07.06.2014

Президент Ислом Каримовнинг “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқи

Ҳурматли конференция иштирокчилари, хонимлар ва жаноблар!

Сиз, азиз меҳмонларимизни, халқаро конференция иштирокчиларини – нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари вакиллари, олимлар ва мутахассис-амалиётчилар, иқтисодиётнинг аграр секторида фаолият кўрсатаётган компаниялар, банклар ва бошқа молия институтлари раҳбарларини қутлаш ва мазкур форумда қатнашаётганингиз учун юксак ҳурмат-эҳтиром ва самимий миннатдорлик билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Силва, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якоб, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Вен Сай Чжанг, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Януш Херман, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котибининг ўринбосари Ҳамид Опелоер, Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти бош директори Жан-Мари Оран, Жаҳон банкининг Марказий Осиёда барқарор ривожланиш масалалари бўйича бўлими раҳбари Лоран Дебр, Ислом тараққиёт банкининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш департаменти директори Демба Ба, Бельгия Парламенти Сенатининг аъзоси Доминик Тильманс, Болгария қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Димитар Греков ва форумдаги иштироки билан бугунги анжуманимизнинг аҳамиятини янада ошираётган бошқа қадрли меҳмонларимизга алоҳида миннатдорлик билдираман.

Конференцияда 40 та мамлакатдан ва 20 та халқаро ташкилотдан 200 нафардан зиёд меҳмон иштирок этмоқда.

Муҳтарам анжуман қатнашчилари!

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилаётган халқаро эксперт тадқиқотлари жаҳонда ва унинг айрим минтақаларида ушбу муаммо билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келаётгани жиддий ташвиш ва хавотир уйғотаётганини кўрсатмоқда. Бугунги кунда мазкур муаммо жаҳон ҳамжамияти учун ўта долзарб ва жиддий таҳдидлар қаторига киритилмоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли равишда овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечирмоқда. Ана шундай сабаблар туфайли 160 миллиондан ортиқ бола бўйининг ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига доир камчиликлардан азият чекмоқда.

2008 йилда бошланган инқироз билан боғлиқ воқеалар барчамизнинг эсимизда, ўшанда жаҳон миқёсида нарх-наво кўтарилиб, озиқ-овқат таъминотида узилишлар юзага келгани Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг кўплаб давлатларида норозилик ва оммавий тартибсизликларга сабаб бўлган, бутун дунёда барқарорликка нисбатан жиддий хавф-хатарга айланган эди.

Ер юзи аҳолисининг тез кўпайиб бораётгани билан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш имкониятлари чеклангани ўртасидаги тафовут озиқ-овқат дастурини ҳал этиш масаласи йилдан-йилга кескинлашиб бораётганининг асосий сабаби экани ҳақида бугун ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Содда қилиб айтганда, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ўсишидан ортда қолмоқда.

Бу тафовут, аввало, озиқ-овқат маҳсулотларини жадал ишлаб чиқариш учун тегишли шароитлар мавжуд бўлмаган мамлакат ва ҳудудларда чуқурлашиб бормоқда.

Бу ўринда гап, биринчи навбатда, атроф-муҳитнинг экологик жиҳатдан бузилиши ҳамон давом этаётгани, иқлим ўзгаришларининг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатлари, тез-тез такрорланаётган қурғоқчилик ва сув ресурслари тақчиллиги, жумладан, суғориш учун ерости сувларининг тугаб бораётгани, ирригация, мелиорация ва ерларнинг унумдорлигини қайта тиклашга йўналтириладиган инвестицияларнинг етарли эмаслиги ҳақида бормоқда.

Ерларнинг экологик жиҳатдан бузилиши кимёвий моддалар, минерал ўғит ва пестицидларни тинимсиз ишлатиш оқибатида янада кучаймоқда. Буларнинг қаторига урбанизация, яъни шаҳарлашув жараёнлари, аҳолининг қишлоқлардан шаҳарларга кўчиши билан боғлиқ муаммолар ҳам қўшилмоқда. Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун экин майдонлари сезиларли даражада қисқариб кетмоқда.

Шунингдек, Хитой, Ҳиндистон каби Осиёнинг бир қатор мамлакатларида аҳоли даромадларининг жадал суръатлар билан кўпайиб, шунга мос равишда озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳажми ортиб бораётганини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини «даладан дастурхонга» схемаси бўйича истеъмолчига етказиб беришда улкан йўқотишларга йўл қўйилмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича қарийб 1,3 миллиард тонна миқдоридаги салкам 1 триллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари шу тариқа бой берилади.

Объектив реал ҳолат ана шундай бўлиб, айниқса, бу муаммо ғоят кескин бўлиб турган минтақа ва ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлиги прогнози ва муаммолари ҳақида сўз борганда, бу ҳақиқатни ҳисобга олиш керак.

Эътиборингизни яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман: бу принципиал муҳим масала бўлиб, уни инобатга олмасдан туриб, аҳолини озиқ-овқат билан тўлақонли таъминлаш муаммосини муҳокама қилишнинг ўзи мантиқсиз бўлур эди.

Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган меъёрдаги эҳтиёжни аниқлашда мутаносиб рацион асосида овқатланишни таъминлаш вазифаси фақат меъёрдаги калорияга эга бўлган ва ҳар куни истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат эмаслигини эътиборга олиш ўта муҳимдир.

Тўлақонли овқатланиш кўп жиҳатдан унинг таркибига, истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсоннинг нормал ривожланиши ва фаолият юритиши, унинг организмида тўғри модда алмашинуви, саломатликни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, кексайиш жараёнини секинлаштириш ва умрни узайтириш учун зарур бўладиган тўйимли ва сифатли моддалар билан керакли даражада таъминланишига боғлиқ.

Бу борада овқат билан бирга ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган аминокислоталар, витаминлар, минерал моддалар, микроэлементлар ва организмда ўз-ўзидан ҳосил бўлмайдиган бошқа моддаларнинг ҳам истеъмол қилиниши инсон ҳаёти учун энг муҳим аҳамиятга эгадир.

Ана шу фойдали моддалар, витамин ва микроэлементлар катта миқдорда фақатгина сабзавотлар, мева ва узум таркибида бўлади ва уларнинг ўрнини бошқа ҳеч қандай маҳсулот боса олмайди.

Бошқача айтганда, инсон саломатлиги, унинг узоқ ва баракали умр кўриши тўғри ва мутаносиб рацион асосида овқатланишни таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ экани, мева ва сабзавотлар унинг энг муҳим таркибий қисми бўлиши лозимлиги ҳеч кимга сир эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотлари шундан далолат берадики, бугунги кунда ривожланаётган мамлакатларда бир киши учун тавсия этилган кундалик 400 грамм ўрнига жуда кам миқдорда – бор-йўғи 150-200 грамм мева ва сабзавот истеъмол қилинмоқда.

Халқаро диетологларнинг тавсиясига кўра, инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг камида 50 фоизини мева ва сабзавотлар ташкил этиши зарур.

Ҳурматли конференция иштирокчилари!

Юқорида баён қилинган фикрларни умумлаштирган ҳолда, биз мазкур форумнинг мақсад ва вазифаларини сиз, анжуман қатнашчиларини Ўзбекистонда сабзавот, мева ва узум етиштириш бўйича тўпланган катта тажриба ва салоҳият билан, уларнинг дунё селекциясида ўхшаши бўлмаган жуда бой, хилма-хил навлари, бетакрор сифати билан таништириш, озиқ-овқат соҳасидаги мавжуд муаммоларни ечишда ва глобал озиқ-овқат дастурини ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистоннинг қўшаётган ҳиссасини ошириш имкониятларини муҳокама этишдан иборат деб биламиз.

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатда етиштириладиган озиқ-овқат экинларининг аҳволи, истиқболи ва турлари, улардан олинадиган ҳосилнинг мазали таъми ва фойдали хусусиятлари, уларнинг миллий иқтисодиёт ва экспортда тутадиган ўрни, биринчи навбатда, шу давлатнинг географик жойлашуви, унинг тупроқ-иқлим шароитига ва албатта шаклланган деҳқончилик маданияти ва савиясига, керак бўлса, муайян маҳсулотни етиштириш маҳоратига, бундай маҳсулотларнинг маҳаллий ва хорижий бозорларда нечоғлиқ харидоргир бўлишига боғлиқ.

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, мамлакатимизда қуёшли кунлар бир йилда ўртача 320 кун бўлиши, барча тўрт фаслнинг изчил алмашинуви кенг турдаги юқори сифатли мева ва сабзавотларнинг асосий навларини етиштириш учун қулай имкониятлар яратади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги мавсумининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу мавсум янги кўкатлар табиий шароитда етиладиган март ойининг дастлабки кунларидан бошланиб, бутун йил мобайнида, бозорларга узум, қовун, хурмо ва беҳининг кечки навлари етказиб бериладиган декабрь ойининг бошига қадар давом этади. Бу эса Ўзбекистонни мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан деярли йил давомида барқарор таъминлайдиган ишончли базага эга бўлган мамлакатга айлантиради.

Сиз, муҳтарам меҳмонларга яна бир сирни айтмоқчиман. Жаҳонда камдан-кам учрайдиган табиий ва тупроқ-иқлим шароитларининг уйғунлиги туфайли дунёдаги энг мазали ва энг фойдали мева-сабзавотлар фақат бизнинг минтақамизда етиштирилиши мумкин.

Чиндан ҳам, бизнинг меваларимиздан татиб кўрган ҳар қандай одам, ўйлайманки, менинг фикримга қўшилади. Барчамиз ҳам ўз юртимизда етиштириладиган мева-сабзавотларни хуш кўрамиз, албатта. Бироқ, дунёнинг ҳар бир гўшасида ҳам шундай қулай об-ҳаво, иқлим, тупроқ шароитлари мавжуд эмас. Бундан ташқари, бу борада олимлар ҳозиргача аниқ таърифлаб бера олмайдиган кўпгина бошқа бир-бирига боғлиқ омиллар ҳам борки, уларнинг ҳар қайсиси ўзгача таъсирга эга. Бу маҳсулотлар фойдали микроэлементларга жуда бой ва қадимда Ибн Сино турли касалликларни даволаш учун айнан мева ва сабзавотлардан фойдаланган, чунки у замонларда кимёвий дори-дармонлар мавжуд бўлмаган, беморлар табиий воситалар ёрдамида даволанган. Бу эса энг аввало сабзавот, мева, турли гиёҳ ва ўсимликлардир. Бугунги кунда ҳам қишлоқларимиздаги халқ табиблари бундай воситалардан қандай фойдаланиш, баъзи бир хасталикларни қай усулда даволашни яхши биладилар. Мен сизларни бизнинг мева-сабзавотларимизни татиб кўришга таклиф қилар эканман, авваламбор, уларнинг ана шу хусусиятларини назарда тутаман.

