Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
10.06.2014

БУГУННИНГ ЁШ СИЁСАТЧИЛАРИ

Пскент туманидаги Болалар мусиқа ва санъат мактаби тантаналар зали байрамона безатилган. Йиғилганлар нигоҳида ҳаяжон, қувонч... Улардан 17 нафари «Ёш сиёсатчи — 2014» танловининг Тошкент вилоят босқичи иштирокчиларидир.

— Яхши тайёргарлик билан келганингиз сезилиб турибди, — танловнинг Бекобод туман босқичи ғолиби Нигора Бобораимовани суҳбатга тортдик. — Вилоят босқичига чиқишнинг ўзи ҳам осон эмас, албатта. Тайёргарлик пайтида нималарга кўпроқ эътибор бердингиз, нималарни ўргандингиз?

— Туманимизда танлов жуда қизиқарли ўтди, баҳс-мунозаралар кучли бўлди. Чунки иштирокчиларнинг ҳар бири ўз олдига ғолиб бўлиб, навбатдаги босқичга чиқаман, деган мақсадни қўйганди. Табиийки, менинг ҳам ниятим шу эди. Президентимиз асарлари, қонун ҳужжатлари, жуда кўп сиёсий адабиётлар, пар-тиямиз ҳамда бошқа сиёсий партиялар дастурлари ва сайловолди дастурларини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Билмаганларимни тажрибали устозларимдан сўраб ўр-гандим.

Ҳар бир қатнашчи ўзига шундай қатъий ишонч билан баҳсга киришди.

Биринчи шарт — лойиҳа тақдимоти. Ёш сиёсатчи муайян ҳудуддаги бирор бир ижтимоий масалани ҳал этишга қаратилган янги ғояларни акс эттирадиган лойиҳани тақдим этиши керак.

— Ҳудудимизда вақтинча фойдаланилмаётган, бўш турган бинолар бор, — деди Паркент туманидан Пирмуҳаммад Равшанбоев. — Мен шундай биноларда кичик-кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш субъектлари ташкил этиш лойи-ҳасини ишлаб чиқдим. Бунинг учун жуда катта сармоя талаб этилмайди. Бундан ташқари, ўз ишини ташкил этиш ниятида юрган, лекин жой масаласида муаммога дуч келаётган тенгдошларим учун бу айни муддао бўлади. Натижада касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган кўплаб ёшлар иш билан таъминланади.

— Чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ҳақида ҳаммамиз яхши биламиз, — деди Оҳангарон туманидан Нигора Абдуллаева. — Улардан тарқаладиган зарарли газлар инсон саломатлигига хавф туғдиради. Айниқса, полиэтилен маҳсулотлари табиий равишда йўқ бўлиб кетиши бир неча юз йилни талаб этади. Менинг лойиҳам пластмасса чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган. Дастлаб маҳсулотлар махсус идишларда ювилади, қуритилади ва эритилади. Сўнг ундан сув қувурлари ишлаб чиқарилади. Бу лойиҳа амалга оширилиши натижасида пластмасса чиқиндилари табиатга зарар етказмайди, аксинча, фойда келтиради. Энг муҳими, камида 25 иш ўрни яратилади.

— Шаҳримизда арзон ва сифатли болалар кийимлари ишлаб чиқарадиган корхона ташкил этмоқчиман,— деди Олмалиқ шаҳридан Жасурбек Тоғаев. — Унда ишлаб чиқариладиган болалар кийим-кечаклари бошқа ҳудудлардан келтирилаётганларига нисбатан 20-30 фоиз арзон бўлади...

Иккинчи шартда эса улар Президентимиз асарлари, Конституция, сиёсий партиялар, парламент, сайлов жараёнлари, ёшларга оид қонунлар, Оила, Меҳнат кодекслари, ЎзХДП Дастури ҳамда «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолияти бўйича саволларга жавоб беришди.

