27.05.2014

АЪЗОЛАР ФАОЛ БЎЛСА, БОШ БЎҒИН ИШИ ЯНАДА КУЧАЯДИ

— Бу ерда иш бошлаганимга кўп вақт бўлмади, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиника ҳамшираси Гулноза Нурматова. — Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг поликлиникамиздаги бошланғич ташкилоти ташаббуси билан уюштирилган бир қатор тадбирларда иштирок этдим. Ўзим гувоҳ бўлаяпман, бошланғич ташкилот партия ғояларидан келиб чиқиб, ҳар доим одамларга нафи тегадиган ташаббусларни кўтариб чиқади. Партиянинг мақсад ва ғоялари менга маъқул бўлди ва ЎзХДПга аъзо бўлдим. Энди унинг Дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга ҳаракат қиламан.

Тажрибадан маълумки, партиянинг дастурий мақсадларини изчил амалга оширишда бошланғич ташкилотлар фаолияти муҳим ўрин тутади. Чунки улар партиянинг халқ орасидаги асосий бўғини ҳисобланади. Шу боис электорат билан бевосита алоқа ўрнатиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ечими юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича юқори партия ташкилотлари фаолияти самарали бўлиши ҳам улар ташаббускорлигига боғлиқ.

Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиникада ташкил этилган ЎзХДП бошланғич ташкилоти ишини бу борада намуна қилиб кўрсатса арзийди.

— Айни кунда поликлиникамиз ходимларининг 112 нафарини ЎзХДП аъзолари ташкил этади, — дейди бошланғич партия ташкилоти етакчиси Наргиза Насриддинова. — Бу катта имконият дегани. Партия дастурий мақсадлари ижросини таъминлаш, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда хайрихоҳларимиз орасида тарғибот ишларини кучайтиришда ҳар бир аъзо муносиб иштирок этишга интилмоқда. Яқинда сафимизга қўшилган 9 нафар ходимимиз ҳам улар билан елкама-елка туриб, янги-янги ташаббусларни илгари сураяпти. Аъзоларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш мақсадида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида турли ўқувлар ўтказяпмиз. Шунингдек, ЎзХДП туман кенгаши билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Яқинда «Электорат манфаатларини ҳимоя қилишда ЎзХДП ташкилотлари ва гуруҳларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш масалалари», «ЎзХДП дастурида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва мавқеини ошириш масалалари» мавзусида сиёсий ўқувлар ўтказилди.

— Партиямиз Сайловолди дастурида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган, — дейди поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Муқаддас Раҳматуллаева. — Шу боис поликлиникамиздаги бошланғич партия ташкилоти бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келяпти. Хусусан, бошланғич ташкилотимиз фаоллари ташаббуси билан тиббий-ижтимоий ҳолатни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш, электоратнинг тиббий маданиятини ошириш мақсадида аҳоли билан бевосита мулоқот олиб борилмоқда. Аъзоларимиз партиянинг ғоялари жамиятда ўз аксини топишидан манфаатдор эканликларини яхши билишади.

Партиянинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари тўла-тўкис адо этилиши кўп жиҳатдан аъзоларнинг ҳар бири ўз бурчини чуқур англаши, ижтимоий-сиёсий фаоллигига боғлиқ. Ана шундагина партиянинг таъсир кучи юқори бўлади.

Бунда бошланғич партия ташкилотларида ишнинг тўғри ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Наргиза ҲУСАНОВА



DB query error.
Please try later.