05.06.2014

БАНК ТИЗИМИ: ИШОНЧЛИ ВА КАФОЛАТЛИ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар инсон манфаати, Ватан равнақи ва халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш каби улуғ мақсадларга қаратилган. Иқтисодий ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши ва иқтисодий соҳаларнинг барқарор тараққиёти эса банк тизимининг ривожига боғлиқ.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакат иқтисодиётида банк тизими етакчи кучга эга бўлганлигини нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик эксперт ва мутахассислар ҳам эътироф қилишмоқда.

Ван СЯШОУ,

Шанхай Хорижий мамлакатлар билан дўстлик уюшмасининг ижрочи вице-президенти (Хитой Халқ Республикаси):

— Хитой Ўзбекистонни буюк қўшни, қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга бўлган ва ўз олдига қўйган мақсадлар сари дадил бораётган мамлакат сифатида билади. Инвестициявий ҳамкорлик Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларнинг энг муҳим йўналишларидир. Ушбу ҳамкорлик айни пайтда ҳар икки томон учун устувор лойиҳалар ҳисобидан кенгайиб, энг муҳим йўналишлар бўйича сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.

Халқларимиз икки минг йил муқаддам Буюк Ипак йўлида бир-бири билан яқин ҳамкорликда бўлганлар. Президент Ислом Каримов томонидан икки давлат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилгандан буён ўтган 22 йил давомида томонларнинг умумий саъй-ҳаракати туфайли Хитой — Ўзбекистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланмоқда.

Юртингизда кўп маротаба бўлганман. Ҳар қайси ташрифимда шаҳарда юзлаб ҳашаматли бинолар қад кўтараётгани, кўзни қувонтирадиган замонавий турли хил оғир ва енгил автомашиналар ишлаб чиқарилаётгани, завод ва фабрикалар йилдан-йилга кўпайиб бораётгани, энг муҳими, халқингизнинг эртанги кунга бўл-ган ишончи мустаҳкамлиги эътиборимни тортади.

Юртингизда яратилган қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити хорижий ҳамкорлар сонининг ошишида муҳим омил бўлмоқда. Дунёдаги қатор давлатлар иқтисодиётига назар солсангиз, уларда глобал иқтисодий инқироз ўз таъсирини кўрсатиб, ушбу давлатларнинг банк тизими катта миқдордаги моддий зарар кўришига ёки олаётган фойдасининг бир неча баробарга камайиб кетишига, натижада капиталлашув даражасининг кескин пасайишига олиб келяпти.

Яқинда жаҳоннинг энг нуфузли рейтинг агентликларидан бири «Мудис» Ўзбекистон банк тизимига бешинчи йил барқарор рейтинг баҳосини берди. Биласиз, ушбу агентлик ижобий баҳосини олиш учун банклар олдига қўйилган талаблардан келиб чиқиб, барча меъёрларга жавоб бериши керак.

Ўзбекистон банкларининг бундай баҳо олиши омиллари кўп. Жумладан, мамлакатингиз банк тизими раҳбарияти томонидан банкларнинг бир маромда ишлаш стратегияси пухта ишлаб чиқилган. Сизда ҳар бир банкка алоҳида ёндашилади, капиталнинг ўсиши бевосита назоратга олиниб, унинг активларини сифат жиҳатдан яхшилаб боришга асосий эътибор қаратилади.

Шу ўринда айрим мамлакатларнинг банк тизими бир неча йилдан буён салбий ҳолатлигича қолаётганлиги ёки банкларининг кредит портфелида муаммоли кредитларнинг юқорилиги, ҳатто банк омонатчилари олдидаги вазифасини ҳам бажара олмаётганини таъкидлаб ўтиш жоиздир. Яқинда Хитойда дунёнинг етакчи банк раҳбарлари, иқтисодчи олимлари иштирок этган катта анжуманда ҳам юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар қайд этиб ўтилди.

Юртингизда 500 га яқин Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси самарали фаолият кўрсатмоқда. Банкларингиз қўшма корхоналар учун қулай шарт-шароитлар яратиб, яқиндан ҳамкорлик қилишяпти. Биз бундай алоқа ва муносабатни қадрлаймиз ва банк тизимининг мутасадди раҳбарларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз!

Бўрон РЎЗИЕВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Қашқадарё вилояти:

— Юртимизда ишончли ва барқарор банк тизими фаолият кўрсатаётгани ҳудудларимизда саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурларига киритилаётган лойиҳаларни ўз муддатларида молиялаштириш имкониятини бермоқда. Натижада энг чекка ҳудудларда ҳам юзлаб ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилиб, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари жадал ривожланмоқда.

