03.06.2014

БАНДЛИК ДАСТУРИ

янги иш ўринлари яратилиши ва оилалар фаровонлигига хизмат қилмоқда

Меҳнатга қобилиятли аҳолининг иш билан тўлиқ бандлиги жамиятда ижтимоий мувозанатни таъминлайди ва аҳоли фаровонлигининг асосий манбаси ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда бу масалага алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, ҳар йили Олий Мажлис томонидан Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури тасдиқланади ва ижроси назоратга олинади. Қолаверса, жойларда ҳудудий бандлик дастурлари қабул қилинади ва амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Бандликка кўмаклашиш ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Аббоз Камаловдан бандлик дастурлари қандай бажарилаётганлигини сўрадик.

— Дарҳақиқат, аҳоли муносиб турмуш шароитига эга бўлиши учун, аввало, у ишли бўлиши лозим. Шунинг учун бандлик масаласига умумдавлат, умумжамият иши, деб қараш талаб қилинади, — деди у. — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тегишли вазирлик ва идоралар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда бандлик бўйича алоҳида дастур ишлаб чиққанмиз. Унинг ижроси тўлиқ таъминланиши қатъий назоратимизда.

Ўтган йили 49725 янги иш ўрнини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури тасдиқланган эди. Йил давомида 49941 та ёки йиллик дастурга нисбатан 216 та кўп иш ўрни яратилди. Тармоқлар ва ҳудудларнинг ҳамкорлиги, тижорат банкларининг қўллаб-қувватлаши натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда 23682 та, шундан хизматлар соҳасида 19953 та, янги объектларни ишга тушириш, инфратузилмани ривожлантириш, ишламасдан турган корхоналарни тиклаш ҳисобига 5863, касаначилик ва оилавий тадбиркорликнинг барча шаклларида 9380, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш орқали 11016 та иш ўрни ташкил этилди.

Корхоналар билан кооперацияда меҳнат шартномалари асосида касаначиликка ҳам катта аҳамият қаратилмоқда. Ўтган йилда 285 та корхонада касаначилик асосида 3603 янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунда меҳнат шартномаси асосида ташкил этилган касаначилик иш ўринларида ишлаётганлар асосан шу корхоналарнинг турдош маҳсулотларини, халқ истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Касаначилик меҳнати билан шуғулланувчилар ва иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномалари тузилган, меҳнат дафтарчалари юритилмоқда. Жойлардаги Бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан корхоналарга меҳнат шартномаларини тузиш ва меҳнат дафтарчаларини юритиш бўйича яқиндан ёрдам кўрсатиляпти. Барча касаначилар мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси ва жамғариб бориладиган пенсиялари корхоналарнинг бошқа ишчи-ходимлари каби умумий суғурталаниб ва жамғариб борилмоқда.

Республикада ўтган йилда ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш мақсадида 101 бўш иш ўрни ярмаркаси ташкил қилинди. Уларга 3456 корхона ва ташкилотдан 11329 бўш иш ўрни таклиф этилди. Ушбу ярмаркаларга 13175 ишсиз фуқаро жалб этилиб, шундан 6333 фуқарога ишга йўлланма берилди, 6812 нафар фуқарога меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатлар кўрсатилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар доирасида саноатда 295 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 3720 иш жойи ташкил этилди. Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури ҳисобидан 1088 объектларда 2016 иш ўрни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 340 лойиҳада 1325 иш ўрни пайдо бўлди.

Жорий йилда эса «Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» бўйича 49827 янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган. Ўтган чораклик мобайнида режалаштирилган 11469 иш ўрни ортиғи билан бажарилди.

Жорий йил давомида республика бўйича ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш мақсадида 100 та бўш иш ўрни меҳнат ярмаркаси ўтказиш режалаштирилган. Шундан ўтган ойларда 30 та меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди. Ярмаркаларда 839 корхона ва ташкилот 2668 бўш иш ўрни билан қатнашди. Ушбу ярмаркаларда 1572 нафар фуқаро ишга йўлланма олди. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади. 1143 нафар фуқарога меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.

Биз коллеж битирувчиларини иш билан банд қилишга энг муҳим вазифа сифатида қарамоқдамиз. Ишга жойлашган аксарият ёшлар коллеж битирувчиларидир. Масалан, ўтказилган меҳнат ярмаркаларида Нукус шаҳридаги 2-тиббиёт коллежини битирган Умит Шингисова Шошилинч тиббий бўлимга, Гулбаҳар Айтмуратова Республика онкология диспансерига, Нукус шаҳридаги 1-тиббиёт коллежи битирувчиси Надира Қалжанова Республика ўсмирлар диспансерига, Нукус компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаган Наурызбай Абдуллаев Нукус йўл қурилиш ишларидан фойдаланиш бошқармасига, Нукус педагогика коллежини битирган Бибизада Марзияева 31-мактабгача таълим муассасасига, Хўжайли педагогика коллежи битирувчиси Сапура Ержанова 9-мактабгача таълим муассасасига ишга қабул қилинди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бундан кейин ҳам диққат марказимизда бўлади.

«Ўзбекистон овози» мухбирлари

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.