Экспертларнинг маълумотларига кўра, бизнинг шароитимизда етиштирилган мева-сабзавотлар бебаҳо истеъмол хусусиятлари, яъни таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли равишда юқори туради.

Ўзбекистонда етиштириладиган мева ва сабзавотларнинг фақат уларга хос бўлган хусусиятлари ва тўйимлилик даражаси ҳақида гапирганда, шуни қайд этиш керакки, мамлакатимиз селекционерлари сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ навини, мева ва резавор экинлар ва узумнинг 175 та янги навини яратдилар.

Ўзбекистон қадимдан ўзининг ўрик, шафтоли, олхўри, нок, гилос, анжир, анор, беҳи, узум, помидор, бодринг, пиёз, саримсоқ пиёз ва бошқа кўплаб мева ва сабзавотлари, беқиёс мазаси ва хушбўй ҳиди билан ажралиб турадиган қовунлари билан маълуму машҳурдир.

Ўзбекистонда шаклланган кўп асрлик анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик принципларига асосланган. Бу генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан, жуда мазали таъмга ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштириш имконини беради.

Айни масалага алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин, лекин бу мавзу дунёда анчагина долзарб бўлиб, шу ҳақда турли, баъзан ҳатто қарама-қарши фикрлар ҳам мавжуд. Менинг назаримда, генларни модификация қилиш технологиялари, умуман олганда, яхши ниятда юзага келган, яъни ҳосилдорлик ҳажмини оширишга қаратилган. Лекин, бундай технологиялар инсон саломатлигига зиён етказмаётгани, ўн ёки йигирма йилдан кейин салбий оқибатларни келтириб чиқармаслиги аниқ исботланмагунга қадар, мен бу масала билан ҳозир фаол шуғулланаётганларга бу ишларга жуда берилиб кетмасликни тавсия қилган бўлардим. Бунда, ўйлашимча, энг аввало тижорат, ҳатто эгоистик мақсадлар кўпинча устунлик қилади. Менинг шахсий фикрим шуки, бу масала устида ҳар томонлама чуқур ўйлаб кўриш лозим.

Биз минерал ўғитлар, пестицидлар ва шу каби воситаларнинг ўрнига доимо қўллаб келаётган ва биз учун устувор бўлган органик ўғитлардан фойдаланишни афзал деб биламиз. Бошқа кимёвий воситалар қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишда ишлатилиши мумкин. Лекин улардан стимулятор, яъни экинни тез ривожлантирадиган восита сифатида фойдаланиш умуман мумкин эмас, чунки бу борада энг яхши, синалган восита – бу органик ўғитлардир.

Шунинг учун ҳам саховатли ўзбек заминида етиштириладиган мева ва сабзавотлар юқори нуфузга эга бўлган ҳақиқий брендга – товар белгисига айланиб, бу маҳсулотларни сотиб оладиган мамлакатларда улар юксак рақобатдошлиги билан ажралиб туради.

Мустақил тараққиётимизнинг ўтган қисқа даврида Ўзбекистонда амалга оширилган улкан ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификация қилиш ва аҳолимизни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, уларни катта миқдорда экспорт қилишни йўлга қўйиш имконини берди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги фақат битта экин – бутунлай пахта толаси етиштиришга йўналтирилгани ва биз ушбу маҳсулот билан бутун социалистик лагерни деярли тўла таъминлаганимиз эътиборга олинадиган бўлса, юқорида қайд этилган муваффақиятлар нақадар муҳим экани яққол аён бўлади.

1990-йилларда экин майдонларимизнинг қарийб 90 фоизига қадар пахта экилгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис деярли ҳеч қандай алмашлаб экиш деган нарса бўлган эмас. Тупроқ кучсизланиб бораверган, фақат битта мақсадда бешафқат ишлатилган.

Ўшанда собиқ марказда “меҳнат тақсимоти” деган принцип ҳукмрон эди. Яъни, собиқ республикалардан қай бири гўшт, яна бири буғдой, яна кимдир бошқа товарларни иқтисодий оғир шароитда энг қимматли, ноёб молга айланиб қоладиган маҳсулотларни ишлаб чиқарарди. Бизнинг чекимизга эса, пахта етиштириш тушган бўлиб, унинг ҳажми йилдан-йилга ортиб борарди. Лекин, афсуски, бизга ваъда қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган миқдор ва муддатда етиб келмасди.

