03.06.2014

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ

ўз сайлов округларида учрашувлар ўтказиб қайтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, депутатлар жорий йилнинг 26-31 май кунлари ўз сайлов округларида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиб келди. ЎзХДП фракцияси аъзолари мазкур учрашувлар ҳар томонлама самарали бўлишига, жойлардаги ижтимоий масалаларни таҳлил қилиб, уларга ечим топишга, аҳоли вакилларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратди.

Фракция аъзолари сайлов округларида бир қатор йўналишлар бўйича иш олиб борди. Хусусан, 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ ишга жойлаштириш ҳолати ўрганилди. Депутатларнинг таъкидлашича, бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан ўтказилиши режалаштирилган парламент эшитувига тайёргарлик кўриш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Режага мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларида бандлик дастури ижроси, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар иштирокида муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишларда ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳам бевосита қатнашди ва муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берди.

Назира МАТЯКУБОВА, ЎзХДП фракцияси аъзоси (4-Амударё сайлов округи):

— Сайловчилар билан учрашувлар даврида 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида олиб борилаётган ишларни партиямиз фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бирга таҳлилий ўргандик. Унинг натижалари эса халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи, Ижтимоий-маданий ривожлантириш ҳамда ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинди.

Йиғилишда туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, иш берувчи корхона-ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Аввало, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шу орқали жорий қилинган меъёрларга қатъий амал қилиш масаласига эътибор қаратилди.

Битирувчиларнинг ишлаб кетишида касбга доир амалий кўникмалари мустаҳкамлиги муҳим ўрин тутади. Шу боис касб-ҳунар коллежларида амалий машғулотлар ўтказиш шароитини яхшилаш учун ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўқувчиларнинг корхона-ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг таркибий қисмига айланди. Йиғилишда бу борада туманда қилинаётган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбари Баҳром Юлдашевнинг 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлаш ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Маълумотга кўра, бу йил тумандаги 7 та касб-ҳунар коллежини 2652 нафар ўқувчи битиради. Улар билан уч томонлама шартномалар тузилган. Битирувчиларнинг 141 нафари имтиёзли кредит олиб, ўз ишини очиш истагини билдирган. 2014 йилнинг ўтган даври мобайнида туманда 4 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил қилинган.

Йиғилишда дастур ижроси билан боғлиқ камчилик ва муаммолар муҳокама қилиниб, уларнинг ечимларини топиш бўйича фикр ҳамда таклифлар берилди. Хусусан, корхона-ташкилотлар томонидан ўқувчилар ишлаб чиқариш амалиёти учун шароит яратиб бериш масаласига етарли эътибор қаратилмаётгани, бу эса кейинчалик битирувчиларнинг ишлаб кетишига салбий таъсир этиши таъкидланди.

Йиғилиш якунига кўра, тумандаги касб-ҳунар коллежларида дарс жараёнини чуқурлаштириш, ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш, бунинг учун зарур шароит яратишга қаратилган таклиф-мулоҳазалар билдирилди ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

35-Қизилтепа сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов ҳам ўтган ҳафта давомида ўз сайловчилари билан турли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказди.

Дастлабки учрашувлар Қизилтепа туманидаги Алишер Навоий номли, «Оқ мачит», «Сарой» маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилди.

Учрашувларда қабул қилинган янги қонунлар, давлат бошқарувини янада демократлаштиришда уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, бу борада депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш масалалари юзасидан баҳс-мунозара, савол-жавоблар бўлди.

Шунингдек, учрашувларда касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ёшларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда юзага келаётган камчиликлар, уларни ҳал қилишда мутасадди ташкилотлар билан бирга ота-оналар масъулиятини кучайтириш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

— Партиямиз ёшлар бандлигини таъминлашни устувор вазифа ҳисоблайди, — деди депутат Аҳад Аҳмедов. — Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш биз учун муҳим вазифа ҳисобланади. Чунки ижтимоий ҳимоянинг энг тўғри йўли бандликни таъминлашдир. Давлатимиз томонидан бу борада катта ишлар амалга ошириляпти. Лекин уларнинг янада самарали бўлиши, фарзандларимизнинг яхши ўқиб, муваффақиятли ишлаб кетиши ота-оналарнинг бу масалага қай даражада жиддий қараётганига ҳам боғлиқ эканини унутмаслик керак, деб ўйлайман.

— Депутат билан учрашувдан катта таассурот олдим, — дейди Тавоис маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Наргиза Қудратова. — Учрашувда биз ёшларни ўқитиш, иш билан таъминлаш мақсадида қилинаётган ишлар ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим. Суҳбат давомида «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти бўйича ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олдим, етарли тушунча ҳосил қилдим. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида мазкур қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Қонунда акс этиши керак бўлган жиҳатлар ҳақида ҳам таклифларимизни билдирдик.

Карманалик сайловчилар билан ўтказилган учрашув ҳам қизғин суҳбатлар асосида кечди. Депутат сайловчиларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг аҳамиятини гапириб берди.

Депутат учрашувлар давомида электоратни ўйлантираётган масалалар ва уларнинг ечими бўйича ЎзХДП фракцияси аъзолари амалга ошираётган ишлар ҳақида ҳам тўхталди.

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.