07.06.2014

Озиқ-овқат мустақиллиги – фаровонлик, барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим омили

Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида 6 июнь куни Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Форумда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари, дипломатик миссия раҳбарлари, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Франция, Германия, Австрия сингари қирқдан ортиқ мамлакатдан етакчи эксперт ва ишбилармонлар иштирок этди.

Халқаро форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Силва Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича глобал жараёнда фаол иштирок этаётгани ва 2000 йилда бўлиб ўтган Мингйиллик саммитида дунё мамлакатлари олдига қўйилган, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги вазифаларни режа асосида амалга ошираётганини таъкидлади.

Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, барча соҳаларда кенг кўламли изчил ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ўзининг тадрижий тараққиёт йўлини танлади. Бунда аҳолини тўғри овқатланиш меъёрларига мос, юқори сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. Шу муносабат билан фермер хўжаликларини ривожлантириш асосида иқтисодий ислоҳотларни кучайтириш, қишлоқда ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштириш, бошқарувнинг бозор тамойилларига мос ташкилий тузилмасини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг мустақиллигини кенгайтириш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга доир чора-тадбирлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 1991 йил 29 ноябрда қабул қилинган «Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилди. Бу борада қабул қилинган Ер кодекси, «Фермер хўжалиги тўғрисида», «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» ва «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар фермерликни ривожлантириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий ҳамда молиявий мустақиллигини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.



Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, фермер хўжаликлари самарадорлиги ва рентабеллигини изчил оширишни таъминлайдиган моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ер майдонларини оптималлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Айни пайтда қишлоқларда фермер хўжаликларига кенг турдаги хизматлар кўрсатадиган замонавий ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси шакллантирилмоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тармоғини ислоҳ этишнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур ҳужжат фермер хўжаликларининг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ер-сув ресурслари ва яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан унумли фойдаланиш, қишлоқни жадал ривожлантириш ва ободонлаштириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш имконини бермоқда. Фармонга мувофиқ ташкил қилинган Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, вилоятлар ва туманлар фермерлар кенгашлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, шунингдек, судларда иш кўриб чиқилаётганда фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар самарасида айни пайтда юртимизда 73 мингдан зиёд фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 28 мингдан ортиғи кўп тармоқлидир. Шу тариқа Ўзбекистонда фермерлик ҳаракати қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган асосий тармоқлардан бирига айланди.

– Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги изчил ривожланмоқда, – деди Болгария Республикаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Димитар Греков. – Соҳага маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича замонавий ускуна ва технологиялар жорий этилганига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари мазаси, юқори сифати ва чиройли қадоқлангани билан ажралиб туради. Бу борадаги ҳамкорлигимиз самарали ва манфаатли бўлади, деб ўйлайман.

Конференцияда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жараёнида аграр тармоқни мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий, жаҳон талаблари ва стандартларига мос ихтисослаштирилган техника ва ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.



Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг технологик таркибий қисмини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ акциядорлик жамияти шаклидаги “Ўзагросаноатмашхолдинг” холдинг компанияси ташкил этилади. Компания ўз таркибида замонавий осма ва тиркамали қишлоқ хўжалиги техникаси, уларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводлари, шунингдек, Агрегат заводини бирлаштиради.
Конференцияда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши озиқ-овқат саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни таъминлаётгани таъкидланди. Бугун мамлакатимизда қарийб етти мингта шундай корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар ички ва ташқи бозорга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бераётир. 2012-2015 йилларда озиқ-овқат саноатини кенгайтириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ҳамда 2012-2015 йилларда қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва уларнинг турини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури озиқ-овқат саноати корхоналари фаолиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси аҳолига саноат маҳсулотлари, истеъмол товарлари, ўсимлик ёғи, маргарин, майонез, шакар ва бошқа маҳсулотлар етказиб бераётган юздан зиёд корхонани ўз таркибида бирлаштирган. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг бир қисми экспорт қилинаётир.

Айни пайтда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси соҳада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари турини кенгайтириш ва ички бозорни юртимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли товарлар билан тўлдириш ишларини изчил давом эттирмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бу борада муҳим омил бўлаётир. Бугунги кунгача асосий корхоналарда техник ва технологик янгилаш жараёни якунланди. Бунинг самарасида жорий йил биринчи чорагида озиқ-овқат саноатида ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,2 фоиз ўсди. Хусусан, қандолатчиликда бу кўрсаткич 3 баробар, озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳасида 2,5 баробар ошди.

