Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
27.05.2014

ЎЗБЕКИСТОН — ЛАТВИЯ: ҲАМКОРЛИКНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

2014 йил 27 май куни Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи бошланади.

Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва манфаатдорликка асосланади. Ҳозирги пайтда бундай муносабатлар изчил ривожланмоқда ва тобора кенгайиб бормоқда.

Ўзаро алоқаларни бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда мустаҳкамлаш икки дўст давлат ташқи сиёсатининг устувор қирраларидан бири бўлиб қолди. 1992 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон ва Латвия ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганидан сўнг 40 дан зиёд давлатлараро шартномалар ҳамда ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган мазкур ҳужжатлар ўзаро шерикликнинг ривожланиши учун асос бўлмоқда.

Томонларнинг самарали ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан боришга бўлган интилишини олий даражадаги мунтазам учрашувлар тасдиқлайди. Президент Андрис Берзиньшнинг мамлакатимизга бўлажак ташрифи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил октябрь ойида Латвияга буюрган давлат ташрифининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Шуни қайд этиш жоизки, икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида конструктив ва мунтазам маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 1997 дан 2014 йилгача бўлган даврда маслаҳатлашувлар тўғрисидаги Протокол 1995 йили имзоланган эди. Шунга асосан, ташқи ишлар вазирликлариаро маслаҳатлашувларнинг 13 раунди ўтказилди.

Парламентлараро алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда, парламент аъзолари делегацияларининг мунтазам алмашувлари амалга оширилмоқда, икки мамлакатнинг қонун ижодкорлиги фаолияти соҳасидаги тажрибалари ўрганилмоқда ва бир-бирини тўлдирмоқда. 2010 йили Латвия Сеймида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ таъсис этилди. Ўз навбатида, 2012 йили Ўзбекистон парламентида ҳам Латвия Сейми билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ тузилди.

2002 йили имзоланган Терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишлари билан курашда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимга мувофиқ, бу соҳадаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Латвия Қўшма комиссияси таъсис этилган. Унинг иккинчи мажлиси 26-30 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Латвия Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериклари учлигига киради. 2013 йил якунларига кўра, товар алмашув ҳажми 248,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, қайта ишланган нефть маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, дори-дармон препаратлари, минерал ўғитлар, рангли металл ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилади. Латвия, ўз навбатида, мамлакатимизга тўқимачилик, электротехника, машинасозлик тармоқлари учун асбоб-ускуналар, озиқ-овқат, фармацевтика маҳсулотлари, оптика ускуналари етказиб беради ҳамда транспорт хизматларини кўрсатади.

Икки мамлакатнинг сармоявий ҳамкорлиги изчил равишда мустаҳкамланмоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокидаги 22 корхона фаолият юритмоқда. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Латвиянинг 19 компанияси ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Транспорт соҳаси Ўзбекистон — Латвия ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатларимиз олдида асосий минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиш мақсадида амалдаги транспорт йўлаклари рақобатбардошлигини ошириш, бунинг учун мавжуд транзит салоҳиятидан юқори даражада фойдаланиш вазифаси турибди. Шу ўринда қайд этиш зарурки, ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари Латвия портлари орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб берилмоқда, халқаро темир йўл юклари ташишнинг ҳажми эса 2013 йили 146 минг тоннадан ошди.

2014 йилнинг 16-17 апрель кунлари Ригада ўтказилган Иқтисодий, саноат ва илмий техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда ишбилармон доираларнинг қўшма бизнес форуми Ўзбекистон ва Латвия шериклик алоқалари мустаҳкамланишида муҳим воқеа бўлди. Мазкур анжуманлар якуни иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаол ҳамкорлик учун салмоқли салоҳият ва имкониятлар мавжуд эканлигини яна бир бор намоён қилди.

Маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбек халқи, унинг бой илмий, маданий ва маънавий меросига ҳурмат рамзи сифатида Ригада буюк бобокалонларимиз Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино ҳайкаллари қад ростлаган. Мунтазам равишда бадиий кўргазмалар ва суратлар кўргазмалари ўтказилмоқда, концертлар ташкил этилмоқда, икки мамлакатнинг фольклор жамоалари Ўзбекистон ва Латвияда ўтказиладиган турли маданий тадбирларда қатнашмоқдалар. Жумладан, 2013 йили «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивалида Латвиянинг «Диана Пирагс ва Чоколад» ҳамда «Талси» мусиқа гуруҳлари муваффақиятли равишда иштирок этишди. Латвия миллий операси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри ўртасида йўлга қўйилган ўзаро ижодий алоқаларнинг кўламлари тобора кенгайиб бормоқда.

Таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Латвия таълим ва илм-фан вазирлиги ўртасида имзоланган Таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим доирасида 2012 йилнинг 13 ноябрида бўлиб ўтган Доимий икки томонлама комиссиянинг биринчи йиғилиши ушбу жабҳадаги алоқаларнинг жадал ривожланаётгани ва улар чуқурлашиб бо-раётганига мисол бўла олади.

Хулоса тариқасида шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Ўзбекистон Республикасига буюражак расмий ташрифи муҳим воқеа бўлиши баробарида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги серқирра муносабатларнинг тараққиётида янги саҳифа очади.

«Жаҳон» АА



DB query error.
Please try later.