19.06.2014

ЎзХДП FОЯЛАРИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Миллий ғоя, миллий мафкура халқни бирлаштиради, ягона мақсад сари йўналтиради. Мафкурасиз халқ йўлидан адашади. Бу ҳақиқат Президентимиз асарларида такрор-такрор таъкидланган. Айниқса, маънавий таҳдид, ёшлар онгини эгаллашга қаратилган ахборот хуружлари авж олаётган, миллий-маънавий қадриятларни емириш, халқнинг тарихий хотирасини ўзгартиришга уринишлар, кибертерроризм зўрайиб бораётган бугунги кунда мафкура ўта муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, ҳозирги энг долзарб вазифа — жамиятимиз аъзолари, авваламбор, вояга етиб келаётган ёш авлод қалбида миллий ғоя, миллий мафкура, Ватанга меҳр-садоқат туйғусини уйғотиш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборатдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мафкуравий фаолияти мустақиллигимизни асраш ва мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ҳар бир оила ва бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларга асосланади.

— Шуни ҳисобга олган ҳолда биз аҳоли ўртасида ўтказилаётган давра суҳбатлари, учрашувлар, семинар ва бошқа тадбирларда партиямизнинг ғоялари, мафкурасини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

ОАВ орқали партия ташкилотлари ҳамда депутатларимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини акс эттириш, илгари сураётган ғояларимиз ҳаётий эканини кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Кўргазмали тарғибот воситалари орқали партия ғояларини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ҳам мафкуравий фаолиятнинг муҳим йўналишидир. Бу каби ишлар партия аъзолари, хайрихоҳлари, электоратининг юксак фуқаролик масъулияти, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтиришга, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш керакки, тарғибот ишларини изчил ва самарали олиб боришда сиёсий ва фуқаролик маърифати тизими ўзига хос ўрин тутмоқда. 2013 йилда вилоят партия кенгаши томонидан 14, шаҳар ва туман кенгашлари томонидан эса 200 га яқин сиёсий ўқув машғулоти ўтказилди. Уларда 12 минг нафардан зиёд электорат вакиллари қамраб олинди. Тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари иштирок этди. Ўқув-машғулотларда сиёсатшунос, иқтисодчи, журналист, эл орасида ҳурматга сазовор бўлган шахслардан иборат тарғиботчилар гуруҳи аъзолари фаол иш олиб борганини ҳам алоҳида таъкидлаш даркор.

Тарғиботчилар гуруҳлари партиянинг дастурий мақсадларини аҳолига етказишда муҳим куч ҳисобланади. Шунинг учун тарғиботчи гуруҳлар аъзолари, партия ташкилотлари фаоллари маърузалардан воз кечиб, ўқувларни фикр алмашиш тарзида ташкил этиб бормоқда. Улар аҳоли орасига чуқур кириб, ижтимоий муаммоларни ўрганиб, ечимини топиш юзасидан депутатлик гуруҳлари йиғилишларига тақдим қилмоқда.

Ҳозирги кунда Тошкент вилояти барча туман ва шаҳар кенгашлари қошидаги Ахборот-маърифат хоналарида ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистон Республикаси қонунлари тўплами, ҳуқуқий ва бадиий адабиётлар мавжуд. Бу сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув-семинарлар, тарғибот-ташвиқот гуруҳларини зарур услубий қўлланмалар, тезислар ҳамда қўшимча маълумотлар билан таъминлашда яхши самара бермоқда.

2014 йилнинг ўтган тўрт ойи мобайнида партиянинг вилоят кенгаши томонидан «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида ўтказилган давра суҳбатлари орқали вилоятдаги 800 маҳалла қамраб олинди. Барча туман ва шаҳар партия ташкилотларида ушбу лойиҳа доирасида ўтказилган давра суҳбатларида асосий эътибор партия электорати вакилларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни, ХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг бу борадаги вазифалари, фуқаролик жамияти институтлари билан партиянинг ижтимоий шериклигини янада ривожлантиришга қаратилди.

Умуман, партия ташкилотларининг ҳар бир тадбири ўзининг аниқ йўналтирилган мақсади, мафкуравий қиёфасига эга бўлишига ҳаракат қиляпмиз. Энг муҳими, электорат партиямиз ғояларини фаол қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, бу борада ҳали олдимизда қатор вазифалар турибди. Партиямиз мақсад-муддаосини тарғиб этишнинг энг самарали йўли амалий ишлардир. Сиёсий партиянинг сўзи билан иши бир бўлсагина унинг ғоялари қўллаб-қувватланади, нуфузи ошади, тарафдорлари кўпаяди.

Меҳрож ДАРХОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.