Озиқ-овқат саноати корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар тури ҳам сезиларли даражада кенгайди. Масалан, соя, махсар, кунгабоқар каби таркибида мой бўлган ўсимликларни етиштириш учун ажратилаётган ер майдонларида ёғ-мой корхоналари томонидан йилига ўртача 95 минг тонна хомашё тайёрланиб, қайта ишланмоқда. Нон ва нон маҳсулотлари тури ҳам кўпайди. Айни пайтда мамлакатимиз корхоналарида уч юздан зиёд турдаги нон маҳсулотлари тайёрланмоқда. Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам катта ютуқларга эришилди. Уюшма корхоналарида бир йилда 1 300 тоннадан ортиқ конфет, вафли, карамель, мармелад, холва ва бошқа ширинликлар ишлаб чиқарилаётир. Етмиш турдан ортиқ сут маҳсулотлари, сариёғ, пишлоқ, йогурт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2013-2015 йилги инвестиция дастурига мувофиқ мева шарбатлари ва шинни ишлаб чиқаришни кўпайтириш кўзда тутилган уч юзга яқин лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Бугунги кунда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар олдига ишлаб чиқариш сифатини ошириш ва уни бошқаришнинг янги стандартлари, замонавий технологияларни жорий этиш масаласи қўйилган. Уларнинг жорий этилиши истиқболда корхоналар қувватини янги даражага кўтариш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш ва турини кенгайтириш имконини беради. Бундан ташқари, корхоналарни янги қоидалар бўйича сертификатлашга тайёрлаш, ходимларни қайта ўқитиш, махсус таъмирлаш гуруҳлари ташкил қилиш ва бошқа масалалар катта аҳамият касб этаётир. Айни пайтда қирққа яқин маҳаллий корхона «ISO 9001» сифатни бошқариш халқаро сертификатига эга. Қатор корхоналарда «ISO 22000» озиқ-овқат хавфсизлиги халқаро менежмент тизими йўлга қўйилган.

– Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якоб. – Ўзбекистоннинг ФАО ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро комиссияси томонидан қабул қилинган озиқ-овқат халқаро стандартлари тўплами – Алиментариус кодекси, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашни тизимли асосда қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ижтимоий тенглик ва адолатни таъминлашга қаратилган «Саломатлик 2020» стратегиясини амалга оширишдаги иштироки эътиборга сазовордир.

Конференция қатнашчиларига мамлакатимизда ички истеъмол бозори ва аҳолини, айниқса, қиш-баҳор мавсумида мева-сабзавот маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, уларни экспорт қилиш кўламини кенгайтиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Мамлакатимизда «Ўзулгуржисавдоинвест» уюшмаси мева-сабзавот маҳсулотларини улгуржи харид қилиш, сақлаш ва аҳолини барқарор таъминлаш билан шуғулланмоқда. Уюшма чекка туманлардаги савдо тармоқларини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарлари билан узлуксиз таъминлашга ҳам катта эътибор бераётир.

Уюшма тизимида омборлар ва совутгичли камераларга эга 57 ҳудудий улгуржи савдо базаси ва корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда картошка, сабзи, пиёз, мева, полиз, гўшт маҳсулотлари, ун, ўсимлик ёғи, шакар, консерва ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сақланмоқда. Омборларни реконструкция ва модернизация қилиш, замонавий музлатгич камералар барпо этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Ялпи мажлисда сўзга чиққан Осиё тараққиёт банки вице-президенти Вен Сай Чжанг, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Януш Херман, Ислом тараққиёт банкининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш департаменти директори Демба Ба ва бошқалар Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган иқтисодий ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини, чунончи, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ этиш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ҳисобидан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараларини юксак баҳолади.

Конференция шўъба мажлисларида давом этди. Уларда жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорини ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жалб қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш борасида халқаро молия институтлари ва инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш, мева-сабзавот экинлари ва узум ҳосилдорлигини ошириш, инфратузилма ва логистика тизимларини такомиллаштириш ҳамда бошқа масалалар муҳокама этилди.

Халқаро конференция Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологияли ускуналарни жорий этиш, экспорт салоҳиятини оширишга оид зарур чоралар кўрилаётганини ёрқин намоён этди. Бу, ўз навбатида, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг узвий қисми сифатида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, улкан ишлаб чиқариш салоҳиятига эга агросаноат комплексини жадал ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратиш ва шу тариқа мамлакатимиз фаровонлиги ҳамда барқарорлигининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Конференция натижалари бўйича якуний ҳужжат қабул қилинди.
ЎзА


DB query error.
Please try later.