03.06.2014

БЎЛАЖАК ДЕПУТАТЛАР

ўз таклифларини ишлаб чиқди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан «Бўлажак депутат» лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар ташкил этиляпти. Хусусан, «Муаммоларни ҳал этишда менинг иштироким» шиори остида ҳамкор ташкилотлар билан бирга «Ёшлар саломатлиги ва никоҳ» мавзусида Самарқанд, Каттақўрғон шаҳар, Пахтачи, Тайлоқ, Оқдарё, Пайариқ туман кенгашларида қатор тадбирлар ўтказилди, партиямиз ёш аъзоларининг халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан учрашувлари ташкил этилди.

— Тадбирларимизда ёшлар фаол қатнашишга ҳаракат қилишди, — дейди ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Бўрибой Бўронов. — Жумладан, ёш аъзоларимиз қизларни эрта турмушга бериш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш бўйича ўз таклифларини ишлаб чиқишди. Мавзу доирасида таклиф ва мулоҳаза билдираётганда улар ўзларини депутат сифатида тасаввур этишди. Бу эса масалага янада масъулият билан ёндашишлари учун хизмат қилди. Қувонарли жиҳати, партиямиз сафидаги ёш аъзоларимиз ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга бефарқ эмас.

— Ёшларимизнинг маънан баркамол бўлиб улғайишига кўмаклашиш, мустақил ва онгли фикрлашга ўргатиш мақсадида кўплаб тадбирлар ташкил этаяпмиз, — дейди халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгаши депутати, партия гуруҳи раҳбари Зайнаб Бердиева. — «Бўлажак депутат» лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилди. Тадбирлар шунчаки қуруқ гаплар, маърузалардан иборат бўлмади. Масалан, ёшлар дастлаб депутатлик фаолиятига доир режа ишлаб чиқишди. Гуруҳларда ҳудудларда учраётган муаммолар таҳлил этилди ва ҳар бир қатнашчи депутат сифатида таклифлар тайёрлади ҳамда тақдимот ўтказди. Ҳар бир таклиф ҳаётий мисолларга асослангани боис, иштирокчиларнинг барчаси унга ўз муносабатини билдирди, қизғин баҳс-мунозараларга киришди. Умуман, мазкур тадбир ёшлар учун жуда фойдали бўлиб, қизиқарли ўтди.

Хўш, тадбирларда қандай таклиф ва мулоҳазалар билдирилди?

Шоҳрух ЖЎРАҚУЛОВ, «Сардорлар мактаби» фаоли:

— Ёшларнинг саломатлиги ва никоҳ масаласи оила мустаҳкамлигига бевосита таъсир кўрсатади. Орамизда бу борада кўплаб муаммолар учраб турибди. Масалан, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг тақдирини чуқур ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини турмушга узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғлини унга уйлантириш тараддудига тушади. Қизи ёки ўғлининг бўйи етганини билади-ю, ёши, оила қуришга лаёқати етиш-етмаслигини ўйлаб ўтирмайди. Оқибатда қизларни ўн олти, баъзан ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб турибди. Бу аксарият ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Шу боис жойларда тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Балки, бундай ота-оналарга қонуний жавобгарлик йўлларини ўйлашимиз керак, деган таклифни илгари сурдим.

— Аёл 16-17 ёшида ҳомиладор бўлса, бу даврда турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида рўй берадиган ўзгаришларнинг салбий оқибатлари кўп бўлади, — дейди Шошилинч тез тиббий ёрдам маркази шифокори Саноат Зоҳидова. — Бизнинг тез тиббий ёрдам муассасамизда «Ёш оналар мактаби» ташкил этилди. Бунда болани қандай тарбиялаш, бўлажак онанинг тиббий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, келажакда соғлом бола парваришлашга ҳозирдан тайёрлаб боришга асосий эътибор қаратаяпмиз. Бу борада тарғибот тадбирларини партиянинг ёш фаоллари билан ҳамкорликда олиб борсак, ўзининг самарасини беради, деб ўйлайман.

Лойиҳа доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ёшларга аниқ тавсиялар беришди ва уларнинг лойиҳаларини таҳлил қилиб, ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Шаҳноза ПАРМАНОВА,

ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши масъул ходими.



DB query error.
Please try later.