Ўша пайтларда биз Ўзбекистонда етиштирилаётган қарийб 6 миллион тонна пахтанинг атиги 8-10 фоизини ўзимизда қайта ишлардик, қолган қисми эса бошқа давлатларда қайта ишланарди. Натижада асосий фойда пахта хомашёсини қайта ишлаган мамлакатларга келиб тушарди.

Агар шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ўша даврда Ўзбекистонни озиқ-овқат билан тўла таъминлаш тўғрисида ҳеч қандай гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Шу сабабли биз асосий озиқ-овқат товарлари, жумладан, буғдой, ёрма, гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум ва шакарнинг асосий қисмини четдан олиб келишга мажбур эдик.

Совет даврида пахта яккаҳокимлиги ва қишлоқ хўжалигини бирёқлама ривожлантириш натижасида унумдор ерлар ва ажойиб табиий-иқлим шароитига эга бўлган Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт ва сут маҳсулотлари, ғалла ва ҳатто мева-сабзавот ва картошка истеъмол қилиш собиқ Иттифоқнинг бошқа республикаларига қараганда икки баробар камайиб кетган эди.

Бу борада кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз ғўза экиладиган майдонларни икки баробар қисқартирдик ва пахта етиштиришни 6 миллион тоннадан 3 миллион тоннадан сал кўпроқ бўлган даражагача камайтирдик. Пахтадан бўшаган ерларни озиқ-овқат экинлари учун ажратиб бердик.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ислоҳ қилишнинг асосий негизини кенг кўламли институционал ўзгаришлар ташкил этди, уларнинг мазмун-моҳияти маъмурий ва режали-тақсимот тизимидан воз кечиш ва бозор муносабатларига ўтишдан иборат эди.

Қишлоқ хўжалиги ерлари янгитдан ташкил этилган хусусий фермер хўжаликларига ижара асосида ер участкалари ажратиш орқали, давлат томонидан зарур имтиёз ва преференциялар яратиш йўли билан берилди. Хусусан, фермерлар соддалаштирилган солиқ солиш тизимидан фойдаланмоқда – улар фақат битта солиқ, яъни ягона ер солиғини тўлашмоқда. Фермерлар учун ажратиладиган кредитлар ставкаси 5 фоиздан ошмайди.

Фермер хўжаликларига барча турдаги зарур хизматлар кўрсатадиган ишончли бозор инфратузилмасининг ташкил этилгани қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Айни пайтда қишлоқ жойларда 1,5 мингдан зиёд минибанк, қарийб 2 мингта машина-трактор парки, ёқилғи ва минерал ўғит сотиш бўйича 2,5 мингга яқин пункт хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 1,5 мингта сувдан фойдаланувчилар уюшмаси, 350 дан ортиқ консалтинг марказлари ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини замонавий техника билан таъминлаш учун Германиянинг «Клаас» ва «Лемкен» компаниялари билан ҳамкорликда мамлакатимизда энг замонавий тракторлар, ғалла ўрадиган комбайнлар, плуг ва бошқа тиркама ускуналар ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистоннинг кўплаб минтақалари қисқа муддатда жаҳон бозорида харидоргир бўлган мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштирадиган ва экспорт қиладиган ҳудудларга айланди. Юртимизда юқори ҳосил берадиган интенсив боғлар ташкил қилинди, томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Фақатгина ўтган йили узумчиликни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурда токзорларни 1,3 баробар кўпайтириш кўзда тутилган.

Истиқлол йилларида, яъни ўтган 22 йил давомида қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида ғалла етиштириш ҳажми 1 миллион тоннадан 7,8 миллион тоннага етди ва Ўзбекистон ғалла экспорт қиладиган мамлакатлар қаторидан жой эгаллади.

Авваллари биз аҳолимизни боқиш учун 5 миллион тонна буғдойни четдан сотиб олишга мажбур эдик. Эндиликда эса биз ғалла мустақиллигига эришибгина қолмасдан, жуда сифатли буғдойни қўшни давлатларга экспорт қилишга ҳам муваффақ бўлмоқдамиз.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробардан зиёд ошди. Бу мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 10 миллион кишига ёки 30 фоиздан ортиқ кўпайишига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган гўшт истеъмолини 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотларини 1,6 карра, картошкани 1,7 баробар, сабзавотларни 2 мартадан зиёд, меваларни қарийб 4 баробар ошириш имконини берди.

Мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келмоқда. Бу оптимал, яъни мақбул деб ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган Озиқ-овқат дастури аҳолининг тўлақонли ва мутаносиб рацион асосида овқатланишини таъминлашдек муҳим вазифани ҳал этиш имконини берди.

Истеъмол қилинадиган овқатнинг таркиби ва рационини яхшилаш бошқа омиллар билан бирга аҳоли, аввало, болалар саломатлигини тубдан яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди.

Масалан, сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди, бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик, яъни хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриши 7,5 йилга (66 ёшдан 73,5 ёшга), хотин-қизларнинг ўртача умр кўриши эса 75 ёшга узайганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Бугунги кунда дунёда камдан-кам давлатлар бундай кўрсаткичларга эришган.

Биз бундай ютуқларга ниманинг ҳисобидан эришдик?

