12.06.2014

ДОНИШМАНДЛАР АКАДЕМИЯСИ

ёки Хўжаилмкони қишлоғи тарихи ҳақида

Китоб шаҳридан кунчиқар томондаги тоғ қишлоғи — Хўжаилмконига етиб келганимизда қуёш айни қиздираётган пайт эди. Тонгда тушган ёмғир томчилари дарахтлар, майсалар баргида товланади. Тоғ чўққилари узра оппоқ булутлар парвоз қилади.

Тепалик ёнбошида, олдидан бир тегирмон сув оқиб турган чинорга кўзимиз тушади. Мутахассислар унинг 1200 ёшга кирганлигини аниқлашган. Бироз юргач, устини тим ёпиб турган улкан сағана олдидан чиқамиз. Қора мармартош билан ўралган, эни 12 метрлик хилхона ҳамиша зиёратчилар билан гавжум.

— Қишлоғимиз тарихи энди-энди ўрганиляпти, — дейди оқсоқол Мирсаид Мансуров. — Очиғи, узоқ йиллар ушбу сағана-мақбара қаровсиз ётди. Ҳукуматимизга раҳмат, ота-боболаримиз асраб-авайлаб келган тарихий қадамжони таъмирлаш ва обод қилиш, ён-атрофини кўкаламзорлаштириш учун катта маблағ ажратди. Қишлоқ аҳли ҳам ҳашарда қатнашяпти. Янги йўллар қурилди, манзарали дарахт кўчатлари экилиб, мўъжазгина боғ барпо этилди.

Қишлоқнинг Хўжаилмкони деб номланишида рамзий маъно бор. Чунки қадимда Амканак, Имкана, Хўжаимкана, Хўжақишлоқ номлари билан аталган бу қишлоқ доимо улуғ зотлар, юксак ақл-идрок соҳиблари, илм-маърифат намояндалари маскани бўлган.

Таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватовнинг мазкур қишлоқ тарихига бағишланган китобида «Хўжаилмкони ўз даврининг машҳур илм-фан академияси бўлиб, унда аҳли донишлар жам бўлишган», дея ёзади. Шундан бўлса керак, қадимий сағанага қайси улуғ зот дафн этилгани тадқиқотчиларни қизиқтириб келаётганди. Фақат 2013 йилда ўтказилган илмий-амалий конференцияда бу жумбоқ ўз ечимини топди.

— Хожа Баҳоуддин Нақшбанд юбилейига бағишлаб нашр этилган «Дурдона» китобида аждодлари пайғамбаримизга бориб тақаладиган 39 нафар пиру-комилнинг рўйхати берилган. Унда Муҳаммад Дарвеш ва Хожаги Имканагийнинг ҳам номлари келтирилган, — дейди журналист Салоҳиддин Исомиддинов. — Муҳаммад Дарвешнинг отаси Термиз саидларидан бўлган. Бу зот тасаввуфга оид бир қанча китоблар ёзиб қолдирган. Унинг ўғли мавлоно Абулбоқи Хожа Имканагий эса қишлоғимиздаги шу қабрга дафн этилган.

Тадқиқотлар натижасида у зотнинг 90 йил умр кўргани ва 1601-1602 йилларда вафот этгани аниқланган. Дастлабки сабоқни отасидан олиб, кейинчалик Самарқанддаги мадрасада таҳсил кўрган. Нақшбандий тариқатини жаҳонга ёйишга муносиб ҳисса қўшган аллома ўз замонасининг «Қутблар қутби» дея улуғланган. Унинг таълимоти шогирдлари орқали ҳатто Ҳиндистонда ҳам довруғ қозонган.

Мавлоно нафақат диний, балки ўз даврининг дунёвий илмларини ҳам чуқур эгаллаган. Масалан, Хожа Имканагий раҳбарлигида ер ости сувларини йиғиш ва уларни ер юзасига чиқариш учун қурилган қадимги мураккаб сув иншооти — коризлар барпо этилган. Шу орқали қишлоққа сув келтирилган.

Эътиборлиси шундаки, бир неча асрлар аввал қурилган 13 кориз ҳали-ҳамон ишлаб турибди. Бу ноёб иншоотлар ҳалигача ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

Шунингдек, мавлоно мадраса қурдириб, йиллар мобайнида толиби-илмларга ҳам диний, ҳам дунёвий фанлардан сабоқ берган. Афсуски, мустабид тузум даврида мадраса вайронага айлантирилди. Ҳозирги кунгача фақат битта хонақоҳ сақланиб қолган, холос.

Сағанадан анча нарида, тепаликнинг устида қурилган ноёб обидага яқин келамиз. Манбаларда бу иншоот ҳазратнинг ўғиллари мавлоно Абул Қосим томонидан 1601-1602 йилларда қурдирилгани ёзиб қолдирилган. Бинонинг узунлиги 24 метр, эни 20 метрдан ортиқ. Томи гумбазли.

Бу тарихий масканга баҳорнинг илк кунларида келганимизда таъмирлаш ишлари бошланган эди. Бугун реконструкция жараёнининг биринчи навбати якунига етганига гувоҳ бўлдик.

Вазирлар Маҳкамасининг Қашқадарё вилоятида туризмни ривожлантириш Дастурини тасдиқлаш ҳақидаги қарорида 43 тарихий-маданий биноларни таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш белгиланган. Улар орасида аллома Хожа Имканагий ва у зотнинг ўғиллари томонидан бунёд этилган обида ҳам бор.

Президентимиз Самарқандда ўтган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак, деб айтаман. Айни вақтда фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!, деб такрорлайман, дея алоҳида таъкидлаган эди.

Шу маънода Хўжаилмкони қишлоғи тарихи ва бу заминда туғилиб ўсган етук алломаларнинг ибратли ҳаёт йўли, илмий фаолияти ҳамда асарларини тадқиқ қилиш бугунги кунда тарихчи олимларимиз зиммасидаги вазифалардан биридир. Бу эса юртимиз илм-фанида янги саҳифа очилишига хизмат қилади.

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.