21.06.2014

ИСЛОҲОТ ИСЛОҲОТ УЧУН ЭМАС, ИНСОН УЧУН

Бугун Сурхондарёда олиб борилаётган ободончилик, бунёдкорлик, янги иш ўринлари яратилиши замирида мана шу тамойил мужассамлашган.

Биргина жорий йилнинг дастлабки чорагида вилоятда ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 128,1 фоизга бажарилган. Айниқса, саноат, қурилиш, пудрат ва бошқа соҳаларда барқарор ривожланиш кузатилди.

Воҳанинг саноат салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жорий йилнинг ўтган даврида 310,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу 2013 йилнинг шу даврига қараганда 109,5 фоизни ташкил қилади.

Шунингдек, таълим тизимини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда бу йил 14 коллеж, 30 умумтаълим мактаби, 9 соғлиқни сақлаш муассасаси, 11 спорт иншооти ҳамда мусиқа ва санъат мактабларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш орқали янги иш ўринлари ташкил этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада молия муассасаларининг алоҳида ўрни бор. Жорий йилнинг ўтган уч ойида молия муассасалари соҳа ривожи учун 1 миллиард 330 миллион сўмга яқин маблағ ажратди. Натижада 8 минг 700 киши муқим иш ўрнига эга бўлди.    

— Амалдаги йилда воҳада 66 минг 96 янги иш ўрни яратиш белгиланган, — дейди вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходими Холмирзо Холмуродов. — Бу саноат корхоналарини ишга тушириш, мавжудларини қайта қуриш, кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда касаначиликни ривожлантириш ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Бу йил 115 касб-ҳунар коллежларини 46 минг нафарга яқин йигит-қиз тугаллайди. Уларни эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланган. Бугунгача 14 марта меҳнат ярмаркаси ташкил этилди ва барча соҳалар ҳисобидан 16 мингга яқин фуқаро бандлиги таъминланди.

Қишлоқларимизда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар бугун нафақат аҳолининг турмуш тарзини, балки ҳаётга бўлган муносабатини ҳам ўзгартирди. Ўтган йилларда 3 мингга яқин намунавий уйлар ўз эгаларига топширилган бўлса, бу йил 880 янги уй-жойларда уй тўйлари ўтказилади.

— Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида жорий йилда юзга яқин аҳоли пунктларида таъмирлаш реконструкция ишлари олиб борилди, — дейди вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Олимжон Севаров. — Бу борада дастлабки ярим йилда 14 миллиард 200 миллион сўмлик иш бажарилади. Йил охирида эса Қумқўрғон, Олтинсой, Узун, Бойсун, Денов, Музработ ва бошқа туманларнинг чекка қишлоқ ва маҳаллаларида истиқомат қиладиган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси янада яхшиланди.

Бундан ташқари, енгил саноат соҳасида 34,8 миллион долларлик истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, 5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Сариосиё туманидаги пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси эса иш бошлаш арафасида. Шўрчи туманидаги «Мўмин текстиль» масъулияти чекланган жамияти ҳамда Қумқўрғон туманидаги «Қумқўрғон механика заводи» масъулияти чекланган жамияти негизида ип-калава тайёрлаш корхоналарида ёшлар учун янги иш ўринлари яратилмоқда. Жарқўрғон туманидаги «Телатекстайл» қўшма корхонасининг биринчи навбати ишга туширилиб, 22,5 миллион квадрат метр ип-газлама тайёрлаш йўлга қўйилади.

Вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларни реконструкция қилиш учун 167 миллиард сўмлик иш бажарилади. Шерободда цемент заводи қурилиши бошланди. Шарғун ҳамда Тўда кўмир конларининг қувватларини ошириш ҳисобига кўмир қазиш ҳажми 900 минг тоннага етказилиши режалаштирилган.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.