19.06.2014

ЎЗБЕК ХАЛҚИ БАХТЛИ ХАЛҚ

Шаръий Абдулҳаким Жузжоний бу фикрни суҳбатимиз давомида алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда Швецияда истиқомат қилаётган ҳуқуқшунослик фанлари доктори, профессор Шаръий Абдулҳаким Жузжоний билан Самарқандда бўлиб ўтган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференцияда учрашиб, суҳбатлашдик.

— Ўзбекистонлик олимлар жаҳон илм-фанида беқиёс ўрин тутишган. Бу ҳақиқатни ушбу халқаро анжуман ҳам кўрсатиб турибди, — дейди у. — Дунёнинг кўплаб машҳур олимлари ушбу конференцияда иштирок этди. Анжуманда барча ташкилий ишлар жуда яхши йўлга қўйилди. Меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш, умуман, улар учун барча қулайликларни яратиб бериш масалалари олий даражада амалга оширилди. Нуфузли конференцияларда кўп қатнашганман, аммо бу каби юксак мақомда ташкиллаштирилган анжуманда биринчи бор иштирок этишим.

Ислом Каримовнинг конференция очилиш маросимидаги маърузаси ҳаммага бирдек маъқул бўлди. У киши ҳақиқий бағрикенглик намунасини кўрсатди, яъни илм-фан бир миллатга эмас, балки бутун инсониятга тегишли эканини таъкидлади.

Ўрта асрларда Шарқда илм-фан гуллаб яшнаган даврда Европада бунинг акси бўлган. Мисол учун Маъмун академиясини олайлик. Абу Райҳон Беруний ва яна бир қатор олимлар академиянинг бутун дунёда машҳур бўлишига муносиб ҳисса қўшди. Ибн Сино ёзган китоблари, қилган илмий ишлари билан улкан хазина қолдирди.

Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фани асосларини яратди. Фанда «алгоритм» атамаси пайдо бўлди. Олим ўз иши билан номини абадийлаштирди.

Аҳмад ал-Фарғоний ҳам кўплаб кашфиётлар қилган. Айниқса, Нил дарёсида қурган ўлчов ускунаси жаҳонда жуда машҳур. Қай бир олимдан сўраманг, бу ҳақда етарли маълумотга эга. Мисрликлар Фарғонийнинг хизматларини юксак баҳолаб, унга ҳайкал ўрнатди.

Замахшарий, Маҳмуд Кошғарий, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек каби олимлар ҳам Ўрта Осиёда илм-фан юксалишида муҳим ўрин тутади. Айниқса, Мирзо Улуғбекнинг амалга оширган ишлари натижасида Самарқанд дунё астрономия марказига айланди. Ўз даврининг энг зўр расадхонасини қурдирди, кучли олимларни атрофига тўплади. Тасаввур қилинг, подшоҳ давлат ишларидан ортиб, илм-фан ривожига шунчалик катта эътибор берса! Улуғбек мадрасасида кўплаб фанлар ўқитилган. Ҳатто аёллар ҳам таҳсил олган. Уларга Улуғбекнинг ўзи дарс берган. Бунақа ҳолатни Шарқдан бошқа жойда учратмайсиз. Алишер Навоий эса адабиёт, маънавият, маданият ва сиёсат осмонининг порлоқ юлдузи.

Ушбу конференция ўзбек илм-фанини жаҳонга яна бир бора танитди, Ўзбекистон ҳукуматининг илм-фан ривожига қўшаётган бугунги ҳиссасини кўрсатиб берди. 

— Конференцияда чет мамлакатлардан кўплаб олимлар қатнашди. Улар ушбу анжуман ҳақида қандай фикр билдиришди?

— Ҳар бир иштирокчининг кўзида мамнунлик, хурсандчилик яққол кўриниб турибди. Франциялик олимлар билан суҳбатлашдим. «Бобурнома»ни араб тилига биринчи бўлиб таржима қилган мисрлик Магида Махлуф билан ҳам фикр алмашдим. Конференция бошланишидан бир кун олдин Регистон майдонида биз учун ажойиб шоу дастури уюштирилди. Меҳмонларнинг ҳаммаси бу маросимдан ҳайратга тушгани шундоқ кўриниб турди.

Конференциянинг очилиш маросимидаги Ислом Каримовнинг маърузасини барча катта эътибор билан тинглади.

Ўзбекистон атрофидаги мамлакатларга қаранг. Айниқса, Афғонистондаги сиёсий беқарорлик кўпчиликни ўйга толдиради. Яқин тарихда шунақа кунлар бўлдики, Кобулдай кичкина шаҳарнинг у бошидан бу бошига танксиз бориб бўлмасди. Шаҳар аҳолиси ичимлик сувисиз қолди. Электр токини гапирмаса ҳам бўлади. Кўп қаватли уйлар ҳам ўтин ёқиб иситилди.

