21.06.2014

Португалия: ИККИ СОЦИАЛ ПАРТИЯ ҲАМ ЎЗ FОЯЛАРИ УЧУН КУРАШ ОЛИБ БОРМОҚДА

Европанинг ривожланган демократик давлатларидан бири ҳисобланадиган Португалия ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда Португалия парламенти — Ассамблеяда депутатлик ўринларини қўлга киритиш учун 7 сиёсий партия кураш олиб боради. Шунингдек, мамлакатда ўндан ортиқ ҳудудларда фаолият кўрсатадиган партиялар ҳам мавжуд.

Ушбу давлатда парламент бир палатали бўлиб, унда 230 нафар депутат ишлайди. Улар 4 йил муддатга сайланади. Сайловлар мамлакатдаги 22 сайлов округларида ўтказилади. Сайлов қонунчилигига кўра, сайловгача ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга.

Сўнгги йилларда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида турли воқеалар рўй бермоқда. Мисол учун, Португалияда сўнгги парламент сайловлари муддатидан олдин ўтказилди. Чунки депутатлар Бош вазир Жозе Сократешга нисбатан ишончсизлик вотуми эълон қилди.

Натижада Бош вазир 2011 йил 23 мартда истеъфо берди. Шундан сўнг 2011 йил июнь ойида муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилди.

Португалияда пропорционал сайлов тизими амал қилади. Мазкур сайловларда бир ўрин учун айрим сайлов округларидан 2 номзод кўрсатилса, баъзиларида 48 номзод кураш олиб боради.

Бугунги Португалия сиёсий ҳаётига эътибор берсак, ундаги ўзига хос хусусиятлардан бири парламентдаги ўринлар учун асосий кураш Социал-демократик партия ҳамда Социал партия ўртасида кечаётганидир.

Бевосита сайлов натижаларини кузатадиган бўлсак, Социал-демократик партия сайловчиларнинг 38,7 фоиз овозини олиб, Ассамблеяда 108 мандатни қўлга киритди. Бу натижа уларга парламентда энг кўп ўрин олиш учун етарли бўлди.

Ўтган сайловлар улар учун бироз муваффақиятсиз якунланган эди. Мазкур сиёсий партия 2005 йилда парламентда 75, 2009 йилги сайловларда эса 77 ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги сайловдаги ғалаба кўп жиҳатдан 2010 йилдан буён партияга етакчилик қилаётган Педру Пасуш Коэлью номи билан боғлиқ.

Ушбу сиёсий партия фаолиятининг ўзига хос жиҳати, бошқа социал партиялардан фарқли ўлароқ, кўпроқ консерватизм ғояларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, аҳолига муносиб меҳнат шароитлари яратиш, иш ўринларини кўпайтириш масаласи ҳам уларнинг доимий диққат-эътиборида.

Партиянинг олий органи Миллий Конгресс ҳисобланади. Унинг штаб-квартираси Лиссабон шаҳрида жойлашган.

Португалиядаги етакчи сиёсий кучлардан яна бири — Социал партия ҳисобланади. Социал-демократия ғояларини илгари сурадиган мазкур партия охирги парламент сайловида 74 ўринни қўлга киритди. Натижада ўзининг асосий рақобатчиси бўлган Социал-демократик партияга ютқазиб қўйди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган бир неча сайловларда бу партия парламентда кўпчилик ўринларни эгаллаётган эди. Хусусан, 2005 йилги парламент сайловида 121, 2009 йилда эса 97 ўринни қўлга киритганди. Сиёсатчиларнинг фикрича, мазкур партия ўз ғояларини янада такомиллаштириши, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқурроқ ўрганиши, мамлакатнинг ривожланиш стратегиясини белгилашда уларнинг хоҳиш-иродасини кўпроқ инобатга олиши зарур. Шунда сиёсий партиянинг тарафдорлари кўпаяди, ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда муваффақиятга эриша олади.

Антониу Жозе Сегуро етакчилигидаги социалистлар 2015 йилда ўтадиган сайловларга катта тайёргарлик кўрмоқда. Улар ўз сайловолди дастурида таълимни ислоҳ қилиш, ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатларни кўпайтириш, иқтисодиётни янгилаш, замонавий  технологияларни жорий қилиш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш каби долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратмоқда.

Бундан ташқари, Португалия парламентида Халқ партияси, Демократик коалиция, Португалия коммунистик партияси, Яшиллар партияси ҳамда Сўл блок сингари сиёсий кучлар ҳам маълум миқдорда депутатлик ўрнини қўлга киритган.

Умуман олганда, ҳар иккала социал партия ҳам ўзаро қарама-қарши ғояларни илгари сурмасин, барча саъй-ҳаракатлар мамлакат тараққиётига, одамлар фаровонлигига қаратилгани билан эътиборга сазовордир.  

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.