03.06.2014

БАРКАМОЛ АВЛОД ШОДИЁНАСИ

Наманганда мамлакатимиз касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқувчиларининг «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари финал босқичи юқори савияда ўтказилди

Уч кун мобайнида «Навбаҳор» стадионида «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари машъаласи порлаб турди. Ҳар соати, дақиқаси ўчмас из қолдирган,

ҳаяжонлар оғушида ўтган мусобақаларда спортнинг ўн олти тури бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Наманган шаҳри кўркига кўрк қўшган замонавий ва муҳташам «Баркамол авлод» спорт мажмуаси, «Дўстлик» теннис корти, Олий спорт маҳорати мактаби, Наманган муҳандислик педагогика институти ҳамда олимпия захиралари коллежининг спорт заллари ва майдонларида 208 та олтин, 208 та кумуш, 236 та бронза медаль ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

31 май. Соат 18:30. «Навбаҳор» стадиони спорт мусобақалари қатнашчилари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, меҳмонлар билан яна тўлиб-тошди.

Стадионда чорлов мусиқаси янграйди. Йигирма мингдан зиёд томошабин олқишлари остида майдонга мусобақа иштирокчилари — Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари кириб келади.

Ватанга меҳр-муҳаббат, эртанги кунимизга ишонч туйғуларини улуғловчи куй-қўшиқлар янграйди. Тантанали ёпилиш маросимига тўпланган ёшу кексанинг чеҳрасида табассум балқийди, нигоҳларида ҳаётдан мамнунлик акс этади.

— Юртимизда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган юксак эътибор, ёшларимиз учун яратилаётган шарт-шароитларни кўриб завқим келади, — дейди наманганлик спорт фахрийси Шокиржон Қорабоев. — Илгари битта оддий футбол майдончаси барпо этиш учун ҳам ўзгалардан рухсат олишимиз керак эди. Бугун манзара буткул бошқача. Ҳар бир маҳалла, қишлоқда янги-янги стадионлар, сув ҳавзалари ва бошқа кўплаб спорт иншоотлари бунёд этилмоқда. Бу спорт масканларида яратилган шароитларни кўриб, дил яйрайди, фахрланиб кетасан киши. Булар ҳаммаси фарзандларимиз тақдирини ўйлаб қилинмоқда. Биз ота-оналар бундан ниҳоятда хурсандмиз.

Ҳозир ойнаи жаҳон орқали дунёнинг кўп давлатларида юз бераётган нотинчлик, турли таҳликали воқеаларни кўриб, кузатиб, юртимиздаги осойишталикка кўз тегмасин деймиз. Шундай осуда кунларда умргузаронлик қилаётганимиз учун шукрона айтамиз. Юртбошимиз ва давлатимиз ғамхўрлиги туфайли мамлакатимизда болалар спорти жадал тараққий этмоқда. Шунинг ҳисобига ўғил-қизларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатларида ўз маҳоратларини намойиш этиб, фарзандларимиз ҳеч кимдан кам эмасликларини кўрсатишяпти. «Баркамол авлод — 2014» спорт мусобақалари вилоятимиз аҳолиси учун чинакам катта спорт байрами бўлди.

— Мен ўузор коммунал-қурилиш касб-ҳунар коллежида таҳсил оляпман, — дейди қўл тўпи бўйича Қашқадарё вилояти қизлар терма жамоаси сардори Дилдора Бўриева. — Беш йилдан бери қўл тўпи билан шуғулланаман. «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари ҳаётимда янги саҳифа очди. Мусобақада муносиб иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлдик. Наманганда ўтган баҳсларнинг бирортаси осон кечгани йўқ. Учрашувларни қўл тўпи бўйича мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари кузатиб борди. Дугонам Соҳиба Салимова иккимиз Ўзбекистон (U-18) қизлар терма жамоаси аъзоси ҳисобланамиз. Бу мусобақалар шу йилнинг 19 июнида Македонияда қизлар ўртасида бошланадиган жаҳон чемпионати олдидан биз учун ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтади. Унда терма жамоамиз илк маротаба Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади. Эришаётган ютуқларнинг барчаси Президентимиз ва давлатимизнинг биз ёшларга кўрсатаётган ғамхўрлиги самараси, деб биламан...

Стадион сухандони бир неча кун мобайнида қизғин давом этган мусобақалар ғолиблари номини эълон қилади.

