07.06.2014

СИЁСИЙ КУЧЛАР

мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги учун курашади

Икки палатали парламентнинг илк тамал тоши қўйилган Буюк Британияда ҳукуматни сиёсий партиялар шакллантиради. Парламентда энг кўп ўринларни қўлга киритган партия етакчиси Бош вазир лавозимини эгаллайди.

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигида бўлган сўнгги сайловда парламентнинг Лордлар палатасига 724 нафар, қуйи палатасига эса 650 нафар депутат сайланди. 2010 йил 6 майда ўтказилган парламент сайловида бирорта партия мустақил равишда янги ҳукуматни шакллантириш имконига эга бўлолмади.

Бугунги кунда мамлакатда учта етакчи сиёсий куч парламентда юқори ўрин олиш учун курашади. Бироқ сўнгги йилларда асосий рақобат Консерваторлар ва Лейбористлар ўртасида кечмоқда. Либераллар эса кўпинча улардан кейинги ўринга тушиб қолмоқда.

Бундан олдинги сайловларда Тони Блэр бошчилигидаги лейбористлар ҳукуматни шакллантиришга муваффақ бўлган эди. Аммо сўнгги сайловда вазият бироз ўзгарди. Ушбу партия қуйи палатада 258 мандатни қўлга киритди. Шунга қарамасдан Лордлар палатасида бошқа сиёсий партияларга нисбатан энг кўп — 217 ўринга эга бўлди. Европарламентда эса 73 ўриндан 13 тасини қўлга киритди.

Айни кундаги партия етакчиси Эд Милибэнд 2015 йилда ўтадиган парламент сайловларига жиддий тайёргарлик кўрилаётганини, партиянинг айрим тизимлари ислоҳ қилинаётганини таъкидламоқда.

Лейбористлар партияси Буюк Британияда катта обрўга эга сиёсий бирлашмадир. Ишчи партиясининг асосий ғояси социал-демократия ҳисобланади. Аммо йилдан-йилга партия йўналиши ҳам замонавий талабларга қараб ўзгариб, ишчи партияга айланиб бормоқда. Сайловолди дастурида ижтимоий бирдамлик, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, бойлар ва камбағаллар ўртасида ўзаро тенгликни таъминлаш, ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, мамлакатда тинчликни таъминлаш, шунингдек, бепул тиббий хизмат ва таълим тизимини ривожлантириш каби долзарб масалалар асосий ўрин эгаллаган.

Буюк Британияда яна бир йирик — Консерватив партия ҳам катта имкониятларга эга. Партия дастлаб катта ер эгалари, мулкдорлар манфаатларини ҳимоя қилган бўлса, кейинчалик партия жамият, демократик ривожланиш йўналишларига қараб ўз ғояларини такомиллаштириб борган.

Ҳозирда консерваторлар ўз дастурида ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар ва давлатнинг иқтисодиётдаги ўрнини камайтириш, бу борадаги масъулиятини ошириш, анъанавий оилавий қадриятларни асраб-авайлашни мақсад қилган.

Консерваторларнинг бош мақсадларидан бири иқтисодиётда давлат ролини қисқартиришдан иборат. Шунингдек, давлат маблағини янада масъулият билан сарф этилишини таъминлаш, хусусий тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш консерваторлар вакилларининг асосий ғоясидир.

Сўнгги сайлов натижасига кўра, консерваторлар қуйи палатада 306, юқори палатада эса 196 ўринни қўлга киритди. Мазкур партия узоқ ва шонли тарихга эга. Уинстон Черчилль, Маргарет Тэтчер каби йирик сиёсатчиларни юзага чиқарган мазкур партия бугун ҳам изчил ривожланмоқда.

Буюк Британия сиёсий майдонидаги яна бир йирик партия — ўтган сайловда камтар натижани қайд этган либераллар ҳисобланади. Улар қуйи палатада 57, юқори палатада эса 79 ўринни қўлга киритди. Партия мафкурасига эътибор қаратадиган бўлсак, қизиқ ҳолатга дуч келамиз. Партия солиқ юкини камайтириш, энди ишга қабул қилинаётган кишиларга имтиёзлар бериш, иш ўринлари ташкил этиш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, мактаб таълимини ислоҳ қилиш, унга ажратилаётган маблағларни кўпайтириш тарафдори. Бундан ташқари, коррупцияга қарши аёвсиз кураш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, янги технологияларни жорий қилиш, мамлакатда транспорт хизмати тизимини такомиллаштириш ҳамда мигрантлар оқимини тартибга солишга алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблашмоқда.

Буюк Британиядаги сиёсий партияларнинг умумий хусусияти шундан иборатки, уларнинг ғоялари бир-биридан тубдан фарқ қилмайди. Аксинча, бир-бирини тўлдириб, ҳар бир соҳани янада ривожлантириш учун курашади. Бундай тажрибани кўплаб ривожланган демократик давлатлардаги сиёсий партиялар мисолида ҳам кўрамиз.

Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, сиёсий партия фақатгина бир йўналишни эгаллаб, шунда собит туриш эмас, балки мамлакатнинг ривожланиш стратегиясига кўра, ўз қарашларини ўзгартириб туриши, ғоя ва мафкурасини ривожлантириб, янгилаб бориши лозим.

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.