24.06.2014

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғояларини қўллаб-қувватловчилар сафи тобора кенгайиб бормоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Нукус шаҳрида «Сайловчилар манфаатлари ва ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ролини кучайтиришга доир долзарб вазифалар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши ходимлари, Қорақалпоғистон Республика, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ҳамда фаоллар иштирок этди.

Мазкур тадбир фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий маданияти, ижтимоий фаоллигини ошириш, демократик ислоҳотлар моҳиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда партиянинг фаоллигини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғис­тон Республика кенгаши раиси Қуватбой Қурбанбаев бугунги кунда ҳар бир сиёсий партия, аввало, ўз электоратининг ижтимоий, иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиши зарурлигини таъкидлади. Ижтимоий манфаатларнинг тўғри ифодаланиши ҳамда ҳимоя қилинишида депутатлар имконияти ва ваколатларидан мақсадли фойдаланиш кутилган натижани беради, албатта.

Шунингдек, тадбирда сиёсий партиялардан ижти­моий-иқтисодий ривожланиш дастурлари юзасидан ­муқобил таклифлар киритиш ҳамда уларни амалга ошириш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ ташаббусларни илгари суриш ва рўёбга чиқариш талаб этилиши яна бир бор қайд этилди.

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, ЎзХДП Марказий Кен­гаши раиси:

— Сайловчилар манфаатларини таъминлаш партия олдидаги энг асосий вазифа­лардан саналади. Биз пар­тиядошларимиз, партиямиз хайрихоҳлари ва тарафдорлари сафини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Шунинг­дек, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш ҳам долзарб ма­са­ладир. Фуқароларнинг сиёсий онги, сиёсий мада­нияти­ни ошириш, тар­ғибот ишларини ҳамжиҳатлик билан олиб бориш, бу борада масъулиятни ошириш талаб этилади.

Таҳлиллар кейинги вақтларда Қорақалпоғистонда партиямиз сафларига омма­вий ахборот воситалари хо­димлари, олимлар, ўзини ўзи бошқариш органлари маслаҳатчилари ва санъаткорлардан иборат кўплаб янги аъзолар қўшилаётга­нини кўрсатмоқда. Фаол ва ташаббускор партиядошларимиз қанча кўпайса, пар­тиямизнинг обрўси, таъсир кучи ҳам шунчалик ошади.

2014 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўти­ши бу борадаги масъулияти­мизни янада оширади. Сайловларда партиямиз қандай иштирок этиши ва ундан ке­йин партиямизнинг жамият ҳаётида қандай мавқега эга бўлиши ҳар биримизнинг масъулиятимизга ғоялар тар­ғиботини қанчалик са­марали олиб бораётгани­мизга боғлиқ...

Тадбир давомида мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда аҳолининг сиёсий фаоллиги, фуқароларнинг юртимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги амалий иштирокини кенгайтиришнинг аҳамияти ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон Халқ демок­ратик партияси Қорақал­поғистон Республика кенгаши бўлим мудири Нукусбой ўаниев, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депу­тати Зийбагул Самиярова, «Истиқбол» ёш­лар қаноти фао­ли Ҳурлиман Нуржанова сайловчилар манфаатлари, ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини таъминлашдаги ютуқ ва муаммолар, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаол­лигини ошириш, шунингдек, ёшларнинг партия фаолиятидаги иштирокини кучайтириш масалаларига атрофлича тўхталиб ўтишди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ХДП сафига янги қабул қилинганларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Калбике ТУЛЕГЕНОВА, Қорақалпоғистон телерадикомпаниясининг телеканал бўйича мухбири:

— Касбим тақозоси билан кўпроқ сиёсий партиялар фаолияти тўғрисида материаллар тайёрлашимга тўғ­ри келади. Барча сиёсий партиялар каби Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятини ҳам мунтазам кузатиб бораман. Тўғрисини айтсам мазкур сиёсий куч томонидан қилинаётган амалий ишлар менга жуда маъқул. Бугун одамларни амалий ишлар билан ўз ортимиздан эргаштиришимиз керак.

Халқ демократик партия­сининг аҳоли эҳтиёжманд қатламини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ғоялари ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлари менга жуда маъқул бўлди. Шунинг учун ҳам мен ЎзХДПни танладим.

Гуларем ЖУМАГАЛИЕВА, Қорақалпоғистон телерадикомпаниясининг радиоканал бўйича мухбири:

— Бугун юртимизда ке­чаётган ислоҳотлар жараёнини сиёсий партияларнинг изчил ва самарали фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки ҳар бир партия ўзининг танлаган йўли ва дастурий мақсадлари билан юртимиз сиёсий майдонидан муносиб ўрин эгаллашга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда. Мен ҳам ўзимнинг сиёсий қарашларимни шу партия орқали илгари суриш ва амалга оширишга қарор қилдим.

Назира МАТЯКУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун биз мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида сиз билан келгусидаги муҳим вазифалар юзасидан фикр алмашаяпмиз. — Аслида, барчамизнинг мақсадимиз бир, яъни халқ фаровонлиги йўлида ҳамжиҳатлик билан иш олиб бориш.

Бу борада ЎзХДП ташки­лот­лари ва депутатлари иштирокини янада кучайтириш, кенг омма орасида партиямизнинг мақсади, ғояларини, бошқа сиёсий партиялардан фарқли жиҳатлари, ўзига хос хусусият­ларини чуқур тушунтириши­миз лозим, деб ўйлайман.

Мана бугун сафимизга 60 нафар аъзо қўшилди. Шунингдек, қатор корхоналарда бошлан­ғич ташкилотлар тузилмоқда. Биз партиямиз ғояларини қўллаб-қувватловчи, уларни амалга оширишга ҳисса қўшишга инти­лаётган кишилар сафи то­бора кенгаяётганидан хурсандмиз.

Давра суҳбати якунида сайловчиларнинг манфаатларини таъминлаш, электоратнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.