22.05.2014

СИЁСИЙ ВА ФУҚАРОЛИК МАЪРИФАТИ ТИЗИМИ

электоратнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва сиёсий модернизация жараёнларининг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигига боғлиқдир.

Чунки киши фуқаролик бурчи ва масъулиятини чуқур ҳис қилса, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар моҳиятини теран англаса, унда элу юрт равнақига дахлдорлик туйғуси кучаяди. Шу боис ЎзХДП Марказий Кенгаши ва ҳудудий партия ташкилотларида 2006 йилдан бери мунтазам равишда сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида сиёсий ўқув семинарлари ўтказиб келинмоқда.

Бугун давр олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарур, деб таъкидлади.

Демак, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимини янгилаш, сифат жиҳатдан кучайтириш, ўқув-семинарлар самарадорлигини янада ошириш борасидаги ишларимизни кучайтиришимиз керак.

Шу йилнинг ўтган тўрт ойида партия Марказий Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда йирик бошланғич партия ташкилотларида тизимли равишда 3000 га яқин ўқув ўтказилиб, уларда 90 минг нафардан ортиқ тингловчи қатнашди. Мазкур ўқувларда Президентимиз маърузалари мазмун-моҳиятини тушунтириш, депутатлик назоратини қўллаш амалиётини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, электорат манфаатини ҳимоя қилишда партия фаоллари ва депутатлар иштирокини кенгайтириш каби қатор масалалар муҳокама этилди.

Жумладан, партиянинг Қорақалпоғистон республика, Жиззах, Самарқанд, Хоразм вилоят ҳамда Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан ташкил этилган сиёсий семинарларда замонавий интерактив ва сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш, ўқувлар мавзусини ёритишда профессионал маърузачиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Айтиш ўринлики, сиёсий машғулотларда депутатлар ва ҳуқуқшунослар иштирокини таъминлаш яхши самара бермоқда. Янги қабул қилинаётган қонунлар аҳамияти, сиёсий партия ва депутатларга берилган ваколатлар, депутатлик назорати мавзулари кўпчиликда қизиқиш уйғотмокда. Шунингдек, суҳбатлар асносида демократик ислоҳотларда фаол иштирок этиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ташаббускорлигини ошириш, партия электорати манфаатларига жавоб берадиган, партия дастурий ҳужжатларида акс этган ижтимоий муаммоларни жойларда ҳал этиш билан боғлиқ масалаларда партия фаоллари, электорат вакилларидан таклифлар олиняпти.

Сиёсий ўқувларни юқори савияда ташкил этиш машғулотни олиб борувчи модераторлар маҳоратига, семинар машғулотларининг ўқув-услубий ва тарқатма материаллар билан таъминланишига боғлиқ. Шунинг учун жойлардаги сиёсий ўқувлар маърузачилари ва модераторлари учун ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган семинарларнинг барча материаллари услубий қўлланма сифатида тарқатилиб, туман ва шаҳар партия кенгашларига етказилмоқда.

Бугунги кунда партия Марказий Кенгаши томонидан ўқув машғулотларини ўтказиш жараёнида орттирилган тажрибани атрофлича ўрганиш ҳамда фойдаланилмаган имкониятларни тўлиқ ишга солиш чоралари кўриляпти. Соғлом бола йилида партиянинг минтақавий, маҳаллий ва бошланғич ташкилотларида ўтказиладиган сиёсий ўқувлар самарадорлигини ошириш, уларда ҳаётий долзарб масалаларни муҳокама қилиш юзасидан муҳим вазифалар белгиланди. Уларнинг ижросини таъминлаш партия етакчилари ҳамда фаоллари сиёсий ўқувлар аҳамиятини қай даражада чуқур англаши ва ташаббускорлигига боғлиқ.

Партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанг тарзда юртимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни электорат орасида тарғиб этишда бошланғич партия ташкилотлари имконият-ларидан тўла фойдаланиш, айниқса, маҳаллалар билан ҳамкорликда кўпроқ аҳоли орасига кириб бориб, улар иштирокида сиёсий ўқувлар ишини фаоллаштириш зарур.

Туман ва шаҳар партия кенгашлари бошланғич партия ташкилотларида сиёсий ўқув машғулотлари ўтказишга доир тавсиялар алоҳида услубий йўриқномалар ишлаб чиқиб, ўқув машғулотларига профессионал маърузачиларни жалб қилишлари, ўқувларни ғоявий-ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказишга алоҳида эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир. Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ташкил этилаётган ўқув машғулотлар таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш учун изчил изланиш керак бўлади.

Сиёсий ўқувларни ташкил этиш ва ўтказиш тажрибасидан келиб чиқиб, машғулотлар замонавий усулларда ташкил этилса, бу борада ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан берилган тавсияларга амал қилинса, сиёсий-маърифий ўқувлар таъсирчанлиги ва самарадорлиги ортиб, партия электорати вакилларининг сиёсий-ижтимоий фаоллиги янада кучаяди.

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.



DB query error.
Please try later.