Биз аввало шу йўлда ўз олдимизга қўйган мақсадларимиз сари интилдик ва муайян натижаларни қўлга киритдик.

Бу борада энг асосий омил нима бўлди, деган саволга мен, энг асосий, ҳал қилувчи омил – бу бизнинг меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимиз, деб жавоб берган бўлардим. Ўзбек халқининг нақадар меҳнаткашлиги, меҳмондўстлиги ва бағрикенглиги барчага, узоқ-узоқ ўлкаларда ҳам яхши маълум.

Биз мустақилликка эришганимиздан кейин собиқ Иттифоқ таркибида бўлган кўпгина республикалар бошқа давлатлар ўн йиллар, балки юз йиллар давомида эришган ютуқ ва марраларга бир зумда эришмоқчи бўлишди. Биз бунинг уддасидан чиқиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз, ҳаммадан ўзиб кетамиз, деган баландпарвоз гаплар айтилди, турли режалар, ҳисоботлар тузилди, улар ҳақида дунёга жар солинди. Кейин маълум бўлдики, шошма-шошарлик билан узоққа бориб бўлмас экан.

Бу ҳақда гапиришдан мақсад шуки, биз осонлик билан эришиб бўлмайдиган марраларга шоша-пиша югурмадик, пухта ўйлаб, узоқни кўзлаб иш олиб бордик, шунинг учун ҳам бизнинг тараққиёт йўлимиз дунёда ислоҳотларнинг "ўзбек модели" деб тан олинди.

Одатда бир иқтисодий тизимдан бошқасига ўтилар экан, йиллар давомида ҳал этишга тўғри келадиган муаммолар пайдо бўлади. Бир сиёсий тузумдан бошқасига ўтиш учун энг муҳими одамларнинг онгини, тафаккурини ўзгартириш лозим. Бу ишни амалга оширмасдан туриб маъмурий-буйруқбозлик, субъектив, волюнтаристик сиёсатга асосланган режали-тақсимот тизимидан бозор иқтисодиётига асло ўтиб бўлмайди.

Мен собиқ мустабид тузум даврида Ўзбекистон Давлат план қўмитасида ишлаганман, кейин молия вазири бўлганман, шунинг учун режали-тақсимот тизимини ич-ичидан биладиган инсонман.

Шунинг учун ҳам ўша замонларга қайтишни хоҳлаб, ўтмишни қўмсаш кайфияти билан юрган ҳар қандай одам билан баҳслашишга тайёрман. Такрор айтаман, мен бу жараёнларни ичидан биламан, шунинг учун режали-тақсимот тизими нима сабабдан ўзини оқламаслиги менга жуда яхши аён.

Масаланинг маъно-моҳияти шундаки, биз мустақил тараққиёт йўлида ўзимиз учун мақбул бўлган моделни жорий этдик. Бу модель 5 та тамойилга асосланади.

Биринчиси – иқтисодиётни мафкурадан тўлиқ холи қилиш, унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш. Биз энди илгаригидек мафкуравий тизимда яшай олмас эдик, яъни биронта давлатга қандайдир мафкуравий ёрлиқлар босилгани сабабли у билан иқтисодий ҳамкорлик қилмаслик йўлидан боролмас эдик.

Иқтисодиётни ҳеч қандай мафкура билан бўғиш, жиловлаш мумкин эмас. Бизнинг халқимизда, оч одам мусиқани қорни билан тинглайди, деган гап бор. Яъни, турмуш даражаси паст, оддий эҳтиёжларини ҳам қондира олмайдиган одамни ҳеч қандай мафкура билан тўйдириб бўлмайди.

Иккинчи тамойил – давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини бажариши.

Учинчи тамойил – қонун олдида ҳамманинг тенглиги, яъни бу қонун устуворлиги принципидир.

Тўртинчи тамойил – бу кучли ижтимоий сиёсат юритиш. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилишини инобатга оладиган бўлсак, кучли ижтимоий сиёсатни таъминламасликка бизнинг ҳаққимиз йўқ.

Ва ниҳоят, бешинчи тамойил, биз ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил равишда амалга ошириш йўлини танладик. Бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, ўз олдимизга қўйган мақсадга, худди отчопардаги пойгада бўлгани каби, бирданига эмас, энг аввало тегишли ҳуқуқий пойдевор яратиб, малакали ва етук кадрларни тайёрлаб, тинимсиз интилиб, машаққатли меҳнат орқалигина эришиш мумкин. Биз айни шундай йўлни танлаганмиз.

Бизнинг одамларимиз, ёшларимизга бир қаранг, уларнинг кўзлари қандай ёниб, порлаб турибди. Улар бугун бошқалар эплай олмайдиган вазифаларни амалга оширишга қодир. Чунки улар ўзида мавжуд бўлган катта салоҳиятни рўёбга чиқариш, намоён қилиш истаги билан яшамоқда.

Мен буни ёшлар табиясидаги энг муҳим масала деб биламан. Ёшларга ўз имконияти, қобилияти, куч-қувватини рўёбга чиқариш учун имкон берилган тақдирдагина жамият албатта ўзининг барча мақсад-муддаоларига эришади.

