29.05.2014

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚОНУНЧИЛИГИ

ва уни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди

2025 йилга келиб жаҳонда 60 ёшдан ошган одамлар 1,1 миллиарддан ортиши тахмин қилинмоқда. Бу ўтган асрдагига нисбатан 5 баробар кўп, дегани. Мутахассисларнинг айтишича, узоқ умр кўрадиган одамларнинг ортиб бориши кафолатли пенсия таъминотини яратиш, тиббий ва -ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича давлатлар зиммасига катта масъулият юкламоқда.

Ўзи, умуман, сурункали касалликлар, табиий ва техноген офатларнинг кўпайиши, камбағаллик каби турли омиллар таъсирида сўнгги йилларда ер юзида ижтимоий муҳофазага муҳтож кишилар сони сезиларли даражада ўсиб бораётгани, бундай кишиларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмаётгани қайд этилмоқда.

Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, дунёнинг айрим давлатларида яққол сезилиб қолаётган бу ҳолат ижтимоий барқарорликка, жамиятдаги умуминсоний муносабатларга, тараққиёт мувозанатига путур етказмоқда.

Хавотирлиси, яшаш, илм олиш, даволаниш каби инсоннинг энг олий ҳуқуқлари кафолати хавф остида қолаётир. Шунинг учун ҳам жаҳон мамлакатларида ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ факт ва рақамлар таҳлил қилиниб, бу борадаги кафолатларни, қонунчиликни мустаҳкамлаб боришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда мустақилликка эришилган дастлабки йиллардан бошлаб ижтимоий ҳимоя масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Хусусан, 1991 йилда Прези-дентимизнинг «Ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғиз пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қи-лиш тўғрисида»ги қонун мустақил давлатлар орасида биринчилар қаторида қабул қилинди. 1994-1996 йилларда аҳолининг муҳтож қатламларига моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, улар асосида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Миллий қонунчилик билан халқаро қонун ҳужжатлари инвен-таризациядан ўтказилди. 2009 йил февраль ойида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ногиронлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Конвенциясини имзолади.

Ўтган давр мобайнида юртимизда ижтимоий муҳофаза масалаларига оид 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Мазкур ҳужжатлардаги ижтимоий ҳимоя ва аҳолини манзилли қўллаб-қувватлашнинг муҳим тамойиллари ва кафолатларини ягона қонунда акс эттириш, мазкур жараёнда аҳоли ижтимоий ҳимояси бўйича ривожланган давлатларнинг қонунчилик тажрибаси, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқликни таъминлаш муҳим ҳисобланади.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Аҳолини мақсадли ҳамда манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш: амалиёт, муаммо ва ечимлар» мавзусидаги семинарда шу ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ташкил этган мазкур семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан бирга, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия ва-зирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассислари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бошқаруви мутасаддилари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари қат-нашди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутахассиси Баҳодир Шароповнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, аёллар ва болалар, пенсионерлар, ёлғиз кексалар, ишсиз фуқаролар ижтимоий ҳимоя қилинаётган аҳоли тоифаларига киради.

Ижтимоий ҳимоялаш моддий қўллаб-қувватлаш (ижтимоий нафақа, бошқа тўловлар), тиббий, касбий, ижтимоий реабилитация қилиш, ўқи-тиш, касбга тайёрлаш ва малака ошириш, иш билан таъминлаш, ижти-моий инфраструктура объектларига тўсқинликсиз кириш, ахборот тизимидан эркин фойдаланиш учун шароит яратиш каби асосий йў-налишларда амалга оширилмоқда.

Мутахассиснинг фикрига кўра, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлашда меъёрий-ҳуқуқий асосни янада такомиллаштириш, жаҳон стандартларига мослаштириш муҳим масала ҳисобланади.

Семинарда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари Маҳмуджон Зиёдуллаев аҳолини манзилли қўллаб-қувватлашда жамғарманинг иштироки, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси ўринбосари Гавҳар Алимова маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айлантириш масалалари ҳақида сўз юритди.

Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Фахриддин Ражабовнинг айтишича, қўмита Наманган ва Навоий вилоятларида «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун, шунингдек, «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом ҳамда Бюджет кодекси ижросини ўрганган.

Бу жараёнда вилоят, туман (шаҳар) молия бўлимлари ҳамда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишда ижтимоий адолат тамойилларига, қарорлар қабул қилишда ошкораликка қай даражада риоя этаётганига эътибор қаратилган. Шунингдек, ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича яратилган тизимнинг ишлаш механизми ўрганилиб, ижтимоий хизмат кўрсатишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш бўйича муайян масалалар аниқланган.

Семинарда бозор муносабатлари такомиллашиб бораётган, мамлакатимиз тараққиёти юксалаётган шароитда ижтимоий ҳимоя бўйича ягона қонунчиликни янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади, деган хулосага келинди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.