20.05.2014

ЮРТДА ТИНЧЛИК БАРҚАРОР ЭКАН,

барча эзгу ғоялар рўёбга чиқади, ёшлар соғлом камолга етади

Фарзандларимиз соғ-саломат униб-ўссин, Ватан корига ярайдиган инсон бўлиб улғайсин. Бу ҳар бир ота-онанинг дилидаги эзгу ният, орзу-тилакдир. Юртимизда тинчлик ва осойишталик барқарор экан, бу истаклар амалга ошаверади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорликда «Ёшларни миллий ўзликни англаш, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда мафкуравий иммунитетини шакллантиришда Ўзбекистон ХДПнинг вазифалари» мавзуида ўтказган семинарда бу фикрлар қайта-қайта таъкидланди.

Тадбирда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент шаҳар ва вилоят партия кенгашлари фаоллари, партия гуруҳлари аъзолари ҳамда ёшлар қатнашди.

Семинарда Президент Ислом Каримовнинг шу йил 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда билдирган тинчликни асраш, тинчлик учун курашиш, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари мазмун-моҳиятини чуқур мушоҳада этиб, уларни кенг тарғиб қилиш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Таъкидландики, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси юртимиздаги осуда ҳаётнинг қадрига етиши, бугунги таҳликали ва нотинч даврда ҳар доим огоҳ ҳамда ҳушёр бўлиб яшаши зарур. Юртимиз ва унинг атрофида, халқаро майдонда юз бераётган воқеаларни чуқур таҳлил этиб, холис баҳолаб, шундан тўғри хулоса чиқариш муҳим аҳамиятга эга.

— Юртбошимизнинг ёшларга оид фикрлари мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тушунтириш, бу орқали уларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, уларда мамлакат тараққиётига дахлдорлик туйғусини уйғотишда партиямизнинг ҳам муносиб ўрни бўлиши керак, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. — Ёш авлодни ёт ғоя ва мафкуравий хуружлардан асраш, жамиятда соғлом фикрни ривожлантириш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Бугунги семинарни ташкил этишдан мақсад ҳам мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик дунёда ҳақли равишда эътироф этилаётганини, бу осойишта кунлар ўз-ўзидан бўлмагани, оғир ва машаққатли синовларни бошимиздан кечириш ҳисобига шу ёруғ кунлар келганини ёшлар онгига сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялаш масалаларини атрофлича муҳокама этишдир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга қаратилгандир. Ўз навбатида ёшлар илм-фан, спорт ва санъат каби соҳаларда эришаётган улкан ютуқлари билан кўрсатилаётган эътиборга муносиб бўлишга интилмоқда. Партиямиз сафидаги ёшлар ҳам ҳар бир соҳада фаол бўлиб, ўз билим ва иқтидорини Ватанимиз равнақи йўлида сарфлашига ишонамиз.

— Истиқлолнинг дастлабки кунларидан ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилгани, ёшлар сиёсати устувор йўналишлардан бири сифатида белгилангани замирида улкан маъно мужассам, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — 9 май куни давлатимиз раҳбари ҳар томонлама салоҳиятли ёшлар хусусида гапирар экан, жумладан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлади: «...эртанги кунимизнинг таянчи ва суянчи, давомчиси бўлган, тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фарзандларимизни кўриб, уларнинг чеҳрасига боқиб, олдимизда турган барча-барча юксак марраларни эгаллаймиз, эзгу мақсадларимизга эришамиз, ўз муродимизга етамиз, деган ишончимиз янада мустаҳкамланади».

Дунёнинг айрим мамлакатларида ўзаро низо, адоват, турли мафкуравий хуружлар кучайган, ёшларнинг таълим-тарбияси эътиборсиз қолаётган бир пайтда Ўзбекистонда ёшлар учун барча шароит ва имконият яратилаётгани қалбимизни қувончга, ғурурга тўлдиради, изланишга, яратишга ундайди...

— Юртимизда истиқлол йилларида бевосита ёшлар манфаатларига хизмат қиладиган, уларнинг сифатли таълим олиши, эркин касб танлаши ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашадиган 20дан ортиқ қонун қабул қилинди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — Ўзбекистон бу борада қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилди. Натижада ёшларимиз давр талабларига тўла мос келадиган, барча шароитларга эга ўқув масканларида таълим олмоқда, спорт мажмуаларида соғлиғини мустаҳкамламоқда. Хусусан, ўтган йили республикамизда 28 янги касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 объект, 131 касб-ҳунар коллежи ва лицейлар реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди.

Бу нимадан далолат беради? Бу, аввало, давлатимиз ёшлар учун ҳеч нарсани аямаётганини кўрсатади. Бундай эътибор ўз олдига катта марраларни қўяётган, бор кучи, билими ва ғайратини намоён этиб, дунёда ҳеч бир мамлакат ёшларидан кам эмаслигини исбот қилаётган йигит-қизларимизни янада юксак чўққиларни забт этишга рағбатлантиради.

— Бугун бизнинг партиямиз ўз сафида 110 мингдан ортиқ ёшни бирлаштирган, — деди халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Фарида Жўрабекова. — Демак, бу каби тадбирларни ёшлар иштирокида кенг миқёсда ташкил этиш, тадбирлар таъсирчанлигини кучайтириш, ёшларга ёшларнинг ўзлари орқали таъсир кўрсатишда биз катта имкониятга эгамиз. Уларни турли оқимлар таъсиридан асраш, тўғри йўл кўрсатишда биз фаоллар, депутатлардан катта масъулият талаб этилади. Айниқса, тинчликни асраб-авайлаш, бугунги кунимизга шукроналик ҳиссини фарзандларимизга сингдириш долзарб вазифадир. Йигит-қизлар билан жонли, самимий суҳбатлар уюштирсак, фикрларини астойдил тинглаб, ҳаётга қарашларини шакллантириб борсак, бу албатта ўз самарасини беради.

— Ҳақиқатан ҳам, бугун бутун дунёда ёшлар онги ва қалбини эгаллашга уринишлар кўзга кўринмас, илғаб бўлмас усулларда олиб борилмоқда ва чуқур илдиз отмоқда, — деди «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Нуршод Рамазонов. — Маънавий заиф, ўз мустақил фикри ва қарашига эга бўлмаган ёшлар уларнинг домига осонгина тушади. Шу боис «Истиқбол» ёшлар қаноти тенгдошларимизни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларнинг онгига миллий истиқлол ғояларини мустаҳкам сингдиришга интилмоқда. Бугунги тадбир бу борада биз учун жуда аҳамиятли бўлди. Билдирилган фикрлар асосида фаолиятимизни янада такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз.

Тадбирда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Назира Матёқубова, Дилбар Холиқова ҳам мавзу юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Қизғин савол-жавоб бўлиб ўтди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.