12.06.2014

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ КАФОЛАТЛАРИ

янада мустаҳкам бўлиши лозим

Тақдир тақозоси билан айрим инсонларнинг жисмоний имконияти чекланган бўлади. Лекин бу уларнинг ҳуқуқлари амалга ошишига тўсиқ бўлмаслиги керак. Ҳаммага ҳаёт бир марта ато этилади. Берилган умрни яхши яшаш, орзу-ниятларига етишишга барча бирдек ҳақли.

Шунинг учун мамлакатимизда ногиронларни тўлақонли ҳаётга мослаштириш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Хусусан, 2008 йилда «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2009 йил февраль ойида мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ногиронлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Конвенциясини имзолади. 2011 йилда Президентимизнинг «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Хўш, бугун мазкур ҳуқуқий кафолатлар асосида қандай ишлар олиб борилаяпти? Жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича ижобий натижалар, мавжуд муаммолар нималардан иборат? Уларнинг ечими учун нима қилмоқ керак?

ЎзХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ҳамкорлигида ўтказилган амалий семинарда шу масалаларга эътибор қаратилди.

Улуғбек ВАФОЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари:

— Инсон манфаатини ҳимоя қилиш, барча фуқаролар муносиб турмуш кечириши учун кенг шароит яратиш, имконияти чекланган кишилар, кам таъминланганлар давлат ҳамда жамият эътиборидан четда қолмаслиги учун юртимизда тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. ЎзХДП ҳам шу жараёнда фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпти.

Ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтириш, уй-жой ҳамда маиший шароитларини яхшилаш бўйича партия ташкилотларининг амалий ишларини кучайтириш бугун олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир.

Аввало, соҳага тегишли қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан депутатлик ва парламент назоратини изчил олиб боришимиз керак. Бугунги кунда мутасадди давлат идоралари ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ишларини қандай йўлга қўйган, уларга қандай ёрдам ва амалий таклифлар керак? Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари бу ҳақда доим иш олиб бориши, шу йўналишда тизимли назорат-таҳлилни амалга ошириш зарур. Шунда аниқ факт ва рақамларга асосланган хулосалар чиқариш, фойдали таклифлар бериш имкони бўлади.

Фахриддин РАЖАБОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш, улар ҳамма қатори яшаши, таълим олиши ва ишлашига эътибор кучайди. Бу борада қилинган ишларнинг барчаси жисмоний имконияти чекланган кишиларни нафақат қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда.

Бироқ жамият ривожланган сари, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш зарурати юзага келади. Бошланган ишларни ривожлантириш, янги босқичга кўтариш эҳтиёжи туғилади. Бу — табиий ҳол. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлаштириб бориш масаласи ҳам бундан ҳоли эмас.

Мисол учун, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни ногирон, деб топиш тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан, 16 ёшгача бўлган болаларни ногирон, деб топиш эса тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан амалга оширилади. Бугун амалиётда ногиронликни белгилаш ишлари тегишли низом ва йўриқномалар асосида олиб борилаяпти. Аслида ногиронликни белгилаш билан боғлиқ муносабатлар қонунда акс этиши лозим.

Шунингдек, ногиронлар ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ қонунчиликда тиббий-ижтимоий экспертизани ташкил этиш, унинг мақсади ва вазифаларини белгилаш масалалари ҳам инобатга олиниши керак.

Суяржон ҚУРБАНҚУЛОВ, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси:

— Қонунчиликка кўра, давлат ногиронларнинг ижтимоий ёрдамга эҳтиёжларини ҳисобга олади, ногиронларни реабилитация ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тегишли дастурларни амалга оширади, ногиронларнинг жамият ҳаётида қатнашиши учун шароит яратади, улар камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўради.

