Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
12.06.2014

ЙИГИРМАГА ЯҚИН ТАКЛИФ

қонун лойиҳасида ўз ифодасини топди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди. Бунда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича шакллантирилган таклифларни янада меъёрига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Хўш, Ижтимоий шериклик ўзи нима дегани? Уни қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш қандай аҳамиятга эга?

Қонун лойиҳаси муҳокамаси, депутатлар билдирган фикр-мулоҳазалар тафсилотидан олдин мазкур саволларнинг жавобига тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз. Чунки ижтимоий шериклик қонунчилигимизда ўзига хос янги институтлардан биридир.

Давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, минтақавий ва ҳудудий дастурларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришдаги ҳамкорлиги ижтимоий шериклик ҳисобланади. Қонун лойиҳасида ижтимоий шериклик тушунчасига шундай таъриф берилмоқда.

Маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари турли соҳалар ва тармоқларни ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш мақсадида хилма-хил дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Бундай дастурларда қайси йўналишларда қандай ишларни бажариш табиийки уларнинг ўзлари томонидан белгиланади. Шу сабабли давлат органлари жамият эҳтиёжи, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини ҳар доим ҳам тўлиқ қамраб ололмаслиги мумкин.

Жамиятда қайси муаммо долзарб, маблағ ва эътиборни кўпроқ қайси масалаларга қаратган маъқул, қандай йўл тутилса, дастурлар янада кўпроқ самара келтиради? Нодавлат нотижорат ташкилотлар, умумий қилиб айтганда, фуқаролик жамияти институтлари иштироки шу каби саволларга энг мақбул жавоб топишда муҳим ўрин тутади. Сиёсатчилар, олим ва мутахассисларнинг таъкидлашича, фуқаролик жамияти институтлари жамиятни, фуқаролар хоҳиш-иродасини яхшироқ билади.

Демак, ижтимоий шериклик жамиятни ич-ичидан чуқурроқ ўрганишда, соҳалар ва тармоқларни ривожлантириш, муайян муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий дастурларни самарали ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда, фуқароларнинг фаоллиги ҳамда жамоатчилик назорати кучайишида долзарб аҳамият касб этади.

ЎзХДП фракцияси аъзолари «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида унинг заруратига, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратишди.

Зиёвиддин МАНСУРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Халқимизда азалдан жамоат манфаати билан боғлиқ масалаларни кенгашиб, таклиф-мулоҳазалар асосида ҳал қилиш одати бор. Ижтимоий шерикликнинг қонуний асослари мустаҳкамланиши бу анъанани замонавий мезон ва меъёрларга таянган ҳолда изчил ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Қонун лойиҳасида ижтимоий шерикликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилаяпти. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш каби йўналишлар шулар жумласидан. Бу масалалар партиямиз дастурий мақсадлари, электорати манфаатлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Шунинг учун биз қонун лойиҳасини ҳар томонлама пишиқ қилиб тайёрлашга, электорат вакилларидан кўпроқ таклиф-мулоҳазалар олишга эътибор бердик. Айтиш жоизки, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда фракциямиз берган 20 га яқин таклиф инобатга олинди.

Гулноза ЭРНАЗАРОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП  фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, давлат ва жамиятнинг ўзаро ҳамкорлигига оид тўпланган миллий ҳамда хорижий тажриба ўз ифодасини топган.

Шу боис унинг қабул қилиниши ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни ишлаб чиқишда аҳоли турли қатламларининг манфаатлари ва эҳтиёжлари ҳисобга олинишига шароит яратади, шунингдек, уларни амалга оширишда давлат ва жамият кучи, салоҳиятини бирлаштиришга, демакки, юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, давлат органлари нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббус ҳамда таклифларини кўриб чиқиши шартлиги белгиланаяпти. Фракциямиз таклифларини шакллантиришда мазкур масалаларни, ижтимоий шерикликнинг қабул қилинган дастурлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги аҳамиятини ҳам ҳисобга олдик.

ЎзХДП фракцияси муҳокамалардан кейин «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқилишини маъқуллаб, қарор қабул қилди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.