18.06.2014

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАРДАГИ ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ:

ваколат, масъулият, ишонч

Бу масала Фуқаролик жамияти  шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинар-тренингда муҳокама этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари фаоллигини ошириш, партия ташкилотлари ходимларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, семинарда маҳаллий Кенгашларга бўладиган сайловларда муносиб номзодларни танлаш, уларни мазкур жараёнга тайёрлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.

Семинар-тренингда халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ЎзХДПдан сайланган депутатлар, партия ташкилотлари раислари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари ҳамда ҳуқуқшунос-экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, юридик фанлар номзоди Азиз Йўлдошев ўз маърузасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари учун яратилган ҳуқуқий асослар ҳақида фикр юритди.

— Бугун маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг жойлардаги муҳим ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этишдаги иштироки кучайиб бормоқда, — деди у. — Конституциямизнинг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддалари ҳамда «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар уларнинг бу борадаги ваколатларини янада кенгайтирди. Хусусан, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуннинг 141-моддаси орқали партия гуруҳларининг ҳуқуқ ва ваколатлари янада ошди.

Шунингдек, партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва халқ депутатлари Кенгашига киритиладиган масалалар бўйича таклифи албатта кўриб чиқилиши кўрсатилган. Мазкур норма эса партия гуруҳларини янада фаол бўлиш, ҳар бир масала юзасидан ўз позициясини билдириш, ўзи таянадиган қатлам вакиллари манфаатларини тўлақонли ифодалашига замин яратади.

Умуман олганда, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотлар сиёсий партиялар, уларнинг маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари учун катта имкониятлар бермоқда. Фақатгина ушбу ваколатлардан ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида янада самарали фойдаланиш зарур.

Бунинг учун семинар давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари ва доимий комиссиялари йиғилишлари муҳокамасига партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларини акс эттирувчи аниқ ижтимоий масалаларни киритиш, қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси устидан назорат ўрнатишда партия гуруҳлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги юзасидан мутахассислар томонидан атрофлича маълумот ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, семинарда сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Хусусан, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Алишер Қандалатов сайлов жараёнида муносиб номзодларни танлаш ва уларни тайёрлаш масалалари хусусида сўз юритди.

— Сайлов жараёнига ҳар бир партия ташкилоти жиддий масъулият билан ёндашиши керак, — деди у. — Депутатликка номзодларни танлашда биринчи навбатда унинг партия ғоялари ва дастурий мақсадларидан тўла хабардорлиги, сиёсий жараёнларни тушунишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса, номзод ҳақида у меҳнат қилаётган жамоа, маҳалладошларининг фикрини ўрганиш, ҳаёт тажрибасини инобатга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Чунки депутат одамлар орасида катта ҳурмат-эътиборга эга бўлиши, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур билиши лозим. Шунда у ўз олдига аниқ мақсад қўяди, партия ғояларини садоқат билан амалга оширишга интилади.

Шунингдек, номзодларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимига алоҳида эътибор бериш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши долзарб аҳамият касб этади.

Семинар-тренинг якунида кўрилган барча масалалар юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.