19.06.2014

ПАРТИЯМИЗ ФАОЛЛАРИ ЭЛЕКТОРАТ ОРАСИДА

Фарғона водийсининг осмонўпар қорли тоғларига туташиб кетган Сўх тумани Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида алоҳида ўринга эга. Етмиш мингдан зиёд аҳоли яшайдиган туманнинг маркази ва қишлоқлари кундан-кун чирой очиб бормоқда. Маҳаллий хом-ашёдан қурилишбоп ва озиқ-овқат маҳсулотлари  ишлаб чиқариш тобора кенгайиб, янги саноат корхоналари барпо этилмоқда. Миллий ҳунармандчилик ва санъат ривожланаяпти, одамлар ҳаёти фаровонлашиб бораяпти. Айтиш жоизки, мазкур ўзгаришларга ЎзХДП туман кенгаши фаоллари, депутатлар, шу билан бирга партия аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

— Туманда партиямизнинг 32  бошланғич ташкилоти бўлиб, уларга 1127 нафар аъзо бирлашган, — дейди Сўх туман партия кенгаши раиси Фарҳод Мастонов. — Халқ депутатлари туман Кенгашидаги  ЎзХДП гуруҳида 9 нафар депутат фаолият юритмоқда. Электорат манфаатини ҳимоя қилишда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашдаги гуруҳи ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

Сўх ўзининг географик жойлашуви билан ҳам баъзи масалаларда алоҳида ёндашувни талаб этади. Аҳоли бандлигини мунтазам равишда таъминлаб бориш, тоғ-адирлар ораларидаги қишлоқлар, аҳоли яшаш жойларининг ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш устувор вазифалардан биридир. Шунинг учун ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши режали равишда партия фаолларининг Сўх аҳолиси билан учрашувларини ўтказиб келади. Яқинда ташкил этилган ана шундай тадбирлар чоғида Хушёр, Чашма, Малбут, Сариканда каби қишлоқларда партия электорати ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан амалий мулоқотлар бўлиб ўтди. Унда вилоят партия кенгаши таклифига асосан ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишларига бевосита алоқадор мутасадди ташкилот ва идораларнинг раҳбарлари қатнашишди.

— ЎзХДП вакиллари билан учрашув жуда фойдали бўлди, — деди Малбут қишлоғидаги мулоқот чоғида 85 ёшли Жумавой  Олимов. — Қишлоғимизда тоза ичимлик суви таъминотида айрим муаммолар бор эди. Мана, учрашувда айтилдики, яқинда 2,5 километр сув тармоғи тортилар экан, бу эса 2,5 минг аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Партия фаоли, вилоят «Сувоқава» бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошев Чашма, Ғазнов, Равон каби қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳаларга Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилиб иш бошланаётганини айтди, унда ЎзХДП вилоят кенгашининг ташаббускорлигини алоҳида таъкидлади.

— Вилоят бошқарма ва идоралари раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда ЎзХДП фаоллари доимо биз билан бирга эканидан баъзи бир муаммоларни деярли сезмаймиз ҳам, — дейди Зариф Миршарипов Чашма қишлоғидаги суҳбатларда. — Бундай ҳамжиҳатлик, амалий ёрдам фуқароларимизнинг ҳар бирига кўтаринки кайфият бағишлаб, элу-юрт равнақи йўлида фидойи бўлишга ундамоқда.

Аҳамиятли жиҳати, ЎзХДП фаолларининг Сўх учрашувлари чоғида 56 нафар ёш йигит-қиз  партияга аъзо бўлиш истаги борлигини билдиришди ва уларга партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

— ЎзХДП Дастури билан илгаридан таниш эдим, — дейди Ҳаётжон Иматов. — Мазкур учрашув чоғида менинг ҳаётий муносабатим, қарашларим партия ғоялари билан ҳамоҳанг эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Очиғи, партияга аъзолик гувоҳномасини олаётганимда зиммамда катта масъулият турганини яна бир бора ҳис қилдим.

— Бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий ҳимоянинг кафолатланиши жамиятнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигининг муҳим гаровидир, — дейди таълим соҳаси мутахассиси Шерали Абдувалиев. — Партия учун бу масала устувор вазифа сифатида белгилангани мени  сиёсий куч фаолиятида фаол қатнашишга ундади.

— ЎзХДПнинг аҳоли бандлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссаси эътиборга молик, — дейди  солиқ тизими ходими Жанобиддин Бобоқўзиев. — Партия ғоясига асосан, ҳар бир фуқаро муносиб ҳақ тўланадиган доимий иш ўрнига эга бўлишга ҳақли. Партиянинг, айниқса, иш топишда қийналаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ишлари кўпчиликка манзур бўлмоқда. Бундай эзгу ҳаракатларни фақат қўллаб-қувватлаш керак, деб ҳисоблайман.  

ЎзХДП Фарғона вилоят фаолларининг икки кунлик Сўх учрашувлари чоғида халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи ташаббуси билан туманда 2014 йилнинг январь-май ойларида янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини ўрганиш якунлари халқ депутатлари туман Кенгашидаги ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари доимий комиссиясида кўриб чиқилди.

Туманда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурига асосан 3004  янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлиб, 5 ой давомида 1521  иш ўрни ташкил этилди. Умуман олганда, белгиланган режа бажарилди.

Лекин янги иш ўринлари ҳамма жойда ҳам  етарли даражада ташкил қилинмаган. Хусусан, туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоларининг ўрганиш натижалари ҳудуддаги 5  субъектда 35  иш ўрни кам яратилганини кўрсатди.

Доимий комиссия йиғилишида ЎзХДП гуруҳи аъзолари камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини ўз ичига олган қатор таклифлар билдиришди ва шу асосда тегишли қарор қабул қилинди. Партия гуруҳи вакиллари иш ўрни кам яратган корхоналар билан ишлаш, улар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилди.

Шу куни вилоят партия ташкилоти фаоллари иштирокида ЎзХДП Сўх туман кенгашининг навбатдаги пленуми ҳам бўлиб ўтди. Унда туман партия кенгаши, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ва БПТларнинг партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги ва бошқа долзарб масалалар кўриб чиқилди ҳамда улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

— Биз бу каби иш тажрибасини бошқа туманларда ҳам давом эттиришни режалаштирганмиз, — дейди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуджон Маҳкамов. — Мақсадимиз аҳоли, хусусан, партия электорати орасига янада чуқурроқ кириб бориш, улар дуч келаётган ижтимоий муаммоларни ўрганиш ҳамда ваколатларимиз доирасида уларни ҳал этиш чораларини кўришдан иборатдир.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.