Бу ҳақда гапирганда, халқимиз ўртасида кенг тарқалиб, машҳур бўлиб кетган иккита шиорни эслаш ўринлидир.

Биринчи шиор – “Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг” деган муҳим ҳаётий принципни ифода этади. Яъни, янги ҳаёт, янги жамият қуришда аввалги ҳаёт тажрибасидан ҳам фойдали жиҳатларни албатта олиш керак бўлади.

Иккинчи шиор эса “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун” деган сўзларда мужассам топган.

Чиндан ҳам, ислоҳот инсон манфаатларига хизмат қилсагина, одамлар бу ислоҳотларнинг барчаси нима учун зарурлиги, ўзини оқламаган эски мафкуравий тизимдан эркин бозор иқтисодиётига асосланган демократик тизимга ўтишнинг мазмун-моҳияти нимадан иборат эканини тушуниб етади.

Биз кенг кўламли ислоҳотлар йўлида бугун нималарга эришганимиз ҳақида яққол тасаввур берадиган иккитагина рақамни келтираман ва ўйлайманки, шунинг ўзи сизларга етарли бўлади.

Жаҳон миқёсида 2008 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирозга қарамасдан, Ўзбекистонда кейинги 9 йилда дунёдаги саноқли давлатлар қаторида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари камида 8 фоизни ташкил этиб келмоқда.

Шуни ҳам таъкидламоқчиманки, давлатимизнинг қарзи ялпи ички маҳсулотимизга нисбатан 11 фоиздан ошмайди, олтин-валюта захираларимиз йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Масалан, бизда бюджет дефицити йўқ, аксинча, унинг профицит билан бажарилаётгани кузатилмоқда ва биз ҳар йили ижтимоий соҳа ривожи учун йўналтирилаётган маблағлар улушини жиддий равишда ошириб боряпмиз. Аниқроқ айтганда, бу соҳага давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизини, жумладан, таълим тизимига – 34 фоиз, соғлиқни сақлаш соҳасига – 15 фоиз бюджет маблағларини йўналтиряпмиз. Ана шу рақамларнинг ўзиёқ бугунги Ўзбекистоннинг тараққиёт суръатларини яққол ифода этади.

Бугун биз Озиқ-овқат дастури тўғрисида сўз юритяпмиз, лекин миллий тараққиёт ҳақида сўз борганда, фақат шу дастур билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Чунки Озиқ-овқат дастури бутун мамлакат иқтисодиёти доирасидан ташқарида ривожлана олмайди. Шундай экан, биз ушбу дастурни амалга ошириш жараёнида яна кўп-кўп масалаларни комплекс ҳал қилишимиз, энг аввало, бу борада кучли иқтисодий салоҳият яратишимиз, ундан ҳам муҳими, юқорида айтганимдек, одамлар онгини, тафаккурини ўзгартиришимиз шарт.

Ҳозирги вақтда биз умумий қиймати қарийб 5 миллиард доллар бўлган озиқ-овқат, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқдамиз. Сўнгги уч йилда экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 3 баробардан зиёд ошди.

Мамлакатимизнинг маҳсулот етказиб берадиган корхоналари халқаро кўргазма ва ихтисослаштирилган ярмаркаларда фаол иштирок этмоқда. Биз дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилмоқдамиз. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда шундай маҳсулотларни етказиб берадиган ўнта етакчи давлат қаторига киради.

Сиз, ҳурматли меҳмонларимиз, кеча ва бугун мамлакатимизда етиштирилаётган хилма-хил озиқ-овқат маҳсулотларини ўз кўзингиз билан кўриб, улардан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлдингиз.

Агар мева ва сабзавот маҳсулотларимизнинг нақадар бой, тўкин-сочин ва хилма-хил эканини бутун гўзаллиги ва жозибаси билан кўрмоқчи бўлсангиз, албатта бизнинг бозорларимизга кириб кўришингиз керак. У ерда нафақат ноз-неъматларимизнинг бетакрор чиройи ва нафосатини, балки сизнинг таассуротларингизни янада бойитадиган бизнинг одамларимизга хос очиқлик, самимият ва меҳмондўстликни ҳам кўрасиз.

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари юқори суръатлар билан ишлаб чиқарилаётганидан кўнглимиз тўқ бўлиши учун бугун бизнинг барча асосларимиз бор. Ўтган 10 йил давомида юртимизда мева ва сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш бўйича эришилган ўсиш суръатлари айнан шундан далолат беради.

Мисол учун, 2004-2013 йилларда сабзавот етиштириш доллар ҳисобида 7,7 баробар, мева етиштириш 5,1 карра, полиз маҳсулотлари 7,8 марта, узум 8,7 баробар ўсди. Бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича, 2020 йилда мева ва сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришни 2014 йилга нисбатан камида 2,3 марта кўпайтиришни мўлжаллаяпмиз.

