29.05.2014

КОЛЛЕЖДАН — КОРХОНАГА ТИЗИМИ ШУНЧАКИ ГАП ЭМАС

бунда минглаб йигит-қизларнинг катта ҳаётга ташлаётган дастлабки қадами, эртанги кунга ишончи, ҳаётдан рози бўлиб яшаши каби устувор мақсадлар мужассамлашган

Бугун ҳар бир касб-ҳунар коллежи битирувчисини қаерда ишласам экан, деган савол ўйлантириши табиий. Бундай пайтда уларга тўғри йўл кўрсатиш, эгаллаган мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш ёки бирор мустақил иш бошлаши учун рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Мирзаобод ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи битирувчиси,

ЎзХДП аъзоси Мафтуна Эргашева ана шундай ёшлардан бири.

У коллежда эгаллаган билим ва кўникмалари асосида мустақил ишини бошлашга қарор қилди. Мафтуна ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими ҳамда «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими ташаббуси билан Мирзаобод туманида ўтказилган «Касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ўз эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги форумда тикувчиликни ривожлантириш бўйича тайёрлаган бизнес-режасини тақдим этди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, Марказий банк вилоят бошқармаси, Савдо саноат палатаси, туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимлари ҳамда қатор тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Унда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликка жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда қонунчилигимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш борасида белгиланган чора-тадбирлар, берилган имтиёзлар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов батафсил тўхталди. Хусусан, меҳнат қонунчилигига коллеж битирувчиларини корхона ва ташкилотларга синов муддатисиз ишга қабул қилиш билан боғлиқ ўзгартиш киритилгани, бу борада иш берувчининг масъулияти янада кучайтирилгани ишга қабул қилинаётган ёшлар учун бир қанча қулайликлар яратилганини қайд этди.

Шунингдек, депутат ишга қабул қилишда, энг аввало, меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларга, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада касб-ҳунар коллежларидаги йўналишларни маҳаллий меҳнат бозори эҳтиёжлари, минтақанинг ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш лозим. Мазкур жиҳат битирувчиларни эгаллаган мутахассислиги бўйича ишлашига замин яратади.

Тадбирда битирувчилар бандлигини таъминлашда юзага келаётган камчиликлар, бу борада партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бир-лашмалари олдида турган вазифалар хусусида ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири Боймурод Юсупов фикр юритди.

— ЎзХДП ва унинг парламентдаги фракцияси томонидан ёшлар масаласига жиддий эътибор берилмоқда, — деди у. — Хусусан, ўтказилаётган тадбирларда, ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишларига ҳамда ўз режасини ҳаётга татбиқ қилишига кўмак бериш, шунингдек, уларнинг сиёсий билими, ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, коллеж битирувчисини иш билан таъминлашнинг яна бир муҳим томонига мутасаддилар эътиборини қаратиш лозим. Яхши мутахассисга иш топиб бериш шарт эмас. Шунинг учун коллеж битирувчиси яхши ўқиши, ўз мутахассислигини чуқур эгаллаши, амалиёт даврида ўша корхонадан ўз ўрнини топишга ҳаракат қилиши керак.

Таъкидлаш лозимки, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш иш ўринлари ташкил этишнинг самарали механизми ҳисобланади. Бу жараёнда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз зиммасига жиддий вазифалар юклатилади. Тегишли ҳудуддаги дастур ижросини партия гуруҳи ҳар чоракда таҳлил қилиши, масъул раҳбарларнинг ахборот ва ҳисоботларини эшитиб бориши лозим. Шунда партия гуруҳларимизнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашдаги иштироки кенгаяди, иш ўринлари тизимли ташкил этилишига эришилади.

Тадбир доирасида «Микрокредитбанк», «Туронбанк» ҳамда «Агробанк» вакиллари ҳамда Мирзаобод туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимлари касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг кредит олиш ва уни қайтариш билан боғлиқ масалалардаги саволларига жавоб беришди.

— Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига кўра жорий йилда туманимизда 2742 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган, — дейди Мирзаобод туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Ўктам Қурбонов. — Ярати-лаётган иш ўринларининг аксариятига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жойлаштирилади. 2013-2014 ўқув йилида туманимиздаги касб-ҳунар коллежларини 753 нафар йигит-қиз тамомлайди. Айни кунларда уч томонлама шартнома асосида ўқувчиларни амалиётга юборишга тайёргарлик кўрилмоқда. Мирзаобод ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи томонидан 46 корхона ва ташкилот билан шартнома имзоланган. Ўқув йили сўнггига қадар мазкур коллежни тамомлаган 300 нафардан ортиқ битирувчи ана шу корхоналарда иш бошлаши кутилмоқда.

Форумда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари томонидан банкдан кредит олиш учун тузилган бизнес-режалар тақдим этилди. Уларга Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари ходимлари томонидан тушунтириш берилди.

— Мен тақдим этаётган бизнес-режа учун банкдан 2 миллион 700 минг сўм кредит олишни режалаштиряпман, — дейди Мирзаобод ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мафтуна Эргашева. — Бизнес-режам тикувчиликнинг унчалик оммалашмаган йўналишига қа-ратилган. Яъни, қўлда турли буюмлар, сумкалар, картмонлар тўқилади. Бизнес-режа тузишдан олдин бозордаги талаб ва таклифни ўрганиб чиқдим. Тайёрлайдиган маҳсулотларимизга туманимизда, Гулистон ҳамда Тошкент шаҳрида талаб бор. Агар ўйлаган режам амалга ошса, айтилган муддатда кредитни қайтараман ва ҳар ой 600 минг сўмга яқин даромад оламан.

— Мафтуна Эргашева томонидан таклиф этилган бизнес-режа пухта ўйланган, аниқ ҳисоб-китоб қилинган, — дейди Савдо саноат палатаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Дониёр Қўчқоров. — Маҳсулотга бўлган талаб ва таклиф ўрганилган. Олинган кредит аниқ мақсадга йў-налтирилиши белгиланган. Бундан кўриниб турибдики, бугун меҳнат бозорига кираётган ёшлар ўз олдига юқори мақсадлар қўйган. Ҳозирданоқ ўйланган бундай режалар эртага катта мақсадларга қанот бўлади. Биз эса ёшларнинг бу борадаги интилишларини рағбатлантириб боришга ҳаракат қиламиз.

Тадбирда Мафтуна Эргашева сингари ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда «Истиқбол» ёшлар қанотини имкониятларидан ҳам унумли фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Форум доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди. Унда Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси, электр тармоқлари корхонаси ҳамда бир қатор ташкилотлар 200 га яқин бўш иш ўрни билан қатнашди.

Тадбирда, шунингдек, Сирдарё вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов, ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Шоҳрух Абдураҳмонов, Марказий банк вилоят бошқармаси ходими Акбар Рустамов ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Коллеждан — корхонага тизими шунчаки гап эмас. Бунда ёшларнинг катта ҳаётга ташлаётган дастлабки қадами, эртанги кунга бўлган ишончи, ҳаётдан рози бўлиб яшаши каби устувор мақсад мужассамлашган.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.