— Тўғрисини айтиш керак, савол-жавоб шарти мен учун бироз мураккаб бўлди, — дейди Бекобод шаҳридан Элёр Парпиалиев. — Техника-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқийман. Йўналишим бошқа бўлса-да, бу шартга қунт билан тайёрлангандим. Саволларга имкон қадар тўлиқ ва аниқ жавоб беришга ҳаракат қилдим. Сиёсий ва ҳуқуқий билимларимни синовдан ўтказишим учун яхши имко-ният бўлди бу.

— Ўзим ҳамшираман, — дейди Қуйи Чирчиқ туманидан Сурайё Ҳасанова. — Тиббиёт ходимлари ҳам албатта мамлакатимизнинг сиёсий ҳаёти, жамиятдаги ўзгариш ва янгиланишлар, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида чуқур билимга эга бўлиши керак. Мен шу мақсадда ЎзХДПга аъзо бўлганман. Танловнинг мен учун аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотларни теранроқ англаб, биз, ёшларга яратилган шарт-шароитлар ва берилаётган имкониятлар билан яқинроқ танишиб чиқдим.

Таъкидлаш керакки, сиёсатчи фаолиятида нотиқликнинг ўрни жуда муҳим. Кўрик-танловнинг учинчи шарти айнан нотиқлик маҳоратини намоён этишга қаратилган.

— Иштирокчилар мазкур шартга ҳақиқатан ҳам пухта тайёргарлик кўрган экан, — дейди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Алишер Қандолатов. — Ҳар бир иштирокчининг танланган мавзу юза-сидан айтадиган ўз фикри ва мулоҳазаси бор. Айниқса, Оҳангарон туманидан -Нигора Абдуллаева мамлакатимиз мустақиллиги осон қўлга киритилмагани, бунинг учун қанча-қанча йўқотишлар бўлганини, буни ҳар бир ёш авлод теран англаши кераклигини таъсирли баён қилди. Шунингдек, Янгийўл туманидан Отабек Мирзаев минбарда ўзини тутиши, аудитория билан ишлаш усули ҳамда билимдонлиги орқали ҳакамлар эътиборига тушди.

— Сиёсатчи билимли бўлиш билан бирга, ўз фикрини тушунарли қилиб етказиб бера олиши ҳам керак, — дейди Пскент туманидан Замира Довутхонова. — Нотиқлик санъати шарти бизни айнан шунга ўргатди. Тайёргарлик давомида одамлар олдида ўзимни тутишни, фикримни қизиқарли қилиб етказиб бериш усулларини ўргандим. Сиёсатчи, депутат бўлишда булар менга албатта асқотишига ишонаман.

Иштирокчиларнинг ҳар бири танловда ана шундай шижоат, куч-ғайрат ва мароқ билан қатнашди. Бу уларнинг ўз мақсад ва истакларини бирлаштирган лойиҳаларини тақдим этишлари, саволларга дадиллик билан жавоб беришлари ҳамда фикр-мулоҳазаларини тингловчиларга етказа олишларида яққол сезилиб турди.

— Танлов вилоятнинг барча барча шаҳар ва туманларида қизиқарли ўтди, — дейди «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси Илмижаҳон Тлеубергенова. — Кимдир ғояси, кимдир билими, яна кимдир аудитория билан ишлаш маҳоратини намоён этди.

Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, танлов ғолибларини аниқлаш ҳакамлар учун осон бўлмади.

Уларнинг ҳар бири ғолибликка муносиб эди. Аммо танлов қонунияти бошқача... Тўпланган балларга кўра, учинчи ўринни икки иштирокчи — Янгийўл туманидан Отабек Мирзаев, Оҳангарон туманидан Нигора Абдуллаева, иккинчи ўринни Чиноз туманидан Маъмур Абдусоатов, биринчи ўринни Қибрай туманидан Нуршод Рамазонов эгаллади.

Шунингдек, Пскент туманидан Замира Довутхонова «Энг зукко иштирокчи», Чирчиқ шаҳридан Камила Худайбергенова «Энг яхши ижтимоий лойиҳа муаллифи», Оҳангарон туманидан Нигора Абдуллаева «Энг яхши нотиқ» номинацияси ғолиби бўлишди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.