Ўз-ўзидан равшанки, мева ва сабзавот маҳсулотлари, узум етиштириш бўйича ана шундай истиқбол режаларини ўз олдимизга қўяр эканмиз, бундай кўрсаткичларга эришиш учун, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини ва ирригация тизимини яхшилаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишларни давом эттириш ва чуқурлаштириш зарур. Бу борада хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва албатта мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга жаҳон бозоридаги талабни ошириш, уларни сақлаш, логистика ва истеъмолчиларга етказиб беришнинг замонавий тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз даркор.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатда, сабзавот, мева ва узумни даладан истеъмолчига етказиб беришда нобудгарчиликларнинг олдини олиш бўйича жиддий ишларни давом эттиришимиз зарур. Авваламбор, мева ва сабзавотларни сақлайдиган омбор ва музлатгичлар тизими етарли даражада ривожланмагани, логистика ва йўл харажатлари билан боғлиқ кўпгина муаммоларни ечиш талаб этилади.

Шуни афсус билан айтиш керакки, юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг аксарият қисми янги узилган ҳолда эмас, балки консервация қилинган, қайта ишланган ёки қуритилган ҳолда истеъмол қилинмоқда. Бундай ҳолатда маҳсулотлар ўзининг сифати, таъми ва тиббиёт нуқтаи назаридан истеъмол хусусиятларини маълум даражада йўқотади.

Мазкур соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлаётганига қарамасдан, маҳсулотни асл ҳолида сақлаш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, унинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш, нарх-навога мавсумий омилларнинг таъсирини камайтириш ва бошқа масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган барча инфратузилма, ресурс ва имкониятларга эга эмасмиз, бу борада музлатиш, нейтрал газли муҳитда сақлаш каби замонавий технологияларни янада кўпайтириш талаб қилинади.

Айни пайтда Ўзбекистонда бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда жами 190 минг тоннадан зиёд мева ва сабзавотлар сақланадиган 274 та замонавий совутгичли камера ва омборларни қуриш ва тўлиқ реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилди.

2010 йилда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида 3 минг тоннадан ортиқ сархил мева-сабзавотни нейтрал газли муҳитда сақлаш бўйича замонавий қувватлар фойдаланишга топширилди. Ушбу маҳсулотлар халқаро авиатранспорт ёрдамида Европа ва Осиё мамлакатлари бозорларига етказиб берилмоқда.

Бунинг учун биз мамлакатимизда ташкил этилган, Навоий шаҳри халқаро аэропортини ўз ичига олган, дунёдаги йирик юк ташиш компанияларидан бири – «Кореан Эйр» компанияси бошқарувида фаолият кўрсатаётган интермодаль логистика маркази қувватларидан кенг фойдаланмоқдамиз.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда жами 630 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга бўлган 1300 дан зиёд омбор мавжуд. Уларда ҳар йили мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари сақланмоқда. Бу эса ички бозорда нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва кузги-қишки мавсумда ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни кафолатли таъминлаш имконини бермоқда.

Яқин вақт ичида Ўзбекистон компаниялари Болтиқ денгизи бўйидаги Лиепай портида бир кеча-кундузда 1,5 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга бўлган транспорт-логистика марказини ташкил этади. Ушбу марказ орқали мева-сабзавот маҳсулотлари Шимолий ва Ғарбий Европа мамлакатларига тўғридан-тўғри етказиб берилади.

Муҳтарам конференция иштирокчилари!

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларнинг турини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича олдимизга қўйган мақсадларимизга хорижий инвестицияларни жалб этмасдан, халқаро молия институтлари ва банк тузилмаларининг ёрдами ва қўллаб-қувватлашига таянмасдан туриб эришиб бўлмаслигини биз яхши англаймиз.

Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Глобал экологик фонд, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти каби бошқа кўплаб институтлар, шунингдек, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари агентликларининг шу борада кўрсатаётган ёрдамини биз юксак қадрлаймиз. Уларнинг иштирокида юздан ортиқ инвестиция ва грант лойиҳаларини амалга ошириш учун 1,1 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб этилди.

Ажратилган молиявий маблағлар билан бирга, биринчи навбатда, илғор агросаноат технологияларини жалб этиш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси, ирригация ва мелиорация тизимларини ривожлантириш ва реконструкция қилиш, маркетинг ва жаҳон бозорларига чиқиш бўйича янги технологияларни жорий қилиш борасида кўрсатилган амалий ёрдам ва ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Ўйлайманки, кимки шундай қўллаб-қувватлашдан баҳраманд бўлган бўлса, бундай ёрдамнинг аҳамиятини яхши тушунади.

Жаноб Жозе да Силванинг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаётганимиз, Тошкент шаҳрида ушбу ташкилот ваколатхонасини очаётганимизни алоҳида таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон билан БМТнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий молиявий институти бўлмиш Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди ўртасида конструктив ҳамкорлик ўрнатилганидан мамнун эканимизни билдирмоқчиман. Бу фонднинг асосий вазифаларидан бири юқори самарадорликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги тизимини шакллантириш бўйича ўзини оқлаган ёндашувларни амалга оширишдан иборатдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳал этишдаги муҳим ўрнини таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида жадал ривожланиб бораётган, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўзида умумий қиймати 400 миллион доллардан зиёд олтита лойиҳани амалга ошириш имконини берган ҳамкорликни биз юксак қадрлаймиз.

Ҳамкорлигимизнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ирригация тизимларини модернизация қилишга қаратилган лойиҳалардир.

