03.06.2014

ДЕПУТАТ СЎРОВИ

ҳудудлар ривожи, аҳоли манфаатларига хизмат қилади

Айни пайтда халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашида ЎзХДПдан сайланган 14 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 89 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган йилда коммунал тўловлар, ижтимоий соҳа, бандлик масалаларида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари 60 га яқин, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари эса 120 дан ортиқ депутатлик сўрови билан мурожаат этган.

Депутатлар партиянинг Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб таклиф ва ташаббуслар билан чиқмоқда. Бу борада депутатлик сўрови институти муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

Масалан, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Фахриддин Нуруллаевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига йўллаган депутатлик сўрови натижасида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг вилоят бўлими ва «Савдогарбанк»дан 5 нафар фуқарога ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратилди. Шунингдек, депутатнинг Навоий шаҳридаги 6-сон уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбарига юборган сўрови натижасида кўп қаватли уйлар олдидаги 3 та болалар майдончаси тўлиқ таъмирланди.

4-Гулистон сайлов округидан сайланган депутат Амриддин Қодиров 2013 йилда 12 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 4 та депутатлик сўрови билан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мурожаат этган. Айниқса, унинг қурилиш материалларини қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш бўйича таклифини шаҳар ҳокимлигига киритиши кўплаб фуқаролар манфаатига хизмат қилди. Жорий йилнинг биринчи чораги якуни билан ушбу корхона ишга тушди ва 100 дан зиёд иш ўрни яратилди.

Халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгаши депутати Маҳмуд Ўроқов жорий йил ўтган даври мобайнида 3 марта депутат сўровини амалга оширди. Унинг «Оқолтин-транс» МЧЖ раҳбарига юборган сўрови натижасида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифати янада яхшиланди. Шу билан бирга, айрим мутасадди ташкилотлар раҳбарлари депутатнинг сўровига нисбатан эътиборсизлик билан қарамоқда. Масалан, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарига электр энергияси таъминотидаги тартибсиз узилишларнинг олдини олиш борасидаги мурожаат ҳамон жавобсиз қолмоқда.

— Жорий йилда 7 маротаба депутатлик сўрови юбордим, — дейди халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Турсун Самадов. — Ҳозирда уларнинг 4 тасига жавоб олдим. Масалан, шаҳар Санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбарига аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва ҳудуддаги гўшт дўконларининг санитария ҳолатини яхшилаш борасидаги мурожаатимга ҳанузгача жавоб бўлмади.

Қайд этиш керакки, 2014 йилнинг ўтган 4 ойи давомида халқ депутатлари Навоий вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар томонидан 30 дан зиёд сўров юборилди. Ҳозирда уларнинг 70 фоизида депутатлар томонидан кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилди. Айрим ҳолларда депутат сўровига нисбатан сансолорликка йўл қўйилмоқда. Аслида эса ҳар бир мансабдор шахс депутат сўрови моҳиятини чуқур тушуниши, сўровлар ортида жамият ва халқ манфаатлари, аҳоли турмуш фаровонлиги ётганини англаши зарур.

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.