Шулардан келиб чиқиб, мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ногиронларга ҳар йили ўрта ҳисобда ўн мингдан ортиқ ортопед-протез воситалари, уч мингта ногиронлар аравачаси, бир ярим мингдан зиёд эшитиш мосламаси ва 4 мингдан ортиқ қўлтиқтаёқ берилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ногиронлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Конвенцияси бўйича яқинда 80 банддан иборат Миллий дастур лойиҳаси тайёрланди. Шунингдек, Конвенция билан боғлиқ бошқа қатор ишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Ўтган йили БМТ томонидан ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистонга бир нечта тавсия берилган. Мамлакатимиз мазкур тавсияларнинг аксариятини қабул қилди. Шу асосда ногиронлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ишлари янада такомиллаштирилмоқда. Хусусан, тегишли қонунчилигимизни ногиронлар ҳуқуқларига доир халқаро меъёрларга мослаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Семинар давомида ногиронларни уларнинг имкониятидан келиб чиқиб иш билан таъминлашга кўмаклашиш, бу борада ЎзХДП ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг фаолиятини кучайтириш масаласига эътибор қаратилди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонунчиликда ногиронларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш давлат таълим стандартлари асосида оиладаги таълим ва мустақил таълим шаклларида амалга оширилиши белгиланган.

Мутасадди давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ногирон болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шароит яратишни кўзда тутиши керак. Аммо бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам талаб даражасида эмас. Тўғри, ногиронларнинг ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш қисқа муддатда маълум ташкилотларнинг сайъ-ҳаракати билан бўлиши қийин. Шунинг учун партиямиз ташкилотлари, фракциямиз ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз ҳамкор ва масъул ташкилотлар билан биргаликда ишлаши зарур. Ногиронларнинг манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилса, чиқарилган хулосалар асосида маҳаллий Кенгашлар сессияларига масалалар киритилса, мавжуд вазият ва истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилса, керак бўлса, биз бу борада парламент назоратини кучайтириш бўйича ташаббусларни илгари сурсак, амалий натижалар кўпроқ бўлади, деб ўйлайман.

Абдулло АБДУХАЛИЛОВ, Ўзбекистон Миллий университети катта ўқитувчиси:

— Биламизки, бугун дунёда инклюзив таълим бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Бу борада халқаро ташкилотлар томонидан муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бизнинг мамлакатимизда ҳам мазкур йўналишда яхши натижаларга эришилаётганини таъкидлаш зарур. Назаримда, инклюзив таълимни ривожлантириш, ногиронлар учун махсус дарслар ташкил этиш, замонавий ва самарали таълимнинг имкониятларидан фойдаланиш масаласига эътиборни янада кучайтириш лозим.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Партиямиз дастурий мақсадларида жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари етакчи ўринлардан бирида туради. Бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хўш, олдимизда қандай вазифалар турибди?

Аввало, маҳаллий партия кенгашлари ва партия гуруҳларининг ногиронлар жамиятининг маҳаллий бўлимлари билан тизимли ишлашини ташкил этишимиз керак. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш масалалари шу орқали ойдинлашади.

Жисмоний имконияти чекланган болаларни узлуксиз таълимга жалб қилиш бўйича ота-оналар, педагоглар учун семинарлар, ўқувлар ташкил этишимиз керак. Негаки, айрим ота-оналарнинг эътиборсизлиги билан ногирон болалар таълимдан узилиб қолаётган ҳоллар ҳам учраб турибди.

Ногиронлар қонун билан тақиқланмаган меҳнат фаолиятини амалга оширишга ҳақли. Шу боис мамлакатимизда ногиронларни иш билан таъминлашга жиддий эътибор қаратиб келинади. Бу масала бевосита партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлгани учун бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди.

Семинарда, шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси кенгаши раиси Абдумажид Каримов, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси ўринбосари Ойбек Исоқов, Тошкент шаҳар Ногиронлар жамияти раиси Феруза Васиқова, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Марказий раёсати раиси Комил Абдуллаев, Тадбиркор ногиронлар Ассоциацияси бошлиғи Фарҳод Абдураҳмонов сўзга чиқиб, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир сўнггида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ўртасида жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.