақсадни илғаб-илғамай қабул қилаяпти.

Шундай шароитда депутатларнинг вазифаси фақат одамларнинг мурожаатларини эшитиш, арзномаларини ўрганишдангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки аҳолининг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтиришга интилиши, уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш борасида ҳам ­фаоллик кўрсатиш зарур. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали ёки сайловчилар билан бевосита учрашувларда юртимиз ва дунёда содир бўлаётган эътиборга молик воқеалар, маҳаллий ва глобал ўзгаришлар, янгиликларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида одамларга холис тушунчалар бериши, умуман олганда депутатнинг қараши, нуқтаи-назари жамоатчилик фикрини шакл­лантиришга хизмат қилиши лозим.

Бироқ менинг назаримда, депутатларнинг бу борадаги фаолиятида камчиликлар йўқ эмас. Узоққа бормайлик, шу йилнинг ўзида мамлакатимизда «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» ҳамда «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзусидаги иккита йирик халқаро конференция ўтказилди. Дунёнинг бугунги кундаги энг машҳур олимлари, жамоат арбоблари, тадқиқотчилар юртимизнинг илм-фан салоҳияти, шунингдек, озиқ-овқат захиралари бўйича стратегик қарашларини юксак баҳолашди, эътироф этишди. Бу кичкина гап эмас.

Аммо депутатларимизнинг оммавий ахборот воситалари орқали мазкур йирик анжуманлар юзасидан қилган чиқишларини етарли, деб бўлмайди. Депутатлар сайловчилар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, бу ҳақда улар билан фикрлашиши, аҳолига ушбу конференцияларни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳамда унинг натижаларини тушунтириб беришлари зарур, деб ҳисоблайман.

Нозим СИДДИҚОВ, сиёсатшунос:

— Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгарган, ҳуқуқий саводхонлиги ҳам баланд. Шунингдек, ўзларининг фуқаролик бурчини жуда яхши англайди. Ўз-ўзидан аёнки, сайловчилар манфаатини ҳимоя қиладиган, уларнинг хоҳиш-истакларини юқори ор­ганларда намоён этадиган ваколатли шахс — депутатлар олдига қўйилаётган талаблар ҳам шунга яраша. Яъни, ҳозир кишиларни ҳавойи сўз­лар, пуч ваъдалар билан алдаб бўл­майди. Аксинча, ўз ишига астойдил киришадиган, одамлар учун жон куйдирадиган, уларнинг талаб ва истакларини ўз вақтида қондира оладиган депутатнигина халқ эъзозлайди, эътироф этади.

Шу маънода бугуннинг депутати зиммасидаги масъулият жуда юқори. Бироқ одамлар ишончига сазовор бўлиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, энг аввало, унинг ўзига — ишни тўғри ташкил қилишига боғлиқ. Таъкидлаш жоизки, барча масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, ўйлаган режа ва мақсадларини ҳаётга татбиқ қилиш депутатдан каттагина меҳнат ва ҳаракат талаб этади. Бу борада уларнинг ҳудуддаги давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги яхши самара беради.

Умуман, депутат ижтимоий шериклик асосида маҳалла ҳамда қишлоқ фуқаролар йиғинлари, турли фонд ва жам­ғармалар, бошқарма, қўмиталарнинг ҳудудий органлари билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйиши лозим. Бу — одамларни ташвишга солаётган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш қонунчиликни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Дилшод НАРЗУЛЛАЕВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.