07.06.2014

БМТнинг Oзиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Грациану да Силва нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, Президент Ислом Каримов Жаноби Олийларига Ўзбекистон Республикасининг озиқ-овқат дастурини муҳокама этишга бағишланган ушбу муҳим форумга таклиф этгани учун самимий миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз.

Жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва истеъмол бозорини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни кўзда тутадиган ҳар томонлама пухта озиқ-овқат стратегияларини қабул қилиш нақадар муҳим эканини кўрсатадиган кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Бундай чора-тадбирлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларидан биринчиси бўлиб, очликка қарши курашиш, хусусан, тўйиб овқатланиш даражасини кўпайтиришга қаратилган мақсадга эришган кўплаб мамлакатлар саъй-ҳаракатларининг асосини ташкил этади.

Шу муносабат билан, ишончим комилки, Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқда ва ўзининг шу йўлдаги саъй-ҳаракатларини давом эттириш учун жуда мустаҳкам асосга эга.

2000 йилларнинг бошларидан бугунги кунгача Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида улкан тараққиётга эришди. 2000 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва ҳосилдорлик муттасил ошириб келинаётгани бундай ҳайратланарли ютуқларнинг бош омилидир.

Мамлакатда буғдой етиштириш икки баробар, картошка ва сабзавот етиштириш уч баробар кўпайди. Мева етиштириш ҳам сезиларли равишда ортиб, узум етиштириш даражаси икки баробар ўсди. Умуман, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги йилига ўртача 6 фоизга ошиб бормоқда.

Бундай ижобий ўзгаришларга аграр тармоқни ислоҳ қилиш натижасида эришилди. Бу ислоҳотлар пахта яккаҳокимлигига барҳам бериб, тубдан диверсификация қилинган ишлаб чиқаришга ўтиш, фермерликни ривожлантириш ва қишлоқ инфратузилмасини яхшилашни таъминлади.

Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро бозорлардаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳам қайд этмоқчиман. Бундай интеграция ҳозирги глобаллашган дунёда жуда муҳимдир. Шу муносабат билан Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, айниқса, мева ва сабзавотлар ҳажмининг ортиши бошқа мамлакатлардаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилиши мумкин. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистоннинг ана шу мақсадга қаратилган, изчил амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлари самарасини оширишга ҳисса қўшаётгани билан фахрланади.

Бугунги анжуманда муҳокама этилаётган озиқ-овқат дастури Ўзбекистоннинг кейинги йилларда эришган ютуқларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, мамлакатнинг тараққиётга қаратилган саъй-ҳаракатлари самарадорлигининг ортишида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ўз тараққиёти йўлида учрайдиган таҳдидларни бартараф этиб, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш борасида катта ютуқларга эришди.

Жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси Ер мулкини масъулият билан бошқариш бўйича ихтиёрий тавсияларни тасдиқлади ва ҳозирги пайтда Қишлоқ хўжалигидаги масъулиятли инвестициялар тамойилларини муҳокама қилмоқда. Ушбу икки ҳужжат қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиётига инвестициялар киритиш ва бу борада янада кенг кўламли саъй-ҳаракатларни таъминлаш бўйича фойдали тавсиялардан иборат бўлиб, пировардида озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон доимо олдинга интилиб, ташкилотга аъзо мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон тасдиқлаган ўзгартирилган стратегик асос доирасида иш юритар экан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.

Фурсатдан фойдаланиб, Тошкентда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг ваколатхонаси очилишини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдиришга ижозат бергайсиз. Бу бизнинг узоқ муддатли ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаб, кенг кўламли янги лойиҳаларни жорий этишга ёрдам беради.

Хонимлар ва жаноблар!

Глобаллашган дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор тараққиёт йўлидаги таҳдидларни енгиш учун биз биргаликда иш олиб боришимиз лозим. Бугунги анжуман ушбу таҳдидлардан айримлари ҳақида тўхталиб ўтишга имкон яратганидан хурсандман.

Шуни таъкидлашни истардимки, гарчи жаҳонда умумий ҳисобда етарлича озиқ-овқат ишлаб чиқарилса-да, шу пайтгача бутун дунё бўйича 840 миллиондан ортиқ инсон очликдан азият чекмоқда. Бунинг асосий сабаби озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имконияти чекланганлигидир.

Хонимлар ва жаноблар!

Ўзбекистон шу пайтга қадар озиқ-овқат соҳасида кўп ишларни амалга оширишга эришди. Бу мамлакатнинг янада кўпроқ ишларни амалга ошириши учун салоҳияти етарли. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор тараққиёт йўлидаги ишларда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Ўзбекистон билан ҳамкорликни бундан кейин ҳам давом эттиришга тайёрлигини таъкидламоқчиман.

Эътиборингиз учун раҳмат.


DB query error.
Please try later.