07.06.2014

Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқларининг ёрқин ифодаси

“Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда 40 дан зиёд мамлакатдан 200 дан ортиқ чет эллик олимлар, экспертлар, инвесторлар ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари иштирок этди. Улар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг анжуманнинг очилиш маросимида сўзлаган нутқини катта қизиқиш билан кутиб олди.

ЎзА мухбирлари конференциянинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Ораса Дисcатапорн хоним, Таиланд қишлоқ хўжалиги ва кооперация вазирлигининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини рағбатлантириш ва менежмент бюроси директори:

– Президент Ислом Каримов нутқи мени ғоят тўлқинлантирди. Унда мамлакатингиз бугунги улкан ютуқ ва марраларга қандай омиллар эвазига эришгани аниқ баён этилгани аҳамиятга молик. Давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистон танлаган ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли – “ўзбек модели” бугун мамлакатингизнинг ҳар соҳада юксак натижаларга эришишида муҳим омил бўлаётир. Ушбу машҳур модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида Ўзбекистон тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Узоқни кўзлаган, пухта ва ҳаётийлигини исботлаган бу стратегия бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак олса арзигуликдир.

Ўзбекистонда нафақат ширин-шакар мевалар, тотли сабзавотлар етиштирилишига, балки улар халқаро стандартлар асосида қайта ишланаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу маҳсулотлар юксак сифати, рақобатбардошлиги ва табиийлиги билан ҳар қандай харидорга маъқул келиши шубҳасиз. Ўзбекистонда салқин ичимликлар, жумладан, турли меваларнинг лаззатли шарбатлари ишлаб чиқарилаётгани билан яқиндан танишдик.

Тошкент кўчаларида сайр қилиб, турфа автомобилларга кўзим тушди. Мамлакатингизда ишлаб чиқарилаётган бундай замонавий автомобиллар Ўзбекистоннинг бу борадаги юксак салоҳиятини ва истиқлол йилларида эришилган улкан муваффақиятларини намоён этмоқда.

Жужанна Якоб хоним, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори:

– Мазкур конференция бутун дунё мамлакатлари учун ғоят долзарб мавзуга бағишланган йирик анжуман бўлди. Халқаро форум жаҳон озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш, соҳага замонавий технологияларни жалб этиш каби бугунги куннинг муҳим масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.

Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш учун зарур қонунчилик ва меъёрий база яратилган. Мамлакатингизда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом ва баркамол фарзандларни дунёга келтириш бўйича амалга оширилаётган профилактика чора-тадбирлари жаҳонда кам учрайди. Унни зарур микроэлементлар билан бойитиш, тузни йодлаш дастурлари ҳам муваффақиятли амалга оширилаётгани диққатга сазовор.

Президент Ислом Каримов томонидан 2014 йил Ўзбекистонда Соғлом бола йили, деб эълон қилингани эътиборга молик. Зотан, давлатингиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакат тараққиётининг асоси соғлом авлоддир. Ўзбекистон БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларини муваффақиятли амалга ошираётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мана шундай ислоҳотлар натижасида тарихан қисқа муддатда мамлакатда одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 7 йилга узайгани диққатга сазовор. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқларининг ёрқин ифодасидир.

Жан-Луис Роло, Валлон қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази бош илмий ходими (Бельгия):

– Президент Ислом Каримовнинг маълумотларга бой нутқидан кўплаб янги ва муҳим қирраларни кашф этдим, тажрибамни бойитдим. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, олиб борилган изчил ислоҳотлар ва амалга оширилаётган изчил дастурлар, эришилган юксак натижалар борасидаги кўплаб маълумотларни катта қизиқиш билан тингладим. Мамлакатингиз раҳбарининг улкан эътибори ва ғамхўрлиги самарасида халқингиз фаровон турмуш кечириши тўлиқ таъминланаётгани жуда қувонарли.

Анжуман доирасида Ўзбекистонда картошка етиштириш саноати билан яқиндан танишиб, фермерлар билан музокаралар ўтказдим. Кўплаб хўжаликларда бўлиб, картошка етиштириш усуллари ва жараён билан танишдим. Ўзбек фермерлари билан бу борадаги ҳамкорлигимизнинг келажаги порлоқ.

Ханс Хувен, “IG-Projects” компанияси директори (Нидерландия):

– Президент Ислом Каримов нутқи мамлакатингиз иқтисодиётида, жумладан, озиқ-овқат саноати соҳасида эришилган муваффақиятлар, соҳада пухта ишлаб чиқилган дастур ва чора-тадбирларга оид фойдали маълумот ва маслаҳатларни қамраб олгани билан барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Давлатингиз раҳбари томонидан мамлакатингизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш, айниқса, ғалла мустақиллигини таъминлаш қатъий вазифа қилиб қўйилгани, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва дон мустақиллиги таъминлангани таҳсинга сазовор. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, фермер ва ишбилармонларга имтиёзлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай юксак эътибор Ўзбекистон иқтисодиётининг муттасил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Анжуман Ўзбекистон ва дунё мамлакатларида агросаноат соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, фикр ва тажриба алмашиш, ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай замин яратди.

Ўзбекистонлик ишбилармонлар билан иссиқхона технологиялари ва лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатишдан манфаатдормиз.
ЎзА


DB query error.
Please try later.