 Ўрта Осиё минтақасида тинчлик ҳар томонлама кафолатланган давлат Ўзбекистондир. Тинчлик бўлган мамлакатда олимлар ўз иши билан хотиржам шуғулланади, шоир ва ёзувчилар ижод қилади. Илм-фан чўққилари забт этилади. Маданият янада тараққий этади.

Айрим кимсаларнинг Ўзбекистон ҳақида салбий фикр билдиришига жим қараб туролмайман. Мен уларга бир гапни айтаман: инсоннинг бахтли яшаши учун энг муҳим жиҳат нима? Одам қачон ўзини эркин ҳис қилади? Албатта, хавфсизлик таъминланган жамиятда. Бу ерда гап ҳарбий кучда эмас. Балки, ғоявий ва маънавий жиҳатдан ҳам хавфсизлик барқарор эканлигида. Асосийси, Ўзбекистон кучли демократик давлат барпо этишда тўғри ва ибратли йўлдан бормоқда. Кимдир келиб бир бинони портлатиши, бошқалар мулкини талон-тарож қилиши демократия эмас! 

Ислом Каримовнинг энг катта ютуғи мустақилликни эълон қилганидан кейин минтақада тинчликни сақлаб қолди. Турли урушларнинг олдини олди.

— Президентимиз маърузасида алоҳида эътироф этилган олимлардан бири америкалик Фредерик Старр бўлди. 2014 йил февраль ойида «The New York Times» газетасида унинг «Ҳақиқий Ислом Марказий Осиёда» номли мақоласи эълон қилинди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонда диний бағрикенгликка асосланган демократик давлат қуриш борасида қилинаётган ишларни аҳолисининг аксарият қисми мусулмон бўлган бошқа давлатларга намуна қилиб кўрсатган...

— Дарҳақиқат, Ўзбекистонда диний ва дунёвий илм олиш борасида тўла эркинлик ўрнатилган. Ҳар ким ўзи хоҳлагандек билим олиш ҳуқуқига эга. Тарихга назар соладиган бўлсак, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳам диний, ҳам дунёвий илмни мукаммал эгаллаган олимлар яшаган.

Ўзбекистонда ислом ҳам, илм-фан ҳам, цивилизация ҳам, тараққиёт ҳам бор.

— Домла, ҳозирда нималар билан бандсиз?

— Айни пайтда пенсиядаман. Швеция пойтахти Стокгольмда яшаяпман. Асосан, жамоат ишлари билан шуғулланаман. У ерда 200 нафар атрофида ўзбек истиқомат қилади. Бизнинг «Babur kulturi anjumani» номли ташкилотимиз бор. Мен унинг раҳбариман. Ташкилотимиз сайти — babur.org орқали ўзбек ва форс тилида маълумотлар тарқатамиз. Тарихий саналарни, буюк бобокалонларимиз туғилган кунларини нишонлаймиз. Яқинда «Давлатга раҳбарлик масаласи: ўзбек давлатчилиги тарихи ва янги бир босқич» номли мақолам чоп этилди.

Унда мустақиллик даврида Ўзбекистонда Ислом Каримов томонидан демократик давлат қуриш сиёсати ҳақида батафсил маълумот бердим. Ўша даврда турли тўсиқлар бор эди. Улардан қандай қилиб ўтилди? Миллий хавфсизлик қандай таъминланди? Миллий армия қандай тузилди? Иқтисодиёт қандай тикланди? Шуларни таҳлил қилдим.  Афғонистон масаласига ҳам алоҳида тўхталдим.

— Ўзбекистон халқига тилакларингиз?

— Мен Ўзбекистонни ватаним, деб биламан. Чунки бу ерда 18 йил яшаганман. Қўлимдан келганича хизмат қилганман. Ўзбек матбуотида 120 дан ортиқ мақолаларим эълон қилинган.

Ўзбек халқи бахтли халқ. Улар одамлари эъзозланадиган, илм-фан ривож топаётган давлатда яшамоқда. Бу кунларни қадрига етиш керак. Бугун дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам юз минглаб одамлар ишидан ажралиб, кўчада қолмоқда.

Энг асосийси, юқорида айтганимдек, Ўзбекистонда хавфсизлик масаласи тўла ҳал қилинган. Хавфсиз жойда сув ҳам, нон ҳам бўлади. Одамлар ҳеч нарсадан қўрқмай яшайди. Ўзбекистон кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Қишлоқларга боринг, одамларнинг яшаш шароитини кўринг.

Тилагим, Ислом Каримов ўзбек халқининг бахтига доимо соғ-омон бўлсин. Мен чет элда яшаётган ўзбек сифатида у кишининг амалга ошираётган ишларини юқори баҳолайман.

Ўзбек халқига шу гапни айтаманки, сизлар бахтли халқсизлар. Келажагингиз порлоқ. Уйингизда фақат тўй, хурсандчилик бўлсин. Яна дийдор кўришиш насиб қилсин.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.