27.05.2014

ДЕПУТАТ — ҲУЗУРИНГИЗГА БОРАДИ У БИЛАН, АЛБАТТА, УЧРАШИНГ

фикр алмашинг, саволларингизга жавоб олинг

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йил 26-31 май кунлари ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашувлар ўтказади.

Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари учрашувларга чиқишдан аввал сайлов округларидаги фаолият бўйича тегишли ҳаракат дастурини белгилаб олди.

Қонунчилик палатасининг Регламентида май ойининг охирги ҳафтасида депутатлар сайлов округларида фаолият олиб бориши белгиланган.

Ушбу жараённи самарали ўтказиш мақсадида ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳи фракция аъзоларининг сайлов округидаги фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳаракат дастурини ишлаб чиқди. Фракция мажлисида ушбу дастур муҳокама этилиб, сайлов округларидаги учрашувлар мобайнида эътибор қаратилиши лозим бўлган қатор масалалар бўйича қўшимча фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Учрашувларни сайловчилар, электорат вакиллари билан эркин мулоқот тарзида ўтказишга интилишимиз, расмий услуб ва маърузалардан қочишимиз зарур, дейишди депутатлар.

Дастурга мувофиқ, ҳар бир учрашув ва унинг натижалари кейинчалик умумлаштирилади. Сайловчилар кўтарган масалалар жиддий эътиборга олинади ҳамда уларни ҳал қилиш чоралари кўрилади.

Фракция аъзолари сайлов округларида, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга кенг ахборот бериши режалаштирилди. Бу борада депутатларга зарур эслатма ва таҳлилий маълумотлар берилди.

Қабул қилинган қонунлар қандай ишлаяпти? Жамиятимизда қандай қонунларга, қайси қонуннинг қандай меъёрларини мустаҳкамлашга эҳтиёж юзага келмоқда? Сайловчилар, хусусан, электорат вакиллари қандай муаммоларга дуч келяпти? Улар ҳал бўлиши учун нима қилмоқ керак? Фракция аъзолари учрашувлар мобайнида ушбу масалаларга эътибор қаратади.

Улуғбек ВАФОЕВ,

ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришда сиёсий партияларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб боряпти. Бу биринчи навбатда сиёсий партиялар фракцияларининг зиммасига катта масъулият юклайди.

Бугун сиёсий партиялар фракциялари ўз электорати манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммоларни янада чуқур ўрганишга, таклифлар ишлаб чиқиб, қонунчиликда акс эттиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолияти самарали йўлга қўйилмасдан, бу борада аниқ натижаларга эришиш қийин.

Фракция мажлисида айрим депутатлар сайловчилар билан доимий алоқани талаб даражасида йўлга қўймагани қайд этилди. Сайловчилар мурожаатлари асосида парламент сўрови юбориш масаласини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқидан етарли даражада фойдаланилмаяпти, бу ўз навбатида сайловчилар билан учрашувларнинг самарасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Депутатлар навбатдаги учрашувларда бу каби камчиликларга йўл қўймаслик зарур, деб таъкидлашди.

Сайдивали АҲМЕДОВ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сайлов округларида фракциямиз аъзолари сайловчилар ўртасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишни режалаштирган. Жорий йилда юртимиз иқтисодиёти, халқимиз фаровонлигини кўтариш бўйича қилинаётган ишлар, эришилаётган натижаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимларига берган интервьюсида билдирган фикрлари мазмун-моҳияти, дунёда тинчликни асраб-авайлаш, давлатлар мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш бўйича Ўзбекистоннинг расмий позицияси ҳамда унинг аҳамияти очиб берилади.

Куни кеча Самарқанд шаҳрида «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусида ўтказилган халқаро конференция тафсилотлари, халқимиз тарихий тафаккури, улуғ аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини дунё жамоатчилигига етказишда мазкур тадбирнинг таъсири ҳақида фикр алмашиш ҳам режамизда бор.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурида ижтимоий ҳимояни кучайтириш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг қай даражада ижро этилаётгани, бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш, Давлат дастури ижроси устидан доимий жамоатчилик ва парламент назоратини олиб бориш муҳим вазифамиз ҳисобланади.

Парламент қабул қилган 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижросини, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишга жойлашишдан олдинги амалиёт ўташ ҳолатини жойларга чиқиб ўрганамиз.

Зокиржон ХОЛМАТОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Депутатлар сайлов округларида партиямизнинг маҳаллий ташкилотлари иштирокида электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларни таҳлил этиб, уларни ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатиши ҳам кўзда тутилган.

Фракциямиз аъзолари ва партиямиз фаоллари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволини танқидий ўрганиб, ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар иштирокида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларида муҳокама қилади. Юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар беради.

Шунингдек, депутатлар аҳолининг табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик аҳволи, пенсия, нафақа ҳамда стипендияларнинг ўз вақтида берилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари сайлов округларидаги учрашувларни жойларда режага асосан ўтказади. Сиз сайлаган депутат, албатта, ҳузурингизга боради. Марҳамат, у билан учрашинг, фикр алмашинг, саволларингизга жавоб олинг, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларингизни айтинг.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.