Ўтган йили Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда Аму-Бухоро машина каналини қайта тиклаш лойиҳасини амалга оширишни бошлаганимиз бежиз эмас. Унинг доирасида 1,8 миллиондан зиёд одам истиқомат қилаётган 315 минг гектар майдонни сув билан таъминлайдиган ирригация инфратузилмаси реконструкция ва модернизация қилинади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда Жаҳон банкининг иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Умумий қиймати 380 миллион доллар бўлган 8 та лойиҳа амалга оширилди, жорий йилда яна умумий қиймати 450 миллион долларлик иккита лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Жанубий Қорақалпоғистонда узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ҳисобидан сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш бўйича 260 миллион долларлик йирик лойиҳани амалга оширишга киришмоқдамиз.

Мазкур лойиҳа доирасида яроқсиз ҳолга келиб қолган 30 минг гектар ерни қайта тиклаш режалаштирилмоқда. Келгусида бу майдонларда диверсификациялашган ва юқори даражада механизациялашган озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш мўлжалланмоқда.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг еттита вилоятида амалга оширилаётган, боғдорчилик ва сабзавотчиликни комплекс модернизация қилишга қаратилган, умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган лойиҳа катта истиқболга эга бўлиб, унинг доирасида уруғчилик, ўсимликлар селекцияси ва муҳофазаси соҳасидаги илмий-тадқиқот салоҳиятимизни модернизация қилиш ва ошириш, шунингдек, замонавий агротехнологиялар йўналишида сармоялар киритиш мақсадида фермер хўжаликлари ва кичик бизнес субъектлари учун кредит линияларини очиш кўзда тутилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг истиқболли ва янгилиги БМТ қошидаги Глобал экологик фонднинг эътиборини тортгани, фонд томонидан фермер хўжаликларида илғор технологияларни жорий этиш ва янги замонавий ускуналарни харид қилишга қаратилган 13 миллион долларлик грант тақдим этилгани қувонарлидир.

Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда Хоразм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг ирригация тизимларини қайта тиклаш бўйича умумий қиймати 143 миллион доллар бўлган иккита лойиҳа амалга оширилмоқда, шунингдек, Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилашга қаратилган лойиҳани тайёрлашга киришилди.

Хорижий шериклар билан биргаликда ташкил этилган, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган агросаноат корхоналари иқтисодиётимизда тобора катта ўрин эгаллаб бормоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида бугунги кунгача Германия, Голландия, Австрия, АҚШ, Швейцария, Хитой, Жанубий Корея, Италия, Испания каби 50 та мамлакатдан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда, 400 га яқин корхона ташкил этилди. Бу корхоналар янги маҳсулот етиштиришдан тортиб маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш асосида тайёр озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришгача бўлган йўналишларда фаолият олиб бормоқда.

Ана шу корхоналарда ўта юқори ҳароратда ишлов бериш, асептик усулда консервалаш, музлатиш ва сунъий қуритиш усуллари тўлиқ ўзлаштирилган. 2013 йилнинг ўзида бу корхоналар томонидан қиймати 800 миллион доллардан ортиқ бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилди, жумладан, 200 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди.

Яқин йилларда мева-сабзавот хомашёсини қайта ишлаш ва унга ишлов бериш бўйича умумий қиймати 150 миллион долларга яқин бўлган 265 та инвестиция лойиҳасини қўшимча равишда амалга ошириш кўзда тутилган. Бу соҳага киритилган сармоялар кўп харажатни талаб этмаслиги, шу билан бирга, 1,5-4 йил ичида ўзини қоплаши билан эътиборли эканини қайд этмоқчиман.

Азиз дўстлар!

Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳал этишни талаб қилаётган ўта муҳим муаммолар, ҳеч шубҳасиз, шу борадаги саъй-ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш ва кенг миқёсдаги халқаро ҳамкорликни, келажакка қаратилган ёндашув ва хулосаларни биргаликда ишлаб чиқишни тақозо этади. Ва ўз-ўзидан тушунарлики, жаҳоннинг турли мамлакатларида тўпланган тажриба ва амалиёт билан тизимли ва доимий равишда алмашиб туришни талаб қилади.

Бугунги анжуман доирасида амалга ошириладиган мулоқотлар, ушбу масала бўйича фикр, билим ва тажриба алмашувлар, таҳлиллар, ишлаб чиқилган амалий тавсиялар конференциянинг барча иштирокчилари – халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, илмий муассаса ва компаниялар вакиллари учун ғоят фойдали бўлишига ишончим комил.

Биз Ўзбекистонда барча халқаро ташкилотлар, хорижий инвесторлар, тадбиркорлар, банклар, олим ва мутахассислар билан биргаликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканимизни, мазкур анжуманнинг асосий вазифаларидан бири айни шундан иборат деб билишимизни алоҳида таъкидламоқчиман.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор ушбу муҳташам залда йиғилган сиз, азизларга самимий миннатдорлигимни изҳор этаман. Меҳмондўст Ўзбекистон заминига ташрифингиз мазмунли, самарали бўлсин. Барчангизга сиҳат-саломатлик, илмий-ижодий фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.


DB query error.
Please try later.