03.06.2014

СЕССИЯ ТЕГИШЛИ ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Яқинда халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалаларига ечим топиш мақсадида амалий таклифларни илгари сурмоқда. Мазкур сессияда ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари бўлган депутатлар ташаббуси билан иккита масала муҳокама этилди.

Кейинги йилларда Фарғона вилоятида ҳам қишлоқ аҳоли пунктларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қуриш, қишлоқда моҳият эътибори билан янги инфратузилмани шакллантириш, шулар ҳисобидан фуқароларнинг ҳаётини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2013 йил 15 ноябрдаги «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2014 йил дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 13 туманнинг 23 та қишлоқ массивларида 927 та уй-жой қурилиш-монтаж ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бугунги кунда қишлоқ массивларида пудрат ташкилотлари томонидан 42,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, 42,8 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. Объектлардаги қурилиш-монтаж ишларига 9125 нафар ишчи ва 269 та техника воситаси жалб этилиб, 3 сменада ишлаш йўлга қўйилган.

Мазкур ишлар ЎзХДП дастурий мақсадларига бевосита ҳамоҳанг. Шу сабабли ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг сессиясида «Замонавий лойиҳалар асосида янги уйлар қуриш, йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва бу борада мутасадди идоралар фаолиятини, давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлик самарадорлигини ошириш юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳаракат дастури тўғрисида»ги масала кўриб чиқилди.

Сессияда таъкидландики, қишлоқ массивларидаги уй-жойлар қурилиши режасига асосан жорий йил 1 июнга 46 та, 1 июлга 434 ва 1 августга 447 та уй-жойда қурилиш-монтаж ишларини тугаллаш белгиланган. ЎзХДП депутатлик гуруҳи жойларда бу борада қилинаётган ишларни атрофлича ўрганди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида мазкур таҳлил натижалари баён қилинди.

— Қишлоқ массивларини ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ билан таъминлаш, инфратузилма объектлари қурилишида ижобий натижалар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжуд, — деди сессияда ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуджон Маҳкамов. — Белгиланган режалар ўз вақтида бажарилиши ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка боғлиқ. Шунинг учун партия гуруҳимиз таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича ишлаб чиқилган ҳаракат Дастурини таклиф этади.

Сессия қурилаётган ҳар бир намунали қишлоқ уйи эгасига топширилгунча бўладиган ишлар устидан депутатлик назоратини ўрнатиш дастурини муҳокама этди ва ЎзХДП гуруҳи таклифини маъқуллади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси кун тартибидаги навбатдаги масалани эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Азимжон Исломов маърузаси тингланди.

Маълумотга кўра, жорий ўқув йилида 1-синфлар учун 1725 та чет тили кабинети ташкил этилган. Ушбу чет тили хоналари етарлича ўқув парталари, 1301 та компьютер техникаси, 576 та проектор, 1789 та телевизор ва DVD, 906 та ўқув-кўргазмали қурол ва 5 та электрон доска билан таъминланган. Вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан қўшимча 100 дан зиёд компьютер, 220 дона телевизор, 160 дона DVD ва бошқа жиҳозлар етказиб берилган. Шунингдек, вилоятдаги таълим муассасаларига «Билимдон» болалар журнали ҳомийлигида 70 дона телевизор ва DVD совға қилинган.

Бугунги кунда вилоятдаги таълим муассасаларида жами 2712 нафар хорижий тиллар ўқитувчиси, шундан 2282 нафари инглиз, 294 нафари немис, 136 нафари эса француз тилидан сабоқ бермоқда. Вилоятдаги 20 та «Баркамол авлод маркази»да 84 та чет тили тўгараги ташкил этилиб, уларга 3528 нафар ўқувчи жалб қилинган.

— Лекин ҳали Сўх, Тошлоқ, Ёзёвон туманлари, Марғилон шаҳридаги мактабларда жами 253 нафар чет тили ўқитувчисига эҳтиёж бор, — деди сессияда Азимжон Исломов. — Бу эҳтиёжни қоплаш мақсадида Республикадаги олий ўқув юртларининг чет тиллари йўналишида вилоятимиздан таҳсил олаётган 328 нафар 4-курс ҳамда 22 нафар магистратура битирувчиси борлиги аниқлаб олинган. Келгуси ўқув йилида чет тили ўқитишни Қарор талаблари даражасида йўлга қўйиш учун 32 нафар ўқитувчининг дарс соатларини 1,5 ставкага ошириш, 221 нафар ёш мутахассисни ишга қабул қилиш бўйича чоралар белгиланган. Шу мақсадда бугунги кунда 113 нафар олий таълим муассасалари битирувчиси билан ишга қабул қилиш тўғрисида шартномалар имзоланган ва бу жараён давом эттирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, вилоятдаги болалар оромгоҳларида ёзги дам олиш чоғида ҳам чет тили тўгараклари ташкил этиш чоралари кўриб қўйилди.

Ўзбекистон ХДП гуруҳи вилоят миқёсида олиб борган ўрганиш жараёнида ижобий натижалар билан бирга, айрим камчиликлар ҳам борлиги маълум бўлди.

Фан олимпиадалари, «Билимлар беллашуви»нинг вилоят босқичи натижаларига кўра, инглиз тили фани бўйича Марғилон шаҳар, Бағдод, Бувайда, Ёзёвон, Сўх туманларидан иштирок этган ўқувчилар нисбатан паст натижа кўрсатган.

«Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» танловининг вилоят босқичида Қувасой шаҳри, Риштон, Учкўприк, Фурқат туманларидан немис тили ўқитувчилари, Бағдод, Данғара, Ёзёвон, Риштон, Сўх, Тошлоқ ва Фурқат туманларидан француз тили ўқитувчилари, Қува туманидан эса инглиз тили ўқитувчилари иштирок этмаган.

Фарғона вилоят Кенгаши сессиясида қайд этилишича, Марғилон шаҳар ва Ўзбекистон туманидаги мактабларда ўқув-техника воситалари етарли эмас. Данғара, Ёзёвон, Бағдод туманларидаги мактабларда Қарор ижроси юзасидан етарли ишлар олиб борилмаган. Сессияда чет тилларини замон талаблари даражасида ўқитиш билан боғлиқ ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши сессияси ЎзХДП гуруҳи киритган масалаларнинг ҳар бири юзасидан сессияда билдирилган таҳлил ва таклифларни инобатга олган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилди.

Сессия кун тартибидаги бошқа масалалар муҳокамасида ҳам ЎзХДП гуруҳи аъзолари фаол иштирок этди. Депутат Шуҳрат Нишонбоев, Фурқат Ҳомидов сўзга чиқиб, электорат манфаатларига хизмат қиладиган таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.