07.06.2014

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИНИ САМАРАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА

ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятлари

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида «Партия электорати манфаатларини самарали ҳимоя қилишда ахборотдан эркин фойдаланиш имкониятлари» мавзуида минтақавий амалий семинар ташкил этди.

Мазкур анжуманда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари ва экспертлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Андижон, Наманган, Фарғона вилоят партия кенгашлари раислари ҳамда уларнинг мафкуравий масалалар бўйича ўринбосарлари, водий вилоятларининг шаҳар, туман партия ташкилотлари фаоллари, ахборот-маърифат хоналарига бириктирилган масъул ходимлари иштирок этди.

Таъкидландики, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун аҳолининг давлат тузилмалари фаолияти ҳақида ўз вақтида ахборот олиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар олдида масъулиятини ошириш ҳамда шу орқали ҳудудларни янада жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади. Шу сабабли ҳам мазкур Қонунни жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш шу кунларда партия ташкилотлари ўтказаётган тадбирларнинг асосий мавзусига айланган.

Семинар доирасида Бўз ва Шаҳрихон туман партия кенгашлари ахборот-маърифат хоналари тажрибаси акс этган кўргазма ташкил этилди, «Китоб марафони» ўтказилди. Бу эса партия фаолларига тажриба алмашиш, илғор ютуқлардан фойдаланиб, Ахборот-маърифат хоналари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашиш имкониятини яратди.

Семинарда ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун ва унинг партия электорати манфаатини ҳимоя қилишдаги аҳамияти хусусида сўз юритди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

— Ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, кундалик турмуши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлади, — деди у. — Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти юзасидан тегишли ахборотларни олишда аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами энг кўп қийинчиликларга дуч келар эди. Айниқса, турли идораларга мурожаат қилиб, жавоб кутиб вақт йўқотарди. Энди улар ўз манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлган ахборотларни ҳеч қандай қийинчиликсиз олади.

Шу боис ЎзХДП ташкилотлари, депутатлари мазкур Қонун тарғиботини изчил олиб бориши талаб этилади. Энг аввало, бу Қонуннинг аҳамияти, айниқса, электоратимиз манфаати билан боғлиқ жиҳатларини кенг тарғиб қилишимиз зарур.

Шунингдек, Шарбат Абдуллаева мафкуравий йўналишда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарурлигига алоҳида тўхталди. Бунда халқ кўнглига тез етиб борадиган ғоялар базасини ишлаб чиқиш ва аҳоли ўртасида кенг тарқатишга эришишга эътибор қаратди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ҳафиза Каримова ҳам семинар кун тартибидаги масалалар ҳақида фикр билдирди.

— Тарғибот-ташвиқот тадбирларини изчил ўтказишда ахборот-маърифат хоналари ва бурчакларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур, — деди у. — Бу борада Бўз, Шаҳрихон туман партия кенгашлари яхши тажриба тўплаганини кўрдик. Албатта, уларни оммалаштириш мақсадга мувофиқдир.

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонунда давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборотдан барчанинг фойдаланиши мумкинлиги, ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги, давлат идоралари фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги, бундай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий тамойиллари сифатида кўрсатиб ўтилган. Демак, кўргазмали тарғибот воситаларимизда ҳам мазкур Қонун айнан бизнинг партиямиз электоратига қандай ҳуқуқлар, имкониятлар бераётганини содда қилиб, ҳамма тушунадиган тилда акс эттириш зарур, деб ўйлайман.

Минтақавий семинарда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон минтақавий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Адҳамжон Узоқжонов, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли Андижон вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнора Исмоилова ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Семинарда Конституциямизнинг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини самарали ҳал қилиш бўйича ҳукуматнинг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини ошириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим ҳаётий аҳамиятга эга экани тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Қабул қилинаётган қонунларда партия электорати манфаатларини янада кенгроқ ифода этиш мақсадида ЎзХДП фракцияси бевосита партия Марказий Кенгаши ва ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда қонунлар лойиҳаларини электорат ўртасида муҳокама этиш амалиётини такомиллаштириши кераклигига алоҳида урғу берилди. Қонунларда кенг жамоатчилик фикрини теран ифода этишда бу муҳим институт бўлиб хизмат қилиши айтилди.

Партия Марказий Кенгаши ахборот-ресурс маркази раҳбари Насиба Турғунованинг «Сиёсий жараёнларда партия ташкилотларининг тарғибот-ташвиқот ва сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиши йўллари» мавзусидаги маърузаси ахборот-маърифат хоналари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўқув машғулотларига уланиб кетди. Интерфаол баҳс-мунозаралар ва гуруҳлардаги муҳокамалар қизғин кечди.

— Семинар туфайли Андижондаги ибратли тажрибаларни ўргандик, — дейди ЎзХДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси Соҳибахон Дадабоева. — Ўзаро фикр алмашдик, партия электорати манфаатини самарали ҳимоя қилишда ахборотдан эркин фойдаланишнинг янги имкониятлари ҳақида баҳслашдик. Бу келгуси фаолиятимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

— Семинарга партиямизнинг водий бўйича фаоллари йиғилгани айни муддао бўлди, — дейди ЎзХДП Марғилон шаҳар кенгаши раиси Муҳаммаднўъмон Эгамбердиев. — Баҳс-мунозаралар асосида, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтган бундай семинарларни энди биз ўзимиз партиянинг қуйи бўғинларида кўпроқ ўтказишимиз керак.

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.