Банкларга кредит олиш учун қилинган мурожаатлар уч банк иш кунида кўриб чиқилиб, амалий ёрдам ва хулоса берилмоқда. Банкларга мурожаат қилган тадбиркорлар банкларда кредит ресурс маблағлари етарли бўлганлиги сабабли, ҳеч бир қийинчиликсиз кредитлар олиб, ўз бизнесларини йўлга қўйиб, юқори натижаларга эришмоқдалар.

Тадбиркорликни йўлга қўйишни истаган хотин-қизлар ҳам банклар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Буни бизнинг вилоят мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги 10 йил ичида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ажратилаётган кредит салмоғи 23 баробарга ошган, шу йилнинг ўтган ойлари давомида эса 13,6 млрд. сўм кредит ажратилган. Шунингдек, қишлоқ ҳудудларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга биргина шу йилнинг ўтган ойлари давомида 28 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилиб, охирги 10 йил ичида эса мазкур кредитлар ҳажми 20 баробарга ўсган.

Шу ўринда айтиш жоизки, тадбиркорларга ажратилаётган кредитларнинг ҳар йили 30 фоизга ошиши аҳолини иш билан бандлигини таъминлаш дастурининг тўлиқ бажарилишига имкон бермоқда.

Бугун вилоятимизнинг қайси бир чекка қишлоғидаги аҳоли ёки тадбиркор билан суҳбатлашсангиз, банкларга бўлган ишончнинг тобора ортаётганини кўришингиз мумкин. Улар банкларда сақланаётган омонатларидан кўнгли тўқлиги, келишилган муддатгача омонатлар салмоғи ошаётганини мамнуният билан айтишмоқда.

Албатта, буларнинг барчасига муҳтарам Президентимизнинг Фармон ва қарорлари билан яратилган имтиёз ва имкониятлар аҳолига кенг тушунтириб борилаётгани, банк тизими томонидан кредитлашнинг тартиб-қоидалари ниҳоятда соддалаштирилганлиги, ҳар хил замонавий хизмат турлари жорий этилаётгани ва албатта, мижозлар учун банкда қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлиги туфайли эришилмоқда.

Банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорларга яратилган қулай шарт-шароитлар хорижий экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Узоққа бормайлик, ўтган йилнинг октябрь ойида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган бизнесни юритиш бўйича ҳисоботда Ўзбекистоннинг кредитлаш соҳасидаги рейтинг кўрсаткичи 24 поғона юқорига кў-тарилганлиги бу борада олиб борилаётган ишларнинг нечоғлик самара бераётганлигидан далолатдир.

Хулоса қилиб айтганда, бугун юртимизда ҳар томонлама кафолатланган, мустаҳкам ва ишончли банк тизими фаолият кўрсатаётгани халқимизнинг ютуғидир. Қашқадарё вилояти аҳолиси, тадбиркору ёшлари банк тизимидан кўнгли тўқ, чунки банкларнинг амалий ёрдами туфайли улар ўз орзу-мақсадларига эришмоқдалар. Уй-жойли бўлишмоқда, фарзандларига тўй-томоша қилишмоқда.

Аноржон ВАПАЕВА,

Хоразм вилояти, Янгиариқ тумани, Каттабоғ қишлоқ фуқаролар йиғини раиси:

— Бугунги кунда юртимиздаги ўзгаришларни кўриб қалбингиз ғурурга тўлади. Халқимиз тинч, осуда ва бахтли ҳаёт кечирмоқда. Тадбиркорлар банкларнинг амалий ёрдами билан оилавий корхоналар очиб, ҳам оиласи, ҳам юрт фаровонлигига ҳисса қўшмоқда. Буни бизнинг қишлоғимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Кечагина коллежни битирган ёшларимиз бугун банкларнинг имтиёзли кредитлари эвазига хусусий корхона очиб, тенгдошларини иш билан таъминламоқда.

Очиғини айтиш керак, оммавий ахборот воситалари орқали кўриб турибмиз, ҳали-ҳамон давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида бан-кларнинг барқарор ва ишончли фаолият кўрсатиши осон иш эмас.

Бугун мамлакатимиздаги қайси бир банкка борсангиз, мижозлар билан тўлалигига кўзингиз тушади. Чунки халқимизнинг банкларга бўлган ишончи тобора мустаҳкамланмоқда.

Юртимизда ишончли ва мустаҳкам банк тизимининг шакллангани аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришида, янги иш ўринлари ташкил этилишида муҳим омил бўлмоқда.

Бу, авваламбор, мустақиллик йилларида Юртбошимиз томонидан белгилаб бе-рилган устувор йўналишлар асосида мамлакатимизда халқаро талаблар даражасига мос келадиган банк тизими яратилганлиги туфайли, деб ўйлайман.

Зеро, мамлакатимизда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан банк-молия тизимининг такомиллашувига боғлиқ. Бугун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бунга қатъий ишонч уйғотади.

Республика Марказий банки маълумотлари асосида

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.