29.05.2014

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА

сиёсий партияларнинг роли ошмоқда

Конституциямизнинг 32-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг -фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Конституциямизнинг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан жамоатчилик назорати институти конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди. Бу эса қонунлар қандай ижро этилаётгани, мамлакатни ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан назорат механизмини такомиллаштириш, шунингдек, ижро ҳокимияти органлари, мутасадди ташкилотлар вакилларининг ишга муносабатини, масъулиятини ошириш борасида муҳим қадам бўлди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва вилоят партия кенгашлари раҳбарлари, масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, экспертлар, олимлар, ёшлар навбатдаги сиёсий ўқув машғулотида «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўз-гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ( 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш масаласини муҳокама этди. Семинар «Демократик мо-дернизациялаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий партиялар ролини оширишнинг ҳуқуқий асослари» мавзусига бағишланди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Маълумки, Президентимиз Конституция байрамига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Олий Мажлиснинг ролини янада оши-риш, фақатгина қабул қилинган қонунларнинг ижросини текшириш билан чегараланмасдан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш учун Конституциямизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этган эди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонун қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бош қомусимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар демократик ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлади. Ушбу ўзгаришларни кенг жамоатчиликка етказиш, фуқароларни мазкур янгиланишлар моҳияти хусусида тўлароқ хабардор қилиш муҳим вазифалардан саналади.

Иштирокчилар фикрига кўра, қонунда назарда тутилган меъёрлар ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг роли, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилишга доир энг муҳим вазифаларни ҳал қилишда уларнинг иштироки тубдан кучайишига ҳуқуқий шароит яратди.

Бу эса ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини самарали амалга оширишда, эҳтиёжманд аҳоли вакиллари манфаатларини кафолатли ҳимоялашда, жойларда ижтимоий муаммоларни оқилона ҳал этишда, парламент ва депутатлик назорати таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Конституциянинг 78-моддасига киритилган ўзгартишга асосан Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатлари доираси янада кенгайди. Ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан депутатлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг ҳуқуқий асослари янада бойитилди.

Айтиш жоизки, парламент назоратини амалга оширишда сиёсий партиялар муҳим вазифаларни бажаради. Сиёсий партиялар парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида ўз депутатлари орқали иштирок этгани каби, бу жараёнда ҳам, аввало, Олий Мажлис Қо-нунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларининг ваколатларидан кенг фойдаланган ҳолда қатнашади.

Шунингдек, қонун ҳужжатларини жойларда қандай бажарилаётганини ўрганишда маҳаллий ва бошланғич партия ташкилотлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Бизга маълумки, маҳаллий партия ташкилотлари ёрдами билан депутатлар аҳоли қандай муаммоларга дуч келаётгани, қонунлар қандай ишлаётгани билан бирга, фуқароларимизда қандай қонунларга эҳтиёж борлиги ёки амалдаги қайси қонунга қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлиги ҳақида таклиф ва тавсиялар олади. Шу боис ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини жамоатчилик назорати билан уйғун олиб боришни жуда муҳим, деб ҳисоблайман.

Маъруза ва муҳокамалар чоғида қайд этилдики, қонунни аҳоли ўртасида кенг тушунтиришда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан узвий алоқалари тизимли давом этиши лозим.

Бунда маҳаллий партия ташкилотлари фақат ташкилотчигина эмас, балки ташаббускор бўлиши зарур.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси  Шуҳрат Турсунбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош консультанти Икром Соиповлар сўзга чиқиб, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат ҳокимиятининг янада демократлашуви, унинг мустақил тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тамойили ривожланиши, шунингдек, сайлов тизими янада такомиллашувининг муҳим омилига айланганини таъкидлашди.

Семинар сўнгида Конститутцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, шундай семинарларни вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда БПТда ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.