22.05.2014

КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

кучли сиёсий партиялар орқали шаклланади

Демократлаштириш изчил ва мунтазам ривожланадиган жараён бўлиб, халқ ҳокимиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар учун ҳуқуқий майдонни кенгайтиришга шароит яратади. Янги конституциявий нормалар, қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса ана шу мақсадларга хизмат қилади. Зеро, кучли фуқаролик жамияти, аввало, кучли сиёсий партиялар воситасида шаклланади.

Мамлакатимизда ривожланган демократик давлат қуриш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Айниқса, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш тамойилларини янада мустаҳкамлаш, ижро ҳокимияти масъулиятини ошириш, унинг устидан жамоатчилик назоратини тизимли ўрнатиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада давлат органлари устидан парламент ва жамоатчилик назорати кучайиб, бу жараёнда сиёсий партияларнинг роли тобора ошиб бормоқда.

«Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш» концепциясига мувофиқ, бир қатор қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши бу йўналишдаги ҳуқуқий механизмларнинг самарали ишлашини таъминламоқда. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўз-гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда «Сиёсий партиялар тўғ-рисида»ги қонуннинг такомиллаштирилиши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ваколатларини ошириб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари устидан назоратни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Демократик тамойиллар сиёсий партияларнинг жамиятда қандай ўрин тутиши, аҳоли орасида қанчалик нуфузга эга экани билан белгиланади. Мамлакатимизда демократик талаблар асосида яратилган қонунчилик базаси туфайли сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги муҳим масалаларни ҳал қилишдаги иштироки йилдан йилга кенгайиб, нуфузи ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари сони жиҳатидан мамлакатда етакчи ҳисобланади. Шу боис халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳларининг ташаббускорлигини ошириш, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни ўрганиш, уларни амалиётга жорий этиш масалаларига эътиборни кучайтириш лозим. Шунда партия гуруҳларининг ваколатларидан унумли фойдаланиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан ўз позициясини намоён қилиш, ҳудудий ривожлантириш дастурларига таклифлар бериш, мансабдор шахсларнинг ҳисобларини эшитиш борасидаги ташаббуслари янада кўпайишига эришамиз.

Жасур ҚУЛМУҲАМЕДОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Конституциямизнинг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда фуқаролик жамияти қуриш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Унда белгиланган нормалар Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг масъулияти, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисобдорлигини ошириш, шу орқали ҳокимият тизимларининг ўзаро тийиб туриш тамойилини мустаҳкамлаш, ижро ҳокимияти устидан тизимли назорат ўрнатишда муҳим аҳамиятга эга.

«Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши эса партия гуруҳларининг тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти юзасидан ҳисоботини ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида эшитиш ҳақида таклифлар киритиш борасидаги ваколатларини янада кенгайтирди.

Бунинг натижасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳларининг мансабдор шахслар ҳисоботларини эшитиш амалиёти тизими шаклланмоқда. Хусусан, яқинда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳимиз томонидан «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг Тошкент шаҳридаги ижроси тўғрисидаги масала ўрганилди.

Бу жараёнда Халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аваз Мамаджонов, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ворисхон Акайдинов, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш департаменти бўлим бошлиғи Бахтиёр Ҳайдаров, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Юнусжон Насимжоновларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Эшитув натижаларига кўра, аниқланган камчиликлар таҳлил этилди, депутатлар томонидан уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар берилди.

Албатта, ҳисоботларни эшитиш жараёнида биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаати, бюджет маблағларининг манзилли етиб бориши, Давлат дастурлари ҳамда ҳудудий ривожлантириш дастурларининг ўз вақтида самарали бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг шу даврига қадар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз ташаббуси билан 20 га яқин мансабдор шахснинг ахборот ва ҳисоботлари эшитилди.

Абдуносир ҚОСИМОВ,

халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар депутатлик назорати механизмларини янада мустаҳкамлади. Эндиликда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари вилоят ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси ҳуқуқига эга бўлди. Бу норма биринчи навбатда ижро ҳокимияти раҳбарларининг жавобгарлигини оширса, иккинчидан партия гуруҳларининг масъулиятини кучайтиради. Масалага чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, шу нарса ойдинлашадики, муайян ҳудуддаги муаммо ёки ечилмай қолган масала учун фақатгина ҳокимлик мутасаддилари эмас, балки депутатлар ҳам бирдек жавобгар бўлади.

Шунингдек, депутатларнинг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раисига ва Вазирлар Кенгашига, вазирларга ҳамда бошқа давлат органлари раҳбарларига, ҳокимларга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликлар бўлимлари ва бошқармаларининг раҳбарларига, шунингдек, тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқлари янада кенгайди.

Айтиш лозимки, 2014 йилнинг дастлабки чорагида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари томонидан турли ижтимоий-иқтисодий масалалар, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан мансабдор шахсларга 200 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Жумладан, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан 10 га яқин, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз томонидан эса 20 дан ортиқ депутатлик сўровлари жўнатилган.

Демократлаштириш изчил ва мунтазам ривожланадиган жараён бўлиб, халқ ҳокимиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар учун ҳуқуқий майдонни кенгайтиришга шароит яратади. Янги конституциявий нормалар, қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса ана шу мақсадларга хизмат қилади. Зеро, кучли фуқаролик жамияти, аввало, кучли сиёсий партиялар воситасида шаклланади.

Буни, аввало, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари тўғри англаши, яратилаётган шарт-шароит, берилаётган ваколат ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни тўлақонли амалга ошириши, халқ фаровонлиги, мамлакат тараққиёти кўп жиҳатдан уларга боғлиқ эканини чуқур ҳис қилиши зарур.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.