27.05.2014

МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШ

аҳолини ўйлантираётган масалалар ижобий ҳал этилишига хизмат қилмоқда

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик  партиясининг 13 Жамоатчилик қабулхонаси фаолият олиб бормоқда. 2013 йилда уларга қарийб 500  мурожаат бўлган ва 91 фоиз ҳолатда кўтарилган масала ижобий ҳал этилган.

Аммо даврнинг ўзи аҳолининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатламини безовта қилаётган муаммоларни комплекс ҳал этиш чора-тадбирларини янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги «Оқтепа» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган амалий семинарда бу ҳақда батафсил сўз юритилди. «Партия электоратини ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ҳал қилишда Жамоатчилик қабулхоналарининг ўрни» мавзуидаги тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари ва туман партия кенгашлари раислари ҳамда маҳалла фаоллари қатнашди.

— Сиёсий партия жамиятнинг муайян қисми сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи кўнгилли бирлашмадир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Алишер ТИЛЛАБОЕВ. — Демак аҳолининг маълум бир қатлами манфаатини ифода этиш учун, аввало, шу қатламнинг хоҳиш-истаги ва муаммоларини яхши билиш керак. Бунинг учун партия ўз электорати билан доимий ва тизимли алоқада бўлиши зарур.

Партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналари бизга ана шундай имконият беради. Шу вақтга қадар электорат вакилларини қабул қилиш, муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш тизимини яратиб олдик, бу борада катта тажриба тўпладик.

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш масаласига алоҳида тўхталган эди. Албатта, биз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз электоратимиз манфаатидан келиб чиқиб муносабат билдирамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонунлар лойиҳалари муҳокама этилаётганда шу асосда таклифлар айтамиз. Мазкур масалада партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналари тизимидан самарали фойдаланиш катта аҳамиятга эгадир.

Жамоатчилик қабулхоналарида ўтказилган мониторинг, ижтимоий масалалар таҳлилига асосланиб, электоратимиз манфаати билан боғлиқ муаммони Парламент даражасига олиб чиқиб ҳал қилишга эришсак, фақат бир фуқаронинг эмас, балки минглаб одамларнинг оғирини енгил қилган бўламиз.

Боймурод ЮСУПОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Ҳақиқатан ҳам мурожаатлар асосида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этишга кўмаклашиш Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Эндиликда унинг ишини янада такомиллаштириш талаб этилмоқда. Бунинг учун биринчи галда бошланғич партия ташкилотларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига янгича ёндашиш зарур бўлади. Бундан ташқари, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб, пар-тиямиз сайтидаги Электрон Жамоатчилик қабулхонаси имкониятларини кенгайтириш ва уни янада такомиллаштириш ҳам электоратни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда яхши самара беради, деб ўйлайман.

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Яқинда кучга кирган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун партиямизнинг электорати муаммоларини ўрганиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш борасидаги имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди.

Тажриба кўрсатяптики, қабулхоналарга айрим фуқаролар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари улар манфаати йўлида қандай ишларни амалга ошираётгани ҳақида ахборот ололмагани учун мурожаат этишади. Ушбу қонун эса бу борадаги муаммоларни ҳал қилди. Демак, биринчидан, биз қонунни тарғиб этиш орқали электоратимизга катта ёрдам берган бўламиз. Иккинчидан, мазкур қонун юридик шахс сифатида партия ташкилотларининг электорат манфаатига тегишли бўлган ахборотларни олишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Шу боис ушбу Қонун Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Нигора ЭШМЕТОВА,

ЎзХДП Юнусобод туман кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти кутилган натижани бериши учун, албатта, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларимиз имкониятларидан унумли фойдаланишимиз керак. Мана, мисол учун, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига туманимиз ҳудудидан партиямиз вакиллари бўлган уч нафар депутат сайланган. Биз уларнинг иш жойида ҳам қабуллар ташкил этганмиз. Ҳар бир депутат турли йўналишлар бўйича ойида камида 7-8 та мурожаат қабул қилади. Натижада партиямизга бўлаётган мурожаатлар кўпайди ҳамда уларни ечиш бўйича ҳам яхши натижаларни қўлга киритяпмиз.

Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, пенсия жамғармаси туман бўлими ва бошқа идоралар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Оқсоқоллар, маҳалла маслаҳатчилари, корхона раҳбарлари, таълим соҳалари вакиллари иштирокидаги учрашувлар, қабуллар аҳолининг муаммоларини ҳал этиш билан бирга, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини оширишга ҳам хизмат қиляпти.

Тадбирда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сайдивали Аҳмедов, ЎзХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Рўзибек Тўраев, «Оқтепа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуриддин Жалолов мавзу бўйича фикр-мулоҳаза билдирди. Улар Жамоатчилик қабулхоналари ишини янада яхшилаш, партия электоратини безовта қилаётган ижтимоий масалалар ечимини топиш бўйича ўз-аро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, намунали Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини оммалаштириш таклифларини айтишди.

Тадбир якунида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.