05.06.2014

ҚОНУН БЕРГАН ВАКОЛАТЛАРДАН

самарали фойдаланиш зарур

«Депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш» мавзусидаги семинарнинг навбатдагиси Юқори Чирчиқ туманида ўтказилишини билгач, у ерга эртароқ боришга ҳаракат қилдик. Мақсад — ЎзХДП гуруҳлари фаолияти ҳақида батафсил ахборот олиш эди.

Семинар ўтказиладиган бинога кираверишда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари ва партия фаолларидан бир гуруҳини учратдик. Буни қарангки, суҳбатнинг бош мавзуси айнан бизни қизиқтирган саволлар эди.

— Депутатни халқ катта ишонч билан сайлайди, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Шундай экан, одамлар манфаатини ўйлаб курашиш ҳар бир депутатнинг кундалик вазифаси. Ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш билан боғлиқ ишларда депутатларимиз фаол иштирок этяпти.

— Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги бугунги ўзгаришлар, ислоҳотлар депутатлар масъулиятини янада оширмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Хусусан, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан вакиллик ҳокимияти, депутатлик назоратини кучайтириш бўйича яратилган ҳуқуқий асослар ишимизни янада фаоллаштириш учун янги имкониятлар яратди. Биз бундан самарали фойдаланиб, вакиллик ҳокимиятининг ҳудудий ривожланишга, ижтимоий масалалар жойларнинг ўзида ҳал этилишига таъсирини янада кучайтиришимиз зарур.

Шунингдек, ҳар бир депутат ўз сайлов округида аҳолини тегишли маҳаллий Кенгаш иши тўғрисида мунтазам хабардор қилиб, қонунлар ва ҳокимият вакиллик органлари қарорлари бажарилишини ташкил этиш ҳамда назорат қилишда фаол иштирок этиши керак. Одамлар фикрини, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиб бориши зарур. Агар шу жараёнда қонунларнинг бузилиши, ижроси суст олиб борилаётгани аниқланса, бу ҳолат юзасидан барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиш ҳамда ўртага қўйилган масалани кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Депутат ўзининг мазкур ваколатларидан самарали фойдаланиши ўз-ўзидан депутатлик назорати амалга ошишини таъминлайди.

— Маҳаллий Кенгашлар депутатлари депутатлик назоратини қанчалик даражада таъсирчан олиб борса, бу маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини таҳлил этиш, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларида учраётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Бу орқали жойларда қонунлар ижроси самарадорлиги таъминланади, ҳаётий таклифлар кўпайишига замин яратилади.

Гап шу ҳақда кетганда, бир масала эътиборимиз марказидан четда қолмаслиги керак. Партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарларининг ҳисоботини сессияда эшитиш тажрибасидан унумли фойдаланиш керак. Бу нафақат ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини оширади, балки депутатлардан ҳам алоҳида фаолликни талаб этади. Чунки муайян масала бўйича ҳисобот эшитишдан олдин депутат табиийки, ҳудудларнинг мазкур йўналишдаги ҳолатини чуқур ўрганади, савол ва таклифлар тайёрлайди. Кўтарилган масала ечими бевосита депутат эътиборида туради. Демак, биз ана шу механизмдан фаолиятимизда кенг фойдаланишимиз керак.

Семинарда билдирилган таклифлар асосида муҳим вазифалар белгилаб олинди. Унга кўра, халқ депутатлари  маҳаллий Кенгашлари депутатларининг назорат функцияларини мустаҳкамлаш, партия депутатлик гуруҳларининг барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фаолиятига таъсирини ошириш, жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.  



DB query error.
Please try later.