24.06.2014

БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси миссиясининг Ўзбекистонда бўлиши тўғрисида

Аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтириш Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишидир. Ушбу мақсадни амалга оширишда уй-жой қурилиши ва бу борадаги тегишли инфратузилмани ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2009 йилдан буён амалга ошириб келинаётган қиш­лоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилиши дастури ушбу соҳа ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Дастур доирасида сўнгги 5 йилда мамлакатимизнинг 159 қишлоқ туманида 900 дан зиёд янги қишлоқ уй-жой массивлари барпо этилиб, намунавий лойиҳалар асосида майдони 4,5 миллион квадрат метр бўлган 33,5 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, қиш­лоқ жойларда барпо этилган янги массивларда 750 километр автомобиль йўл­лари, узунлиги 1,6 минг километрдан зиёд ичимлик сув қувурлари, 1,2 минг километр электр ва газ таъминоти тармоқлари, 800 дан ортиқ ижтимоий, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари қурилди.

Янги қишлоқ массивларининг барпо этилиши ижтимоий объектлар, жумладан, замонавий мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари, мини-банклар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар спорт майдонлари ва бошқа ин­шоотлар қуриш, умуман, инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ уй-жой қурилишини комплекс ривожлантириш бўйича қисқа муддатда эришилган натижалар 2013 йилнинг апрель ойида Тошкентда ўтказилган «Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари томонидан юксак эътироф этилди. Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги муваффақиятли тажрибасини намойиш этиш ва мамлакатимизда уй-жой секторида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТнинг Европа иқтисодиёт комиссияси билан ҳамкорликда Ўзбе­кистонда уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш шарҳини тайёрлашга қарор қилинди.

Таъкидлаш жоизки, миллий шарҳ­ларни тайёрлаш БМТ Европа иқтисодиёт комиссиясининг Уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш бўйича қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Қўмитанинг юқори малакали мутахассислари тайёрлаётган миллий шарҳлар уй-жой хўжаликлари, шаҳарларнинг ривожланиши ва ер ресурсларини бошқаришни таҳлил этиш, уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олади. Мазкур шарҳлар мамлакатларга ушбу соҳадаги ўз ютуқларини минтақадаги бошқа давлатлар тараққиёти билан таққослаш имконини беради.

БМТнинг Европа иқтисодиёт комиссияси миллий шарҳларни 1996 йилдан буён тайёрлаб келмоқда ва Ўзбекистонда уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш шарҳини тайёрлаш бошқа халқаро ташкилотларда ҳам алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Хусусан, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси шарҳни тайёрлашда техник ва молиявий кўмаклашиш, Жаҳон банки эса ердан фойдаланиш соҳасида айрим жараёнларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга маслаҳат ёрдамини кўрсатишни таклиф этди.

БМТ Европа иқтисодиёт комиссиясининг миллий шарҳни тайёрлаш жараёнига бевосита жалб этилган халқаро экспертлар миссияси бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш учун жорий йил 11 июнда Ўзбекистонга келди.

Халқаро маслаҳатчилар миссиясининг ташрифи доирасида шу йилнинг 12-13 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Жаҳон банки кўмагида Тошкентда «Шаҳарсозлик ва ер тузиш соҳасидаги ёндашувлар ва энг яхши амалиёт» мавзусида семинар ўтказилди.

Мазкур семинар БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси ва Жаҳон банки маслаҳатчилари ҳамда мамлакатимизнинг ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган вазирлик, идора ва тадқиқот институтлари мутахассисларининг шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, ер ресурсларини, уй-жой қурилишини бошқариш, биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қурилиш соҳасига замонавий технологияларни жалб қилиш бўйича жорий ва истиқболдаги масалаларни муҳокама этиш учун ўзига хос платформага айланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картогра­фия ва давлат кадастри давлат қў­митаси, «Ўзкоммунхизмат» агент­лиги, «Қишлоқ қурилиш банк» мутахассислари, Ижтимоий тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар маркази, лойиҳа институтларининг етакчи экспертлари, шунингдек, иқтисодий блок мутахассислари семинарда фаол иштирок этиб, халқаро маслаҳатчиларни Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқларни режалаштириш соҳасидаги мавжуд амалиёт, коммунал ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган дастурлар, шаҳарсозлик ва кўчмас мулк кадастри соҳасидаги норма ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш, ердан фойдаланиш тизимига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан таништирди.

Семинар якуни бўйича БМТ Европа иқтисодиёт комиссиясининг Уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш бўлими раҳбари, халқаро маслаҳатчилари миссияси раҳбари Гулнора Ролл Ўзбекистонда шаҳарсозлик, уй-жой қурилишини ривожлантириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилгани, шаҳарлашув масалаларини ҳал этиш ва мамлакатимиз қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатини ошириш борасида салмоқли тажриба тўпланганини ҳамда ушбу амалиёт ва тажрибадан бошқа мамлакатларда ҳам энг яхши амалиёт сифатида фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

Халқаро маслаҳатчилар миссиясининг ташрифи асносида Ўзбекис­тон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси ва БМТ Тараққиёт дас­тури ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда уй-жой хўжалиги ва ердан фойдаланиш миллий шар­ҳини тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси халқаро маслаҳатчилари миссиясининг мамлакатимизга ташрифи 20 июнга қадар давом этди. Таш­риф давомида ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралар мутахассислари билан тайёрланаётган миллий шарҳнинг асосий жиҳатларини муҳокама этиш ва ҳужжатнинг тегишли бўлимлари учун зарур материалларни тўплаш бўйича қатор учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, халқаро маслаҳатчилар мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларида уй-жой қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самаралари билан ҳам танишди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати.



DB query error.
Please try later.