31.05.2014

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ

ўз сайлов округларида учрашувлар ўтказмоқда

74-Денов сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвар Бойқулов Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Тасмасой» маҳалласида учрашув ўтказди. Партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари қатнашган мазкур учрашувда депутат ислоҳот ислоҳот учун эмас, балки инсон учун ғояси мазмун-моҳиятига тўхталди.

Депутат сайловчиларнинг сўровига асосан «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг муҳим йўналишлари тафсилотига, оилаларни ҳар томонлама соғломлаштиришдаги аҳамиятига тўхталди. Дастурга кўра, қандай ишлар қайси муддатларда амалга оширилиши ҳақида ахборот берди, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтиришда фаоллик кўрсатиш ҳақида аниқ таклифлар айтилди.

Очиқ ва самимий ўтган учрашувда сайловчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

— Ҳудудимиздаги 7 та маҳаллада 28 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, — деди Анбарсой қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, ЎзХДП аъзоси Фурқат Аслонов. — Мустақиллик йилларида туман марказидан олис бу ҳудуд ҳам ўзгача қиёфа касб этмоқда. Замонавий турар-жойлар, билим масканлари, қишлоқ врачлик пункти фойдаланишга топширилди. Бундай бунёдкорликлар ҳар биримизда фахр ва ифтихор ҳиссини уйғотади. Депутат билан мулоқотда бу ишларни давом эттириш, қонунлар ижроси устидан парламент назорати ҳамда жамоатчилик назоратини узвий олиб бориш ҳақида фикр алмашдик.

— Бугун дунёнинг кўпгина мамлакатларида иқтисодий инқирознинг оғир оқибатлари кузатиляпти, — деди ЎзХДП аъзоси Болтамурод Бўтаев. — Юртимизда эса барча соҳаларда юксалиш кўзга ташланмоқда. Бунинг замирида, энг аввало, юрт тинчлиги, фаровонлиги ётибди. «Тасмасой» маҳалласида 5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги 4 километрдан ортиқ йўлни таъмирлаш кўзда тутилган. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасидаги ишлар ҳам давом эттирилмоқда. Давлатимиз фуқароларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш учун барча чораларни кўраётганига ўз ҳаётимиз мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Аҳоли бу ислоҳотларда қанча фаол иштирок этса, мисол учун, қонунлар лойиҳаларига таклифлар берса, ҳаётимиз янада фаровон бўлаверади.

— «Қовунлисой» маҳалласида яшайман, — суҳбатга қўшилди пенсионер Абдураим Салимов. — Ёшим 82да. Бугунги учрашувда биз учун муҳим бўлган, барчамизни қизиқтирган масалаларда фикр алмашдик. Яқинда телевизорда кўрдим: Президентимиз 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида тинчлигимизни асраш ҳақида улуғ гапларни айтди. Кўнгил хотиржамлиги ҳар нарсадан азиз эканини ҳеч қачон унутмайлик!..

57-Оқдарё сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мажидхон Усмонов сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш билан бирга, халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи йиғилишида ҳам қатнашди. Унда 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг тумандаги ижроси муҳокама қилинди.

— Тумандаги бир неча маҳаллада сайловчилар билан учрашганимда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг амалиёт ўташи, ишга жойлашиши масалаларида мурожаатлар бўлди, — дейди депутат. — Шунинг учун Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партиямиз гуруҳи билан ҳамкорликда бу борадаги камчилик ва муаммоларни таҳлил қилишга, уларга ечим топишга эътибор қаратдик.

Туманда бу йил 4275 иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Асосий иш ўринлари кичик корхоналар, микрофирмалар, оилавий тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш ҳисобига очилади.

2013-2014 ўқув йилида тумандаги 7 касб-ҳунар коллежини 2240 нафар ўқувчи битиради. Уларнинг 2227 нафари билан уч томонлама шартномалар тузилиб, амалиёт ташкил қилинган. Лекин бу борада ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди.

ЎзХДП гуруҳи йиғилишида Мажидхон Усмонов сўзга чиқиб, бандлик дастури ижроси билан боғлиқ ҳар бир маълумот ҳаққонийлигини таъминлаш, ҳар бир битирувчининг қаерга ишга жойлашгани, қандай шароитда ишлаётганидан хабардор бўлиш зарурлигини таъкидлади. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи билан узвий ҳамкорлик касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлаш масалалари бўйича ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан ўтказилиши режалаштирилган парламент эшитувини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини айтди.

Янги қабул қилинган қонунлар, хусусан, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, унинг ижросини таъминлаш, шунингдек, электоратни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилишда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳини фаолликка чақирди.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Шаҳноза ПАРМАНОВА,

ЎзХДП Самарқанд вилоят

кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.