03.06.2014

ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ

мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини ифодалайди

Жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мазмунини ташкил қилади. Ўтган давр мобайнида суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш учун қатор ишлар қилинди. Судлар ихтисослаштирилди, соҳага оид ташкилий-ҳуқуқий асос замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Жумладан, «Судлар тўғрисида»ги қонун, жиноят-процессуал ва фуқаролик процессуал қонунчилигига ўзгартишлар киритилди.

Суд ишларини апелляция ва кассация тарзида кўриб чиқиш институтлари жорий этилди, тергов-суриштирув ва шахсни ҳибсда сақлаш муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди, ишларни судларда кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди. Адвокатура институти ваколатлари кенгайтирилди.

2001 йили «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди, десак хато бўлмайди. Унга кўра, жиноятлар таснифи ўзгартирилиб, оғир ва ўта оғир жиноятларнинг 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Натижада иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини қўллаш имкони кенгайди. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилига мутлақо зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо ҳам чиқариб ташланди.

 Судьяларга бўлган талаб кучайтирилди ва уларнинг ижтимоий муҳофазаси юзасидан амалий чоралар белгиланди. «Судлар тўғрисида»ги қонунга киритилган яна бир муҳим янгилик ҳақида шу ўринда тўхталиб ўтиш лозим. Унга кўра, эндиликда судья бўлаётган шахс ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва ихтисослиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилади. Албатта, бу давр ходим учун, аввало, иш ва ҳаётий тажрибаси ҳамда малакаси ошишига етарли бўлади. Қолаверса, суд-ҳуқуқ тизимидаги давлат сиёсатининг моҳиятини чуқур англайди. Қонунда судьяларнинг фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга оид масалаларга ҳам ойдинлик киритилган. Масалан, судьялар ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Лавозимга тайинланганлиги (сайланганлиги) туфайли ишдан озод қилинган судьяларга уларнинг ваколатлари тугагандан кейин судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги лавозими берилади. Агар бундай лавозим мавжуд бўлмаса, аввалгисига тенг бошқа иш берилиши белгиланган. Буларнинг барчаси суд ҳокимиятининг жамиятдаги нуфузи, судьяларнинг моддий-маиший шароитларини яхшилаш, энг асосийси, уларни қонун устуворлиги ва қонунийликнинг энг мустаҳкам ҳимоячиси сифатидаги аҳамиятини оширади.

Президентимиз раҳбарлигида юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш, жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини пухта ҳимоя қилишни таъминловчи мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Бу мамлакатимизда инсон ва унинг манфаатлари — энг олий қадрият сифатида тан олингани ҳамда улуғланаётганининг ёрқин далилидир.

Машраб МИРЗАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туман суди раиси.



DB query error.
Please try later.