19.06.2014

ОДАМ САВДОСИ — ГЛОБАЛ МУАММО

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Жиззах вилоятининг Дўстлик ва Ғаллаорол туманларида «Одам савдоси ва турли диний экстремистик оқимларга қаршимиз» мавзусида хайрия акцияси ўтказилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Жиззах вилоят кенгаши томонидан туман ҳокимликлари, прокуратураси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда икки мингдан ортиқ фуқаролар иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар томонидан одам савдоси бугун долзарб муаммога айланиб бораётгани, унинг олдини олиш учун нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки кенг жамоатчилик ҳам бирдек масъул экани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига хавф солаётган бу каби иллатлардан огоҳ бўлиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ҳамда одам савдосини олдини олиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш ҳақида фикр юритилди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Жамиятда турли ёт ғоялар, оқимларга қарши курашда аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билими муҳим ўрин тутади. Шу боис партиямиз тизимида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёшларни сиёсий жараёнларга жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини самарали ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, жойларда партия фаоллари, депутатлар ҳамда тарғибот гуруҳлари бу йўналишда кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Афсуски, турли ёт ғоялар таъсирига, асосан, ёшлар кўпроқ тушиб қолмоқда. Бу эса «Истиқбол» ёшлар қаноти олдига ҳам жиддий вазифалар қўяди. Қанот фаоллари ёшлар билан ишлаш, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини ошириш, мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантириш борасидаги ишларини янада кучайтириши лозим.     

Раҳматулла БОЗОРОВ, Дўстлик тумани, 2-гуруҳ ногирони:

— Одам савдоси ва диний экстремизмга қарши кураш бўйича юртимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Аммо ҳар ким ўзининг ҳақ-ҳуқуқини тўла англаши, турли алдовларга учмаслиги, ҳар доим огоҳ бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ушбу иллатга қарши курашда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Маҳлиё ҚАМБАРОВА, Дўстлик туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқувчиси:

— Мамлакатимизда биз ёшларнинг ҳар томонлама баркамол, билимли, соғлом бўлиб вояга етиши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Орзу-интилишларимизни рўёбга чиқариш, иқтидор ва истеъдодимизни камол топтириш борасида нафақат давлат ташкилотлари, шунингдек, кенг жамоатчилик, хусусан, сиёсий партиялар ҳам муайян ишларни амалга оширмоқда. Шу маънода бугун ЎзХДП томонидан ўтказилаётган тадбир чинакам ёшлик, шижоат байрамига айланиб кетди.

Акцияда иштирок этган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган турли ёш ва касбдаги фуқаролар ўртасида икки километр масофага марафон, ўғил болалар ва қизлар ўртасида мини футбол, арқон тортиш, стол тенниси, бадиий гимнастика каби спорт турларида мусобақалар ўтказилди.

Шунингдек, тадбирда депутат ва ҳуқуқшунослардан иборат ишчи гуруҳи томонидан одам савдосидан жабрланганларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида бир қатор маслаҳатлар, тавсиялар берилди, бу борада амалий ишлар режаси белгиланди.

Тадбир сўнггида спорт мусобақаларида иштирок этган йигит-қизларга ЎзХДП Марказий Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Акцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Мастура Сайфуддинова, Шуҳрат Турсунбоев, Искандар Азизов, Мажидхон Усмонов, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси Мўътабар Каримова ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари одам савдосидан жабрланган инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, доимий иш ўринлари билан таъминлаш, саломатлигини тиклашига кўмаклашиш, умуман, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.