Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
17.06.2014

ОЗИҚ-ОВҚАТ ТАЪМИНОТИ МАСАЛАЛАРИ

ЎзХДП депутатлари зиммасига жиддий вазифалар юклайди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи, унда билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар муҳокама этилди.

Бугунги кунда дунёда инсониятнинг озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжини қондириш тобора қийинлашмоқда. Натижада одамларнинг соғлиғи, болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланиши жиддий хавф остида қолмоқда. Ер юзида аҳоли сони ўсгани, экологик муаммолар кўпайгани сайин табиий озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, ишлаб чиқариш муаммога айланмоқда. Мана шундай мураккаб шароитда озиқ-овқат таъминоти, унинг хавфсизлиги ҳақида ўйлаб, ҳар томонлама пухта чоралар кўриш долзарб масаладир.

Президентимиз Ислом Каримов мазкур конференцияда бу борада мамлакатимизда муҳим ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганини, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат етиштириш соҳасини қўллаб-қувватлаш орқали юқори натижаларга эришилаётганини таъкидлади.

Алишер СОДИҚОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу халқаро конференциянинг юртимизда ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги аҳамиятини юқори баҳолайди. Озиқ-овқат таъминоти, шу билан бирга, экспортини оширишга қаратилган сиёсатни ўзининг дастурий мақсадларига мос деб билади, унинг ривожланишини қўллаб-қувватлайди. Партиямиз Сайловолди дастурида ҳам ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан тўлдириш борасида муайян вазифалар ўрин олган.

Президентимиз нутқида қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини ва ирригация тизимини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш ишларини давом эттириш ва чуқурлаштириш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан келиб чиқиб, фракциямиз ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари соҳани янада жадал тараққий эттиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиши ва уларни амалга ошириши зарур, деб ҳисоблайман. Бу, ўз навбатида, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фаровонликни таъминлаш билан боғлиқ қатор ижтимоий масалалар самарали ҳал этилишига хизмат қилади.

Комил ОЧИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Инсон саломатлиги, жисмоний ва ақлий ривожланиши биринчи навбатда озиқ-овқат таъминоти билан чамбарчас боғлиқ. Мустақиллик йилларида юртимизда озиқ-овқат экинлари учун ер майдонларининг кенгайтирилгани, уларнинг мелиоратив ҳолати муттасил яхшиланаётгани, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бугунги ютуқларимизга омил бўлаяпти.

Жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар фақат бизнинг минтақамизда етиштирилиши мумкинлигига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас.

Бугун мамлакатимиз 80 та давлатга 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилаяпти, айрим мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда шундай маҳсулотларни етказиб берадиган ўнта етакчи давлат қаторига киради.

Ҳаётимиз кундан-кун тараққий этиб, аҳоли сони ошиб борар экан, табиий, сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш масаласи ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди. Шундай экан, биз озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги билан боғлиқ қонунларни янада такомиллаштириш, улар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш борасида ташаббуслар билан чиқишимиз керак.

Конференция озиқ-овқат дастурини амалга ошириш тажрибасини янада мустаҳкамлаш, янги билим ва технологиялар билан бойитиш учун имконият беради. Мазкур халқаро анжуман янги алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга замин яратади.

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик  палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг «2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастурининг бажарилиши ҳақида»ги ахбороти эшитилиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Унда фракциямиз аъзолари дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ муаммолар кузатилаётган шароитда ҳам Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, энг зарур маҳсулотларни аҳолига етказиб бериш бўйича тизимли чоралар кўрилаётганини қайд этди. Шу билан бирга, соҳага оид қонунчилик ва давлат дастурларининг бажарилиши устидан парламент, жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини янада равнақ топтиришга қаратилган лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш, илғор тажрибаларни жорий қилиш, нарх-наво сунъий равишда ўсиб кетишининг олдини олиш долзарб аҳамиятга эга.

Фракция йиғилишида, шунингдек, аҳолида тўғри овқатланиш кўникмаларини шакллантириш, бу борада мутахассислар, ҳамкор ташкилотлар билан бирга тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, таъсирчан тадбирлар ўтказиш масалаларида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан билдирилган таклифлар асосида ЎзХДП фракцияси фаолиятининг муҳим йўналишлари белгилаб олинди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.