21.06.2014

ИШ ЎРНИ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТ ОРТИДА

ҳар доим инсон тақдири туради

Ишсиз одамнинг руҳий ҳолатини тасаввур қилиб кўринг. Бундай киши оилада ҳаловат топмайди, қўни-қўшни, маҳалла-кўй орасида ўзини ёлғиз, ноқулай ҳис қилади, ён-атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга кўп ҳам қизиқмайди. Ўқишни тамомлаб, катта ҳаётга кириб келаётган ёшларнинг ишсизлиги эса жамиятда кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Бандлик масаласида ҳар бир давлатнинг ўзига хос стратегик сиёсати бор. Лекин шунга қарамай, қатор давлатларда аҳоли бандлигини таъминлаш жиддий муаммога айланиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби иш ўринлари яратиш масаласига тизимли ёндашув шаклланмаганида экани қайд этилмоқда.

Бу борада Ўзбекистонда мукаммал тизим яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Юртимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ дастурлар 2008-2009 йилларда ҳукумат доирасида қабул қилинган бўлса, 2010 йилдан бошлаб мазкур масала парламентда муҳокама қилиниши йўлга қўйилди.

Дастур лойиҳаси ҳукумат томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилганда, соҳалар ва тармоқларда яратилиши кутилаётган иш ўринлари бўйича прогноз кўрсаткичлар ҳамда уларни амалга ошириш, иш жойларининг барқарорлигига эришиш имкониятлари атрофлича таҳлил қилиняпти. Олий Мажлис Сенатида дастур ҳудудлар кесими бўйича ҳам муҳокамадан ўтказиляпти. Мана шу босқичма-босқич жараёнда бандлик Дастури ҳар томонлама чиғириқдан ўтяпти. Дунёнинг бирон давлатида иш ўринлари ташкил этишга қаратилган дастурлар бу каби эътибор билан қабул қилинмайди.

Шуларга таяниб айтиш жоизки, мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича бевосита парламент иштироки ва унинг назоратига асосланган изчил тизим яратилган. Шунинг учун бандлик Дастурини ҳар томонлама пухта тайёрлашга, энг муҳими, унинг ижро механизмини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Модомики, Дастур парламент томонидан қабул қилинар экан, бундай ҳужжатнинг ҳуқуқий мақоми ҳам юқори ҳисобланади, унинг ижросига кучли масъулият билан қараш зарур бўлади.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури»нинг 2014 йил биринчи чорагида ижро этилиши юзасидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Сурхондарё ва Бухоро вилоят ҳокимликларининг ахбороти эшитилганда бу масала ўта муҳим эканига яна бир бор амин бўлдик.

Мазкур йиғилишда Қонунчилик палатаси депутатлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Бухоро, Сурхондарё вилоят ҳокимликлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимлари 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Йиғилишда юртимиздаги барқарор иқтисодий ўсиш, инвестиция, маҳаллийлаштириш ва бошқа қатор мақсадли дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, молия, банк тизимининг мустаҳкамлиги каби омиллар иш ўринлари очилиши учун қулай шароит яратаётгани қайд этилди.

2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўрмоқда. Маълумотга кўра, Дастурга мувофиқ 2014 йилнинг январь-март ойларида мамлакатимизда 227,9 минг иш ўрни яратилган. Бу рақам Дастурнинг биринчи чоракдаги ижроси режага нисбатан юқори фоизда бажарилаётганини кўрсатади.

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга асосан меҳнат бозорини таҳлил этиш, унинг истиқболини белгилаш, бандлик даражасини оширишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, бу масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий меҳнат идораларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги зиммасига юклатилган.

Йиғилишда Дастурнинг 2014 йил биринчи чорак якуни бўйича ижроси ҳақидаги ахбороти эшитилиб, вазирлик қатор ижобий ишларни амалга ошириб келаётгани эътироф этилди. Ҳисобот даврида, хусусан, барча туман ва шаҳарларда 231 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилган. Уларда 11,3 мингдан ортиқ кишига йўлланмалар берилган. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чоралари давом эттирилмоқда.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳудудий меҳнат идораларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатиши, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини кучайтириши зарурлиги таъкидланди.

Жорий йил 17 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг «2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида»ги қарорига асосан ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифаларидан бири этиб белгиланган. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, хўжалик бирлашмалари, корхоналар раҳбарлари 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши, 2013-2014 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ишга жойлаштирилиши бўйича шахсан жавобгар эканликлари таъкидланган.

Улуғбек ҲОЖИБЕКОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Сурхондарё ва Бухоро вилоят ҳокимликларининг Дастур ижросини биринчи чоракда таъминлаш юзасидан ахборотлари эшитилганда, мазкур вилоятларда ўтказилган назорат-таҳлил жараёнида бу масалаларга алоҳида эътибор берилди. Ушбу вилоятларда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор ютуқлар қўлга киритилган. Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида биринчи чоракда 15933 иш ўрни яратилган (режага нисбатан 104,8 фоиз). Бухоро вилоятида эса 18415 иш ўрни ташкил этилган (режага нисбатан 108,6 фоиз).

Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида иш ўринларининг барқарорлиги, таълим муассасалари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш, малакасини ошириш масалаларида эътиборсизлик ва масъулиятсизликка йўл қўйилаётган ҳоллар бор. Назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари Сурхондарё ва Бухоро вилоят ҳокимликлари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш масаласига етарли даражада эътибор қаратмаётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, Бухорода қуролли кучлар сафидан захирага бўшатилган фуқароларни иш билан таъминлаш ишлари самарали олиб борилмаяпти, Сурхондарёда эса иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси мониторинги етарли даражада йўлга қўйилмаган. Мазкур ҳолатлар «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7- ва 8-моддалари тўлиқ бажарилмаётганидан далолат беради.

Йиғилишда бандлик Дастури ижросини таъминлаш, иш ўрни ташкил этилгани, битирувчиларнинг ишга жойлашгани ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига эришиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, шу асосда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси тегишли таклиф ҳамда тавсиялар берди, тегишли қарор қабул қилди.

Бандлик дастури қандай ижро қилинаётгани тегишли маълумотлар орқали билинади. Бундай маълумотлар ортида, аввало, инсон ҳуқуқи ва манфаати туради. Маълумотлар бандликни таъминлашнинг кейинги чораларини белгилашда асос қилиб олинади. Агар уларда ҳаққонийлик етишмаса, вазиятни тўғри баҳолаш имкони ҳам бўлмайди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.