Минглаб томошабинларнинг гулдурос олқишлари остида биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси бош мукофот — Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари қатнашчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси — «Дамас» автомобили билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Наманган ва учинчи поғонадан жой олган Самарқанд вилоятлари жамоаларига Президент совғаси — «Дамас» автомобиллари топширилди.

Мусобақаларда алоҳида маҳорат кўрсатган, ирода ва ғалабага интилишини намоён этган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи-ўқувчилар махсус совринларга сазовор бўлди.

Спортнинг 16 тури — баскетбол, волейбол, футбол, гандбол, шахмат, оғир атлетика, бокс, дзюдо, таэквондо (WTF), эркин ва юнон-рум кураши, сузиш, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, бадиий гимнастика бўйича беллашувларда лицей ва коллежларнинг 996 нафар ўқувчиси иштирок этди. Беллашувлар ҳалол рақобат руҳида ўтди.

— «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинларида Тошкент шаҳри ёшларининг умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашига ҳисса қўшганимдан мамнунман, — дейди футбол бўйича олтин медаль соҳиби, Республика Олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Жавоҳир Сиддиқов. — Юртбошимизнинг биз, ёшларга кўрсатаётган доимий ғамхўрлиги туфайли бугун юзлаб тенгдошларимиз турли халқаро мусобақалар — Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб қатнашмоқда. Мен ёшларга катта ғамхўрлик кўрсатилаётган шундай юртда камол топаётганимдан фахрланаман. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси таркибида Эронда ўтказилган қитъа чемпионатида олтин медалга сазовор бўлгандим. «Баркамол авлод — 2014» спорт мусобақаларидаги учрашувлар ҳам ниҳоятда шиддатли ва кескин ўтди. Мусобақалар уч кун давом этган бўлса-да, бу ерда ўтган ҳар бир лаҳза ҳаётимда бир умр муҳрланиб қолади. Чунки чиройли ва кўркам шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик, янги-янги дўстлар орттирдим. Замонавий спорт иншоотларини кўриб, роса қувондим. Бундай шароит кўплаб ёшлар истеъдодининг юзага чиқишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ёшларга нафақат жаҳон стандартлари асосида билим бериш, балки уларнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етиши учун шароит яратишдан иборат. Зеро, спорт навқирон авлод вакилларида юксак маънавият, кучли ирода, ғалабага интилиш, ҳалоллик, ватанпарварлик каби олижаноб фазилатларни тарбиялайди.

«Баркамол авлод — 2014» дастури доирасида спорт мусобақалари билан бир қаторда кўплаб маданий тадбирлар — таниқли спортчилар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари билан учрашувлар, гуллар шаҳри Наманганнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди.

...Стадион узра куй-қўшиқ авж олади. Мухлислар қўлида Ватанимиз байроғи ҳилпирайди. Ҳамманинг юз-кўзида қувонч порлайди... Шўх мусиқа ўрнини майин мусиқа садолари эгаллайди. «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинларининг байроғи туширилади. Уни наманганлик ёш спортчилар академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг навбатдаги финал мусобақасига мезбонлик қиладиган Жиззах вилояти вакилларига топширади.

— Навбатдаги «Баркамол авлод» спорт ўйинлари финал босқичининг вилоятимизда ўтказилиши биз учун юксак шарафдир, — дейди Жиззах тумани ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Маҳфуза Абдуҳакимова. — Наманганда ўтган мусобақаларда шахмат бўйича вилоятимиз шарафини ҳимоя қилдим. Тўғри, баҳсларда омадим чопмади, совриндорлар қаторидан жой ололмадим. Бироқ бундан тушкунликка тушмайман. Аслида ўзига хос ёшлик ва шижоат байрамида қатнашишнинг ўзи мен учун катта шараф! «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинларидаги иштироким ҳали ўз устимда кўпроқ ишлашим, мусобақаларда мунтазам қатнашиб, маҳоратимни янада оширишим зарурлигини кўрсатиб берди.

«Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинларининг машъаласи аста-секин сўнади. Бироқ у мусобақа қатнашчилари қалбига жо бўлиб улгурди, бундан буён бу машъала ёшларимизнинг катта спорт сари йўлини ёритиб, уларни янги ва янада улкан ютуқларга чорлайверади.

«Баркамол авлод — 2014» ўйинларининг ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан якунланди.

«Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинларининг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.