31.05.2014

КЕЛАЖАГИ БУЮК ЮРТНИНГ БАХТЛИ ФАРЗАНДЛАРИ

«Баркамол авлод — 2014» республика спорт мусобақаларининг тантанали очилиш маросими байрамона безатилган, йигирма мингдан зиёд томошабинни ўз бағрига олган Наманган шаҳридаги «Навбаҳор» стадионида бўлиб ўтди.

Наманган вилояти ҳокими Баҳодир Юсупов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинларини очиқ деб эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Пре-зидентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

«Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақаларидан иборат узлуксиз тизим фарзандларимизнинг спортга қизиқишини янада ошириш, уларнинг соғлом, кучли, мард ва қатъиятли бўлиб камолга етишига хизмат қилмоқда. Шундан бўлса керак, мазкур уч босқичли ноёб тизим мутахассислар томонидан янги педагогик технология сифатида эътироф этилиб, бугун бутун дунёда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Бу йилги «Баркамол авлод» мусобақалари бўлиб ўтаётган Наманган вилоятида спортни ривожлантириш, айниқса, болалар спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши учун қулай шароит ва кенг имкониятлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён ўтган даврда вилоятда 140 га яқин спорт иншоотлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисидаги қарори асосида қуриб фойдаланишга топширилган «Баркамол авлод» спорт мажмуаси вилоят ёшлари учун муносиб туҳфа бўлди. Унда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган катта стадион, ёпиқ сузиш ҳавзаси, енгил атлетика, спорт гимнастикаси, бокс, кураш, волейбол, баскетбол майдонлари ва теннис корти мавжуд.

— Бугунги ёшларга ҳавасим келади, — дейди меҳнат фахрийси Абдулҳамид Жамолов. — Қарийб қирқ йил мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берганман. Тўрақўрғоннинг Калвак қишлоғида яшасам-да, невараларимни олиб, тез-тез Наманган шаҳрига келиб тураман. Кундан-кунга яшнаб, яшариб бораётган шаҳардаги янги қурилган биноларни кўриб, кўзим қувнайди, дилим яйрайди. «Баркамол авлод» мусобақаларини ўтказишга тайёргарлик жараёнида нафақат вилоят маркази, балки чекка туманлар ҳам янада чирой очди.

Ўзбекистон фарзандларини халқаро мусобақаларда зафар қучиб, медаллар билан юртимизга қайтаётганини кўриб, уларга ҳавас қиламан: «Қанийди, менинг набираларим ҳам шуларга ўхшаса!..» «Баркамол авлод — 2014» спорт мусобақаларини кузатиб, қаттиқ аҳд қилдим. Набираларимни спорт тўгаракларига бераман...

Давлатимиз раҳбарининг 2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори асосида «Навбаҳор» стадиони халқаро талаблар асосида тўлиқ реконструкция қилинди.

— «Баркамол авлод» мусобақаларининг бош майдони бўлган «Навбаҳор» ўйингоҳи мактаб-интернатимизнинг ёнида жойлашган, — дейди Наманган шаҳридаги 15-сон футбол мактаб-интернати ўқитувчиси Латофат Ҳакимова. — Стадиондаги ўзгаришлар ҳар қандай кишини ҳайратга солади. «Баркамол авлод» мусобақасининг вилоятимизда ўтказилиши шарофати билан нафақат стадион, балки бутун Наманган шаҳри қиёфаси тубдан ўзгарди. Наманганимиз чин маънода водий дурдонасига айланди.  Шаҳримиздаги гулзорлар меҳмонларнинг ҳам кайфиятига кўтаринкилик бағишлашига ишонаман.

Мусобақалар дастурига киритилган спорт турлари бўйича иншоотлар, иштирокчилар жойлаштириладиган меҳмонхона, ётоқхона ҳамда бошқа ижтимоий-маиший объектлар таъмирланиб, жиҳозланди.

«Дўстлик» теннис корти мажмуасида 8 очиқ ва 2 ёпиқ корт, Наманган олимпия захиралари коллежининг баскетбол зали, «Паҳлавон» спорт мажмуасининг бадиий гимнастика зали, «Баркамол авлод» спорт мажмуаси, футбол, волейбол, қўл тўпи, енгил атлетика, оғир атлетика майдонлари, сузиш ҳавзаси, шоҳмот павильони, Олий спорт маҳорати мактабининг бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, юнон-рум кураши залларида мусобақаларнинг юқори савияда ўтишини таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилди.

«Баркамол авлод» спорт мусобақалари бу йил олтинчи маротаба ўтказилмоқда. Мусобақанинг финал босқичида туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги беллашувларда ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашади. Эътиборлиси, бу йилги мусобақалар аввалгисидан тўртта кўп, яъни спортнинг ўн олти тури — баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, белбоғли кураш, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквондо, енгил атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, сузиш ва шоҳмот бўйича ўтказилмоқда.

— Ўзимизнинг Наманганда ўтаётган «Баркамол авлод» мусобақаларида иштирок этаётганимдан бахтиёрман, — дейди Наманган «Ёшлар маркази» интеллектуал клуби бош координатори Ҳожиакбар Паттаев. — Мамлакатимиздаги уч босқичли спорт мусобақаларининг ёшлар ҳаётидаги аҳамияти ҳақида ҳар қанча гапирсак ҳам оз. Ушбу спорт анжуманларида қатнашган минглаб иқтидор эгалари ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини эгалламоқда. «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари соғлом фикрли, шижоатли ёшлар иқтидор ва салоҳиятини намойиш этиши учун имкониятлар майдонидир. Қолаверса, турли вилоятлардан келган спортчилар бир-бирлари билан фикр алмашади, дўстлашади. Шунинг учун ҳам бу спорт анжумани ёшлар учун ҳақиқий байрамдир...

«Баркамол авлод — 2014» спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.