05.06.2014

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР

натижалари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатларнинг жорий йил 26-31 май кунлари сайлов округларида олиб борган фаолияти натижалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда сайловчилар билан учрашувларда кўтарилган масалалар, ўрганилган маълумотлар атрофлича таҳлил қилинди. Фракция раҳбари Улуғбек Вафоев таъкидладики, сайловчилар билан учрашувдан олдин «ЎзХДП фракцияси аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳаракат дастури» фракция мажлисида тасдиқланиб, аниқ вазифалар белгилаб олинган эди. Мазкур дастурга мувофиқ, фракция аъзолари, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга батафсил ахборотлар беришга эътибор қаратишди.

Хусусан, учрашувларда мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишини демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, хавфсизликни таъминлаш, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши борасида амалга оширилаётган ишлар, олдинда турган муҳим вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюси, Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги маърузаси мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилди.

— Учрашувлар пайтида мамлакатимизда барча жабҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳаётий самаралар бераётганига, фуқаролар уларни қўллаб-қув-ватлаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдик, — деди фракция аъзоси Мастура Сайфиддинова. — Шунингдек, бугунги кунда фуқароларимизнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий фаоллиги, ҳаётга ва меҳнатга муносабати, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик туйғуси, айниқса, ёш-ларимизнинг ўзига ва келажакка ишончи ортиб бораётганини кўрдик.

— Илгари сайловчилар депутатларга аксарият ҳолларда фақат ижтимоий-маиший, баъзан шахсий масалалар юзасидан мурожаат қилиш билан чекланар эди, — деди фракция аъзоси Хайрулла Рўзметов. — Аммо ҳозир ундай эмас. Эндиликда сайловчилар депутатларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти, муҳокама қилинаётган қонунлар лойиҳалари тўғрисида, депутат аъзо бўлган қўмита ва фракция фаолияти ҳақида саволлар билан мурожаат қилмоқда. Шунингдек, таълим, банк-молия, соғлиқни сақлаш, уй-жой-коммунал хўжалиги, транспорт, қурилиш, алоқа масалаларига оид саволлар ва таклифларини билдиришди.

— Қабул қилинган қонунларнинг ижроси, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги, аҳоли, хусусан, электорат вакиллари қандай муаммоларга дуч келаётгани ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини ўрганиш учрашувлар давридаги фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлди, — деди фракция аъзоси Саттор Раҳматов. — Бундан ташқари, партиямизнинг устувор дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масаласи ўрганилди. Аввало, бу борада барча ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлашни истардим. Аммо ютуқлар билан бирга, айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ҳам маълум бўлди.

Таъкидландики, фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолияти даврида фуқаролар томонидан 15 га яқин йўналишда масалалар кўтарилган. Депутатлар муайян ижтимоий масалаларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан бирга жойида ҳал қилишга эришган. Сайловчиларнинг айрим мурожаатлари жойларда тегишли давлат идораларига юборилган ва назоратга олинган. Аҳолини табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида берилиши каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Фракция йиғилишида депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти якуни таҳлил этилди ва мазкур масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорда сайловчилар кўтарган масалаларни умумлаштирган ҳолда, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг мутасадди органларига (мансабдор шахсларга) асослантирилган тушунтириш бериш бўйича сўровлар юбориш, 2014 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашга доир кўрсаткичларнинг бажарилиши юзасидан парламент эшитувини ўтказиш масаласини Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш, қонун ижодкорлиги ташаббусларини кенгайтириш ва бошқа муҳим вазифалар ўз аксини топди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.