19.06.2014

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ — МУҚАДДАС

унинг ижросига масъулият билан ёндашмоқ лозим

Ўзбекистон Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизини ижтимоий соҳага йўналтириб келаётган дунёда кам учрайдиган давлатлар қаторига  киради. Бу халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилаяпти. Ҳозирда жаҳоннинг иқтисоди бақувват мамлакатлари молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш, хусусан, бюджет харажатларини борган сари қисқартириш ҳақида бош қотираяпти. Шундай пайтда юртимизда таълимни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари асосий эътиборда турибди. Давлат бюджетидан ана шу мақсадларга йилдан-йилга кўпроқ маблағ йўналтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш чоралари кўрилаяпти.

Энди ўйлаб кўрайлик, агар Давлат бюджети самарали ижро этилмаслиги натижасида, мисол учун, олис тумандаги шифохонага замонавий тиббий ускуна ёки касб-ҳунар коллежига ўқув-лаборатория анжоми режалаштирилган вақтда етиб бормаса, нима бўлади? Касаллик ҳақида аниқ ва эрта ташхис қўйиш қийинлашади, сарсон-саргардонлик кўпаяди, инсон соғлиғи хавф остида қолади. Ёки касб-ҳунар коллежи ўқувчилари зарур билимни ололмайди, уларнинг келажакда ишга жойлашиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши тобора қийинлашади. Давлат бюджети даромадлари шаклланиши, унинг харажатлари молиялаштирилиши анча мураккаб, тизимли жараён, албатта. Шуниси аниқки, бюджет ижросини таъминлаш мамлакатимизнинг барча фуқаролари манфаатларига бирдек дахлдор ўта масъулиятли вазифа ҳисобланади. Шунинг учун Давлат бюджети ва унинг ижроси билан боғлиқ ҳар бир масалани чуқур таҳлил қилиш, хато-камчиликларни вақтни ўтказмасдан бартараф этиш чораларини кўриш муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида»ги масалалар муҳокама қилинаётганда шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев ахборот берди. Таъкидланишича, 2013 йилги иқтисодий дастурларнинг тизимли амалга оширилиши натижасида барқарор ўсиш суръатлари, мамлакат иқтисодиётини модернизациялаш ва диверсификациялаш таъминланган.

2013 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 6,8 фоизга, чакана савдо айланмаси 14,8 фоизга ошган. Инфляция даражаси прогноз кўрсаткичидан паст бўлган (6,8 фоиз).

Давлат бюджетининг 2013 йилдаги харажатлари  ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,7 фоизни ташкил этган.

2013 йилда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатларини молиялаштириш учун Давлат бюджети умумий харажатларининг 58,7 фоизи миқдорида маблағ ажратилган. Бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотига нисбатан 12,7 фоизни ташкил қилади.

Ўтган йили аҳолининг реал даромадлари 16 фоизга, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайган.

ЎзХДП фракцияси аъзолари минтақавий, тармоқ  дастурларининг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрлари муваффақиятли бажарилганини қайд этди. Хусусан, ўтган йили иш ўринларининг 60 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда очилгани ҳудудларда ижтимоий вазиятни барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

2014 йилнинг I чорагида ҳам юртимизда ялпи ички маҳсулот ўсган, шунингдек, саноат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми кўпайган.

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг I чорагида 227,9 минг, жумладан, қишлоқ жойларда 137,0 мингдан зиёд иш ўрни яратилгани бевосита ЎзХДП электорати манфаатлари ҳамда дастурий мақсадлари рўёбига хизмат қилади.

Улуғбек ЗОКИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Фракциямиз Давлат бюджети ижросида мамлакатимизда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари доимий эътиборда бўлаётганини қайд этади. Жумладан, соғлиқни сақлашни ривожлантириш ишлари изчил ва тизимли асосда давом эттирилаётганини муҳим, деб билади ҳамда уни қўллаб-қувватлайди.

Агар таққосласак, соғлиқни сақлашга йўналтирилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошаётгани кўринади. 2013 йилда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга Давлат бюджетидан 2012 йилга нисбатан 22,6 фоиз кўп маблағ сарфланган. 2014 йилнинг I чорагида эса бу мақсадга Давлат бюджетидан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,8 фоиз кўп маблағ харажат қилинган.

Аҳолининг соғлиғини сақлаш, соғлом авлодни вояга етказиш учун шароит яратиб берилиши Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатига тўла мосдир.

Абдуқаҳҳор ЮСУПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Фракциямиз Давлат бюджети ижросини кўриб чиқаётганда ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолини ҳимоялаш, тўғридан-тўғри молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланиши масаласига алоҳида эътибор берди.

Ўтган йили пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти, 14 ёшгача боласи бор оилаларга, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар ишламайдиган оналарга, шунингдек, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақалар тўлиқ молиялаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, фракциямиз ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари ижтимоий йўналтирилган давлат дастурларининг бажарилиши бўйича доимий равишда мониторинг ўтказиб келмоқда. Шу асосда таҳлилий хулосалар чиқарилиб, ижро ҳокимияти идораларига таклифлар киритмоқда. Биз 2014 йил Давлат бюджетининг I чоракдаги ижроси ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, бу борада ўзимизга муҳим йўналишлар ва масалаларни белгилаб олдик.

Йиғилишда ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига ажратилган маблағларни мақсадли йўналтириш, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси даромадларини шакллантириш, уларни самарали сарф этиш, таълим муассасаларини ўқув асбоб-анжомлари билан жиҳозлашга алоқадор тендерларни вақтида ва қонуний ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Депутатлар Давлат бюджети ижросида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, молиявий интизомга риоя этилиши ҳамда Бюджет кодекси талаблари бажарилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.

ЎзХДП фракцияси Молия вазирлигининг «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Давлат бюджети ижроси тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида»ги ахборотларини маъқуллаб, тегишли қарорлар қабул қилди.

Шу куни депутатлар бир нечта қонунлар лойиҳаларини ҳам кўриб чиқди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.