31.05.2014

ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАР

хайрихоҳларимиз кўпайишига хизмат қилади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллиги ошиб бориши, мустаҳкам фуқаролик позицияси шаклланишига боғлиқдир. Шу боис партиямиз тизимида аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини кучайтириш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Айтиш жоизки, бу борада ЎзХДП Хоразм вилоят кенгашида ҳам яхши тажриба тўпланган. Электорат билан самарали ишлаш, улар билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлиш, партия дастурий мақсадларини кенг тарғиб қилиш масаласи фаолиятимизда устувор аҳамиятга эга бўлмоқда.

Масалан, партия ғоялари тарғиботи, аҳоли билан ишлашда ҳамда жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда давра суҳбатлари яхши самара бермоқда. Тадбирнинг бу шаклида иштирокчиларнинг ҳар бири билан самарали ишлаш имконияти мавжуддир.

Айтайлик, 20-25 нафар партия аъзосини бирлаштирган бошланғич ташкилот аъзолари билан ташкил этиладиган давра суҳбатларида танланган мавзуни барчага етказиш билан бир қаторда иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари, истакларини эшитиш имконияти ҳам пайдо бўларди. Шунинг учун ҳам жойларда аҳоли вакиллари ва партия фаоллари иштирокида долзарб мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этиляпти.

Яқинда Урганч давлат университети бир гуруҳ талабалари таклифи билан фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий партияларнинг ўрни мавзусида давра суҳбати ўтказдик. Бир соатдан ортиқ давом этган тадбирда мавзу чуқур муҳокама этилиб, ёшларни қизиқтирган бир қатор саволларга атрофлича жавоб берилди. Ушбу мисолнинг ўзи ҳам аҳолининг барча қатламлари орасида партиямизга бўлган қизиқиш ва ишонч тобора ортаётганини кўрсатади.

Вилоятимизда аҳолининг кўпчилик қисми қишлоқ маҳаллаларида истиқомат қилади. Шуни инобатга олган ҳолда партиянинг «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида бир қатор маҳаллаларда давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Мазкур йўналишдаги тадбирларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган фармон ва қарорлар бажарилиши, тегишли қонунлар ижро-сини ўрганиш, давлат бюджетидан ажратиладиган ижтимоий нафақа ва ёрдамнинг аниқ манзиллигини таъминлаш масалалари ўрганилмоқда, аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кучайтиришга эътибор берилмоқда.

Айни пайтда чекка маҳаллаларда замонавий хизматлар кўрсатиш шохобчалари, қишлоқ инфратузилмаси аҳволи борасида фуқаролар таклиф-истаклари ўрганилмоқда.

Маълум бўлишича, вилоятнинг айрим чекка қишлоқларида аҳоли учун кундалик зарур хизмат турлари ташкил қилинмаган. Мисол учун, давра суҳбатларида вилоят марказидан 200 чақирим масофада жойлашган Тупроққалъа мавзесида кийимларни кимёвий тозалаш хизматига эҳтиёж борлиги, аммо бундай шохобча мазкур манзилда мавжуд эмаслиги таъкидланди.

Бугунги кун бизнинг олдимизга аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини оширишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш вазифасини қўймоқда.

Вилоят, шаҳар, туман партия кенгашлари ҳамда бошланғич ташкилотларда ўтказилаётган сиёсий ўқувлар сифати ва самарадорлиги ошиши кўп жиҳатдан тадбирларда ахборот технологияларидан, кўргазмали тарғибот воситаларидан кенг фойдаланиш, интерфаол усулларни қўллаш билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис маҳаллий партия кенгашларидаги ахборот-маърифат хоналари ишини янада ривожлантириш, улар фондини янги китоблар билан бойитиб боришга ҳаракат қиляпмиз.

Умуман олганда, бу тадбирлар партиямизнинг жамоатчилик билан алоқалари ривожланишига замин яратмоқда.

Жамоатчилик билан самарали ҳамкорлик эса партиямизнинг хайрихоҳлари, тарафдорлари сафи янада ортишига олиб келади. Шундай экан, бугунги кунда мафкуравий йўналишдаги фаолиятимизни таъсирчан воситалар, лойиҳалар орқали янги босқичга кўтариш зарур. Бу борада партиямиз масъул ходимлари, тарғибот гуруҳлари аъзолари, депутатларимиз, партия аъзолари ҳамкорликда фаолият кўрсатишлари лозим.

Мадамин МАМАТОВ,

ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.