Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
31.05.2014

ЎЗХДП ГУРУҲИ ТАШАББУСИ БИЛАН

халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши сессиясида автотранспорт ва пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи раҳбари Саида Жўраеванинг диққатини Бухоро шаҳар кўчаларида юзага келган транспорт қатнови билан боғлиқ баъзи муаммолар ўзига тортди.

Вилоят партия ташкилоти етакчиси депутатларни йиғилишга чақирди. Унда Бухоро шаҳрида автотранспорт ва пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама этилиб, таклифлар билдирилди ва масалани чуқур ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи масала бўйича назорат-таҳлил ишлари олиб борди.

Маълум бўлишича, айни кунда шаҳарда 31 мингдан ортиқ шахсий, 6 мингга яқин юридик шахсларга тегишли транспорт воситаси мавжуд. Бундан ташқари, ҳар куни шаҳарга 1600 дан зиёд транспорт воситаси келиб-кетади. Аҳолига 1-автокорхона ва хусусий автотранспорт корхоналарининг 209 автобуси, 226 микроавтобуси, Когон шаҳридан қатнайдиган 201 микроавтобус, Гала Осиё шаҳридан қатнайдиган 20 авто-бус ва 78 микроавтобус, шаҳардаги 50 та МЧЖга тегишли 836 йўналишсиз такси хизмат кўрсатмоқда.

— Сўнгги йилларда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифатини яхшилаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиляпти, — дейди Саида Жўраева. — Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қарорга мувофиқ, 2012 йил 1 январдан бошлаб йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом амалга киритилди.

Бироқ Бухоро шаҳрида ва туманлар марказларида бош режага асосан қурилаётган замонавий савдо мажмуалари, савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасининг бошқа объектлари, турар-жойлар, маъмурий бинолар олдида халқаро стандартларга жавоб берадиган автотранспорт воситалари учун вақтинча сақлаш жойлари қуриш борасидаги ишлар охирига етказилмаган.

Бухоро шаҳрида охирги йилларда қурилган баъзи объектларда автотранспорт учун вақтинча сақлаш жойлари назарда тутилмаган. Савдо ва маиший хизмат объектлари, янги уй-жойлар, маъмурий бинолар олдида тўхтаган автотранспорт воситаларининг йўл ёқаларида туриши йўловчи транспорти ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдирмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, ўтган йили 12 чорраҳа ва 8 кўчада доимий равишда тирбандлик юзага келган. Амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган меъёр бўйича соатига 750-850 автомобиль ўтказиш ўрнига ҳозирги кунда 1800-2000 автомобиль ўтказилмоқда ва бу йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашда қийинчиликлар пайдо қилиш билан бирга, кўп ёқилғи сарфланишига олиб келмоқда.

Шаҳарнинг Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Мустақиллик, Иброҳим Мўминов, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирдўстим ва Хавзи Нав кўчаларида кўплаб турар-жой бинолари, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. Аммо улар яқинида автотранспортлар учун вақтинча сақлаш жойлари йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ягона такси белгилари тасдиқланган. Яъни, таксида сариқ рангдаги, шахматли компо-зицион белги, давлат солиқ хизмати органларида расмийлаштирилган назорат-касса аппарати ва тўловларни банк пластик карточкалари орқали қабул қилиш имкониятини берадиган терминал бўлиши керак.

Аммо партия гуруҳининг ўрганиши «Таксиремонтмашсервис» МЧЖ таксиларидан бошқа йўналишсиз таксиларда таксометр ва терминал йўқлигини кўрсатди. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳудудий бошқармаси лицензия бериш вақтида юқоридаги қарор талабларини инобатга олмаган. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги йўналишсиз таксилар учун бекат турар-жойлари тайёрлаши керак эди. Аммо бу ишлар ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Бугунги кунда шаҳарда 87 якка тартибдаги тадбиркор транспорт воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш, ювиш, мой алмаштириш хизматлари кўрсатиб келмоқда. Депутатларимиз томонидан шулардан 20 нафарининг фаолияти ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, хизмат ҳақларидан тушган маблағ инкассация қилинмайди, касса аппаратлари йўқ ва тегишли идоралар томонидан назорат юритилмаган. Шунингдек, шохобчаларда 3 нафардан 7 нафаргача ходим ишламоқда. Аммо якка тартибдаги тадбиркорлар улар билан меҳнат шартномалари тузмаган. Депутатлар бу Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатларига зид эканлигини қайд этишди.

Партия гуруҳи назорат-таҳлил ишларини умумлаштириб, аниқланган хато ва камчиликларни сессия муҳокамасига олиб чиқишга қарор қилди. Депутатлар ташаббуси билан масала сессия кун тартибига киритилди.

Муҳокама этилган масала бўйича сессия қарор қабул қилди. Унга асосан шаҳардаги «Шарқ» автобекати, «Талижа», «6-кичик туман» ва «Автошоҳ бекат»да йўловчилар учун шароит яратиш, йўналишсиз таксилар учун ташкил этилган 8 тўхташ жойини хатловдан ўтказиб, қайта таъмирлаш ва қўшимча равишда яна 10 та махсус жиҳозланган тўхташ жойлари қуриш ҳамда янги турар-жой мавзеларида автомашиналар учун доимий сақлаш жойлари бунёд этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Бу борада Бухоро вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосари, Бухоро шаҳар ҳокими, вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳудудий бошқармаси, «Бухороавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат ташкилоти, Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

Сессия муҳокамасида қайд этиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва унинг бажарилиши юзасидан кўрсатилган муддатда халқ депутатлари вилоят Кенгаши раисига ахборот бериш вазифаси юклатилди.

Ҳудудлардаги муаммоларга ҳудудларнинг ўзида ечим топилиши керак. Бунинг учун, энг аввало, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари асосий масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур. Яқинда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг маъно-мақсади ҳам шундан иборат.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.